Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:25

Грузияда парламент сайлови ўтказилмоқда


Грузия Президенти Михаил Саакашвили (чапда) ва мухолифат лидери Бидзина Иванишвили.
Грузия Президенти Михаил Саакашвили (чапда) ва мухолифат лидери Бидзина Иванишвили.

Грузияда мамлакат сиёсий келажагини белгиловчи сайлов ўтказилмоқда. Душанба кунги сайловнинг ўта муҳимдир, чунки мамлакат сиёсий тизими ўзгартирилмоқда ва парламент ҳамда бош вазирга кўпроқ ваколат берилмоқда.

Грузия парламентидаги 150 ўрин учун 14та сиёсий партия ва иккита блок номзодлари даъвогарлик қилмоқда.

Президент Михаил Саакашвили етакчилигидаги “Бирлашган Миллий Ҳаракат” партияси 2003 йилги “Атиргул инқилоби”дан бери мамлакатни бошқариб келмоқда.

Бироқ, миллиардер Бидзина Иванишвили етакчилигидаги “Грузия орзуси” номли мухолифат коалицияси ҳокимият учун жиддий кураш олиб бормоқда.

Сиёсий кураш қизғин бораётгани учун, аксар кузатувчилар сайлов натижаларини олдиндан айтиш қийин, демоқда.

Пойтахт Тбилиси шаҳридаги сайлов участкасида овоз берган президент Михаил Саакашвили бугун “Грузия давлатининг тақдири ҳал бўлмоқда”, дея баёнот қилди.

Саакашвили Иванишвилини Кремл манфаатларига хизмат қилаётганликда айблади.

Россияда бойлик орттириб, ном қозонган Иванишвили Грузияни Россия ҳукмронлигига қайтариш ниятида экани ҳақидаги гап-сўзларни рад қилди.

- Бизнинг жамоага ишонишингиз мумкин. Бизнинг жамоа ҳокимиятни ўз қўлига олади ва ундан халқ манфаати йўлида фойдаланади. Биз сайловда ғалаба қозонишимиз керак,- дея баёнот берди Иванишвили.

Мухолифат президент Михаил Саакашвилини мамлакатда авторитар бошқарув тизими жорий қилганлик ва 2008 йилда Грузияни Россияга қарши урушга етаклаганликда айблаб келади.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари Грузияда ўтказилаётган сайловни “зиддиятли ва кескин” дея баҳолади.

Сайлов жараёнини 400дан ортиқ халқаро кузатувчи кузатмоқда.

Улар орасида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси матбуот котиби Нил Саймон ҳам бор. Саймон халқаро кузатувчилар Грузиянинг барча ҳудудларида овоз бериш жараёнини кузатаётганини айтди.

- Қизғин сайлов жараёнини ЕХҲТ, НАТО Европа Кенгаши ва Европа Парламентининг 400дан зиёд вакили кузатмоқда. Халқаро кузатувчилар мамлакатнинг барча ҳудудларида бугун бўлиб ўтаётган овоз бериш жараёнини кузатмоқда. Улар демократик жараённи кузатмоқда, деди Нейл Саймон.

Грузия парламентидаги 150 ўриннинг 77таси партиялар рўйхати бўйича сайланган номзодларга, қолган 73 ўрин мустақил номзодларга ажратилган.

Партия рўйхати бўйича сайловда иштирок этган партиялар парламентдан ўрин эгаллаши учун сайловчиларнинг камида беш фоиз, блоклар эса сайловчиларнинг етти фоиз овозини олиши керак.

Грузияда ўтказилаётган сайловда 3,6 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Марказий Сайлов комиссияси маълумотига кўра, душанба куни тушга қадар сайловчиларнинг 45 фоизи овоз берган.

Грузия қонунига мувофиқ овоз беришда қанча фуқаро қатнашишидан қатъи назар сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG