Линклар

Тошкентда Ўзбекистон-Британия кенгашининг йиғилиши ўтказилади


25 октябр куни Тошкентда Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг 19-йиғилиши ўтказилади.

Бу ҳақда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар Ўзбекистондаги Британия бизнес доиралари ва диаспораси вакиллари билан жума кунги учрашувда маълум қилди.

Элчига кўра, Британия элчихонаси Ўзбекистонда Британия бизнеси обрўсини ошириш ва британиялик ишбилармон доираларнинг фаолиятини рағбатлантириш бўйича иш олиб бормоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда Британиянинг Tethys Petroleum (нефт қазиб чиқариш), Rio Tinto (фойдали маъданлар қазиб олиш), ITE (кўргазмалар ўтказиш), WorleyParsons (машинасозлик), GlaxoSmithKline (фармацевтика), BAT (тамаки бизнеси), SNR Denton (юридик маслаҳат), Халқаро Вестминистер университети, Тошкентдаги Британия мактаби каби ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Лекин Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинган Британиялик ширкатлар ҳам бор.

Ўтган йили Британиянинг Oxus Gold ширкати активлари ҳукумат томонидан тортиб қўйилган. 2001 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келган Британия ширкати бизнесидан айирлган кўплаб хориж ширкатлари каби молиявий қонунбузарликлардан айбланди.

Ҳозирда Oxus Gold Ўзбекистон ҳукуматидан 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ундириб беришни сўраб халқаро арбитраж судига мурожаат қилган.

Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши 1994 йилда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва турли лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида тузилган.

2012 йилда мазкур Кенгашга Британия томонидан Буюк Британия парламенти аъзоси Питер Лилли, Ўзбекистон томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ҳамраис этиб тайинланган.
XS
SM
MD
LG