Линклар

logo-print

Каримов Ашхободга “сув излаб” кетди

  • Сарвар Усмон

Туркманистон Президенти Қурбонқули ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Туркманистон Президенти Қурбонқули ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

1 октябрда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга икки кунлик расмий ташрифи бошланди. Ўзбекистон раҳбарининг Ашхободга сафари Россия Президенти Владимир Путиннинг 5 октябр куни Душанбега қиладиган сафари арафасида ўтмоқда. Агар Путиннинг яқинда Бишкекка қилган сафари давомида сув-энергетика соҳасида Қирғизистон билан икки томонлама шартномалар имзолангани, Ўзбекистон раҳбарининг эса, бу соҳадаги кескин баёноти эсланса, Тошкент – Ашхобод ҳамда Москва – Душанбе сўзлашувларида сув масаласи асосий масалалардан бири бўлишини тахмин қилиш мумкин.



Ислом Каримовнинг Ашхободга ҳамда Владимир Путиннинг Душанбега ташрифи тўғрисидаги расмий хабарларда анъанавий ибораларни ўқиш мумкин: “кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиш режалаштирилмоқда”.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, Тошкент – Ашхобод ва Москва – Душанбе сўзлашувларида сув масаласи муҳокама қилинишига шак-шубҳа йўқ.

- Ҳозир минтақада ғалати вазият юзага келаяптида. Биз биламиз мана яқинда Ўзбекистон президенти Қозоғистон президенти билан учрашиб иккита дарëнинг юқори оқимида жойлашган иккита давлатга қарата мурожаат ҳам қилган. Бундан озгина ўтар-ўтмас Россия президенти Қирғизистонга ташриф буюрди. Ана энди Россия президенти Тожикистонга, Ўзбекистон президенти эса Туркманистонга, дейди Фарҳод Толипов.

Фарҳод Толипов минтақадаги жорий вазиятни “ғалати”, деб атади ва унинг фикрича, қисқа фурсат ичида воқеаларнинг бундай ривожланиши минтақада давлатлари ўртасида сув заҳиралари устида давом этиб келаётган можаронинг ечим топишига умид қилишга асос бўла олади.

- Бир томондан Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, иккинчи томондан Тожикистон билан Қирғизистон гуруҳлашув, иккига бўлингандай бўлиб туюлаяпти минтақа. Бу менинг назаримда носоғлом тенденция, носоғлом воқеаларнинг ривожланиши., дейди Фарҳод Толипов.

Унинг фиркрича, бу жараёнларнинг жадал ривожланаётганида Россиянинг ҳиссаси катта.

- Аслида Россиянинг президенти Ўзбекистонни ҳам мана шундай лойиҳаларга, гидроэлектроиншоотларни қуриш лойиҳаларига жалб қилиш учун даъват қилган. Юзаки қараганда Россиянинг президенти муносабатни бузишни истамагандек Ўзбекистон билан “Ўзбекистонни ҳам таклиф этамиз бундай лойиҳаларга” деб Қирғизистоннинг ўзида айтди. Лекин бундай мурожаатлар билан, бундай даъватлар билан масалани ҳал қилиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистоннинг позицияси азалдан маълум ва бундай иншоотларнинг қурилишига ҳеч қандай асос йўқ деб турган пайтда қандай қилиб иштирок этиши мумкин, дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистон президентининг Ашхобод сафари мана шундай мураккаб бир вазиятда кечмоқда.

Хўш, сув масаласида Ашхобод Тошкентнинг иттифоқчиси бўла оладими?

Туркманистон ҳукуматининг собиқ аъзоси, ҳозирда сиёсий муҳожир Худайберди Оразовнинг фикрича, “бўлиб келган ва бўлиб қолади”.

- Туркманистон ва Ўзбекистоннинг вазифаси битта – Амударёда сув камайиб кетишининг олдини олишдир, деди Худайберди Оразов.

Унинг фикрича, Тошкент билан Ашхобод ўртасида бу масала хусусида уйғун позиция бор.

- Масалага ёндошув бир хил, лекин қатъийликда тафовут бор. Тошкент назарида ҳам, Ашхобод назарида ҳам сув келишини чеклаш барча халқаро меъёрларга мос келмайди. Ўзбекистон бу масалани Туркманистонга қараганда қатъийроқ қўйиб келади, деди туркман мухолифатчиси.

Бас, шундай экан, Каримов ҳамкасби Бердимуҳаммедов билан сув масаласидаги позицияларини яна бир бор муқояса қилиб, уларнинг қатъийлиги даражасини бир хиллаштиришга уринади, деб тахмин қилиш мумкин.

Россия президенти Владимир Путиннинг Бишкекка 19 – 20 сентябр кунлари ўтган расмий сафари чоғида Ўзбекистон қурилишига қаршилик қилаётган Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини ҳамкорликда барпо этиш шартномаси имзоланган эди.

Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон президенти билан учрашувдан сўнг 7 сентябр куни Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлаган эди.

26 сентябр куни эса, ахборот агентликлари Қозоғистон президенти расмий сайтига таяниб, Назарбоев билан Каримов телефон сўзлашувида яна бир бор сув масаласидаги позициялари бир хил эканлиги ҳақида келишиб олганлари тўғрисида хабар қилди.

Тошкент ва Астана фикрича, Сирдарёнинг бошида қурилиши режалаштирилаётган гидротехника иншоотлари халқаро экспертизадан ўтказилиши ва бу масалада қарор қабул қилиш чоғида барча манфаатдор томонлар фикрлари инобатга олиниши лозим.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессияси доирасида куни кеча қилган чиқиши чоғида минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммога тўхталар экан, халқаро жамоатчиликни Амударё ва Сирдарё юқори қисмида улкан гидроиншоотлар қурилишининг хатарли оқибатларидан огоҳлантирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG