Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳаво йўллари SkyTeam альянсига қўшилмоқчи


SkyTeam альянсига қўшилиш учун авиакомпания парвозлар хавфсизлиги, хизматлар сифати, самолётлар қулайлигига доир талабларга жавоб бериши керак.

SkyTeam альянсига қўшилиш учун авиакомпания парвозлар хавфсизлиги, хизматлар сифати, самолётлар қулайлигига доир талабларга жавоб бериши керак.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати SkyTeam халқаро авиаташувчилар иттифоқига қўшилмоқчи. Ўзбекистон президенти буни амалга ошириш имконини берадиган қонунни қабул қилди. SkyTeam альянсига қўшилиш Ўзбекистон ҳаво ширкати ва мижозларига қатор имтиёзлар ва қулайликларни бериши мумкин. SkyTeam жаҳон бўйлаб авиа ширкатларни бирлаштирувчи учта йирик иттифоқдан биридир.



Президент Ислом Каримов ўтган ҳафта охирида “Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг SkyTeam халқаро альянсига қўшилиш имконини берадиган қонун лойиҳасини Олий мажлиснинг иккала палатаси август ойида маъқуллаган эди.

Ўзбекистон ҳаво йўлларининг дунёдаги йирик халқаро авиаташувчилар иттифоқларидан бирига қўшилиши ширкатининг халқаро меъёрларга мос тарзда ривожланиши учун катта имкониятларни очади, дейди компаниянинг шахси сир қолишини истаган мулозими.

“Биз кейинги қарийб бир йил давомида SkyTeam альянсига қўшилиш учун фаол ҳаракат қилиб келдик. Бундай интилиш ўзи анчадан бери бор эди, лекин сўнгги ойларда, тайёргарлик ишлари, айниқса, авжига чиқди. SkyTeam кўплаб йирик ва обрўли ширкатларни бирлаштиради, шунинг учун бу тузилмага қўшилиш Ўзбекистон ҳаво йўллари учун, биринчи навбатда, престиж масаласидир”,- деди ширкат вакили Озодлик билан қисқа суҳбатда.

Унинг айтишича, халқаро тузилмага қўшилиш учун қатор талаблар қўйилган, уларнинг асосийси парвозлар хавфсизлигининг таъминланганидир. “Ўзбекистон ҳаво йўлларида парвозлар хавфсизлигига катта эътибор қаратилган ва биз бу асосий талабдан бемалол ўта оламиз”, деди Ўзбекистон ҳаво йўллари мулозими.

SkyTeam альянсига асос солган ширкатлардан бири, Air France матбуот хизмати вакили Рафаэла Лиу Озодлик билан суҳбатда тузилмага қўшилиш учун парвозлар хавфсизлигидан ташқари, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатидан тортиб, самолётлар қулайлигига оид стантдартларга амал қилиш талаб қилинади, дейди. Унинг айтишича, дунё бўйлаб 18 та йирик ширкатни ўз ичига олувчи иттифоққа қўшилиш Ўзбекистон ҳаво йўллари, қолаверса, унинг мижозларига қатор имтиёз ва қулайликлар яратади.

- Биз барча хизмат ва махсулотларимиз сифатини юқори даражада ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Яъни SkyTeam иттифоқига аъзо ширкатлар хизматлари сифати бир хилда юқори даражада бўлади. Халқаро парвозларда учган бўлсангиз, биласиз SkyTeam аъзоларининг мижозлари аэропортларда алоҳида имтиёзларга эга, масалан, уларни регистрация қилиш, кўрикдан ўтказишда узоқ кутмасликлари таъминланади. Ёки SkyTeam иттифоқига аъзо бир ширкатдан олинган имтиёзли миляларни бошқа ширкатда учиш учун ишлатиш мумкин ва ҳаказо. Иттифоқимизга аъзолик авиа ширкатнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга ҳам кенг йўл очиб беради, чунки SkyTeam яна иккита йирик тузилма Star Alliance ва Oneworld альянслари билан доимий рақобатдадир, дейди Air France матбуот хизмати вакили Рафаэла Лиу.

Ўзбекистон ҳаво кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан миллий ҳаво ширкатининг йўловчилар ва уларнинг юкларини ташиш билан боғлиқ масъулиятини халқаро меъёрларга мослшатириш кўзда тутилган.

Ўзгартишлар шунингдек “Йўловчининг самолёт бортидаги ҳатти-ҳаракатларига доир қоидалар”ни ҳам белгилаб бериши айтилмоқда. Шу пайтгача бундай нормаларнинг Ўзбекистон ҳаво кодексида кўзда тутилмагани ширкатнинг халқаро иттифоқларга қўшилишига имкон бермаган.

Бош қароргоҳи Амстердамнинг Скипол халқаро аэропортида жойлашган SkyTeam альянси 2000 йилда Франциянинг Air France, АҚШнинг Delta Airlines, Жанубий Кореянинг Korean Air ва Мексиканинг Aeromexico ширкатлари томонидан тузилган. Ҳозирда тузилма ўз ичига олувчи авиакомпаниялар дунёнинг 186 мамлакатидаги мингга яқин шаҳрига парвозлар қилади. SkyTeam иттифоқига аъзо ширкатларда жами қарийб ярим миллион киши ишлайди.

Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиа компанияси 1992 йилда тузилган ва ҳозирда Америка, Европа ва Осиёдаги 40 дан ортиқ шаҳар бўйича парвозлар амалга оширади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG