Линклар

Грузия Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, сайлов бюллетенларининг 12 фоизи қайта ишланганидан кейин мухолифатдаги “Грузия орзуси” коалицияси 54 фоиз овоз билан олдинда бормоқда.

Президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси эса душанба куни ўтказилган сайловларда тақрибан 41 фоиз овоз йиғолган. Аввалроқ эълон қилинган экзит-полл натижаларига кўра ҳам шу каби кўрсаткич қайд этилганди.

Экзит-полл маълумотлари эълон қилиниши билан мухолифатнинг бир неча минг тарафдори ғалабани нишонлаш учун Тбилисидаги Озодлик майдонига йиғилди. Майдонга йиғилганларга мурожаат қилган мухолифат лидери Бидзина Иванишвили ўзи бошчилик қилаётган коалиция парламентда камида 100 ўринни олишига ишонч билдирди.

Грузия парламентидаги 150 ўриннинг 77 таси партиялар рўйхати бўйича сайланган номзодларга, қолган 73 ўрин мустақил номзодларга ажратилган.

Сўров натижаларига кўра ўтган сайловларда партия рўйхатлари бўйича мухолифат олдинда эканини Грузия президенти Михаил Саакашвили ҳам тан олди, бироқ у мажоритар округлар бўйича “Бирлашган миллий ҳаракат” катта фарқ билан ғалаба қозонганини таъкидламоқда.

- Биз ҳаммамиз, гуржилармиз, ҳаммамиз ўз мамлакатимиз фуқаросимиз, биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керак, ҳаммамиз демократик шароитда ишлашимиз керак, - деди Михаил Саакашвили “Евроньюс” телеканалига берган интервьюсида.

1 октябр куни Грузияда ўтказилган сайловларда 14 та сиёсий партия ва иккита блок иштирок этди, аммо “Грузия орзуси” ва “Бирлашган миллий ҳаракат”дан бошқа иштирокчилар ҳозирча парламентга кириш учун зарур бўлган 5 фоизли тўсиқдан ўтолмагани айтилмоқда.

Айни пайтда мухолифатчиларнинг парламент сайлови натижаларидан хурсанд экани кузатилади.

- Грузия тарихида биринчи марта фуқаролар ҳукуматни сайлов йўли билан алмаштиришга муваффақ бўлишди. Бу Грузия тарихида катта воқеадир ва у олтин ҳарфлар билан ёзилади, - деди “Грузия орзуси” лидери Бидзина Иванишвили "Евроньюс"га.

Грузия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, кечаги сайловда сайловчилар давомати 61 фоизни ташкил қилган, овоз бериш жараёнини 1500 дан зиёд халқаро кузатувчи, 60000 дан зиёд маҳаллий кузатувчи кузатиб борган.

Бугун ЕХҲТ кузатувчилар миссияси сайлов бўйича ўз ҳисоботини тақдим қилади. Буни Грузия расмийлари ҳам, мухолифат вакиллари ҳам сабрсизлик билан кутмоқда. Аввалроқ Грузия мухолифати ЕХҲТ кузатувчилари сайловларни ҳалол ва шаффоф дея эътироф олган тақдирдагина бу натижаларни тан олиши ҳақида билдирганди.

Парламент сайловларнинг расмий натижалари 20 кундан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG