Линклар

logo-print

Бишкеклик журналистлар Қирғизистон парламенти биноси олдида НТС телеканали парламент махсус комиссияси йиғинига киритилмаганига норозилик билдириб намойиш ўтказди.

Бишкеклик журналистлар парламент биноси олдида ўтказилган “Парламентга ўзимизни кўрсатамиз” деб номланган намойишга НТС телеканали билан бирдам эканликларини билдириш этиш учун келганликларни айтишди. Қирғизистон парламенти депутаталари Бишкекдаги машҳур телеканаллардан бири бўлган НТСга ўз йиғинларини ёритишга тўсқинлик қилган.

Журналистлар касаба уюшмаси раҳбари Мэри Бекешованинг айтишича, аввалари ҳам депутатлар оммавий ахборот воситаларига фаолиятига тўсиқлар қўйишга уриниб кўрган.

- Тадбирдан асосий мақсад - парламент йиғинларини ёритишдан асоссиз четлаштирилган НТС телеканали билан бирдам эканимизни кўрсатишдир. Журналистларнинг ҳеч қандай айби йўқ, улар парламентда содир бўлаётган ҳар бир воқеани қандай бўлса шундайлигича халққа еткизмоқда. Агар вазият шундай давом этаверса, парламент биргина НТС телеканалига эмас, бошқа оммавий ахборот воситаларига ҳам тақиқ қўйиши мумкин, - деди Мэри Бекешова.

Маълум бўлишича, 27 сентябрда собиқ президент Бакиевнинг мол-мулкининг таланиши юзасидан парламент махсус комиссияси йиғин ўтказган. Махсус комиссия Бакиевнинг мулкини талон-тарож қилиш ташкилотчиси сифатида айбланиб, Бишкекдаги қамоқхонада сақланаётган Абдулла Юсуповнинг кўрсатмалари нақадар ҳақиқатга тўғри келишини текшириши лозим эди. Абдулла Юсупов Бакиевнинг мулкини талон қилинишига парламентдаги ҳукумрон коалицияга кирган “Ата Макен” партияси вакиллари ҳисса қўшгани ҳақида кўрсатма берган эди. Депутатлар мазкур кўрсатма муҳокама қилинадиган йиғинга телеканал мухбирларини киритмаган.

Телеканалнинг янгиликлар хизмати бош муҳаррири Айдай Ивакованинг айтишича, журналистларга “Ата Мекен” партияси вакиллари қаршилик кўрсатган.

- Юсуповнинг кўрсатмаларини ўрганадиган комиссия ташкил этилганидан бери “Ата Мекен” партиясидан депутат бўлганлар бизга салбий муносабатда бўла бошлади. Мухбирларимизни йиғилишга ҳам киритишмади. Комиссиянинг иши нафақат “Ата Мекен”га, балки бутун қирғизистонликларга тегишли. Биз бу маълумотни тарқатиб, ўз вазифамизни бажараяпмиз холос, - деди Айдай Ивакова.

Айтиб ўтиш керакки, Абдулла Юсуповнинг кўрсатмаси ҳақидаги ахборотни биринчи бўлиб НТС телеканали эфирга узатган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ата Мекен” партияси НТС телеканали собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабановнинг буюртмаси билан ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотни тарқатган, деб ҳисоблашини билдирмоқда.

- НТС телеканали Бабановнинг қўлидаги бир қурол. Бабанов бу телеканални босиб олиб, ундан бойлиги ва эркинлиги сақлаб қолиш учун фойдаланмоқда. ”Ата Мекен” фракцияси оммавий ахборот воситалари ҳуқуқини бузгани йўқ. Негаки бу комиссия йиғилишига НТСдан бошқа ҳеч ким келмайди. Шунинг учун ҳам депутаталар комиссия йиғинини биргина НТС эмас, бошқа ахборот воситалари ҳам ёритишини талаб қилишди. Комиссиянимнг айрим аъзолари йиғилишга бошқа журналистларни таклиф қилмай, фақат НТСни чақиришмоқда ва бу орқали жамоатчиликка нотўғри маълумот етказишмоқда, -деди Ўмурбек Текебаев.


Ўтган йили Қирғизистон парламенти Бишкекдаги 5-канални бир ёқлама ахборот тарқатишда айблаб, парламент йиғинларини ёритишни тақиқлаган эди. Фуқаролик жамияти босими остида кейинчалик бу қарор бекор қилинган.
XS
SM
MD
LG