Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:51

1 октябр: кимга аза, кимга маза?!


1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни яқинлашиши билан юрагим қафасга қамалган қушдек безовта типирчилай бошлайди. Қани энди, имкон бўлса-ю, календарда алвон рангда белгиланган шу байрам яқинлашганда у ёқ-бу ёққа қуён бўлворсанг!..


1 октябр арафаси. Ишдан ҳориб келиб, эскироқ бўлсаям қадрдон телевизорни томоша қилиб ўтирсам, хона эшигини аста тақиллатиб катта ўғлим кириб келди. Ўзи 8-синфда ўқийди-ю, муомаланинг ҳадисини олган. Кифтини келтириб, қироат билан салом берди. Ҳмм, салом беришни жойига қўйяптими, муллажиринг сўрайди азамат!
Адашмабман. Ўқитувчиларига совға учун пул керак экан. Тил-адабиёт, математика, инглиз тили, зоология ва физика домлаларини байрам билан табрикламоқчи.

Аслида, ўқитувчилари кў-ўп, лекин бешта устозига ҳурмати баланд. Шунга “атиги” (ўғилчанинг таърифи) 15 минг сўмдан жами 75 минг сўм керак. Нақд бўлгани яхши экан. Пластикка яхши совға-салом ололмасмиш.

Ўтмиш сарқити деб эски мактабни қоралаймиз-у, лекин шунақа пайтларда, гаврон билан калтаклашини айтмаса, эски мактаб кўзимга аъло кўриниб кетади-да. Нега дейсизми? У пайтлар ҳар бир предметга биттадан ўқитувчини овора қилмасдан, уч-тўртта фанни кўтарасига биттаси ўтиб қўя қолган. Демак, совғалар сони ҳам унақа кўп эмас, “оптом”ига бўлардими дейман-да...

Бола кўнглига қарамасангиз бўлмайди, кейин, совға олиб келган синфдошлари олдида боши хам бўлиши ҳам бор! Ўйлай-ўйлай, янги телевизор учун йиғиб қўйилган пулдан беришга қарор қилдим. Муроди ҳосил бўлгач, хонадан секингина сирғалиб чиқиб кетди.

Бир чой қайнагулик фурсат ўтмай, акаси ортидан 4-синфда ўқийдиган қизим кириб келди. Шу ўртанчам жудаям бийрон, жудаям билағон-да, ғиж-биж ақл, оғримаган бошни ҳам оғритиб ташлайди. У ҳам ўқитувчиларига байрамлик қилмоқчи. 40 мингча керак экан.

Ҳеч тушунмайман, бу мактабми ё солиқ идорасими, а?! Ҳали у, ҳали бу баҳоналар билан пул йиғишади. Гоҳи 5 мингдан, гоҳи 10 мингдан. Камига, мактаб жамғармасига деб йил бошида 50 минг сўмдан сидрасига олишади. Бу пуллар қаерга кетади – бир худо, бир директорга аён...

Қизимга ҳам сўраганини бердим – телевизорга аталган пулнинг чўғи а-анча пасайди. Нима ҳам қилардик, жанг қурбонсиз бўлмаганидек, бугунги замоннинг мактаби ҳам чиқимсиз бўлмас экан.

Елкамдан тоғ ағдарилиб, энди хотиржам телевизор томошасига шўнғийман деганда бу йил боғчага чиққан кенжам кириб келди. Нима эмиш, у кишим ҳам тарбиячиларига совға қилиши керакмиш. Ие, бу ёғи қизиқ бўлди-ку. Бундан чиқди, 1 октябр боғча мураббийларининг ҳам байрами экан-да. Қизиқ, тўнғичим билан ўртанчам боғчага борганда ҳам, совға олиб борганмиди – паққос эсдан чиқиб кетибди, қаранг!

Телевизорга аталган маблағнинг буткул баракаси учди. Энди қолган-қутган сармояга бирорта мундайроқ радиоприёмник берса ҳам катта гап.

Янги телевизорга аталган пул қулоғини ушлаб кетгач, эски телевизорда кўрсатилаётган детектив филм ҳам кўзга хунук кўрина бошлади. Оёқнинг чигалини, кўнгилниг чигилини ёзиш учун “дом” ташқарисига чиқдим. Зинайўлак олдидаги ўриндиқда сигарет бурқситиб ҳов “Академгородок” томонда – илмий-тадқиқот институтида ишлайдиган қўшним ўтирибди. Ўлай агар мен гап бошлаган бўлсам, ёнига ўтириб ҳол-аҳвол сўрасам, у ҳам ўқитувчиларга совға пулидан арз этиб қолсами?!

Бирни кўриб шукр қил, деган эскилар. Мен осонроқ қутулдим-ов. Бояқиш қўшнимнинг фарзандлари меникидан салкам икки баравар кўп. Олдинма-кетин туғилган бешта боласиям мактаб-коллежга қатнайди. Билмадим-у, лекин унга телевизор тугул, музлатгичнинг пули ҳам етмас...
XS
SM
MD
LG