Линклар

Санкт Петербургда “Россия - имкониятлар мамлакати?” деб номланган ўйин ишлаб чиқилди. Ўйин иштирокчилари бюрократик, ижтимоий, маданий қийинчилик ва тўсиқлардан ўтиб, Россияда жойлашиб олган оддий меҳнат муҳожирининг “йўли”ни юриб ўтишлари зарур.



Петербурглик рассом Ольга Житлина ва “Мемориал” жамияти эксперти Андрей Якимовлар Россия мигрантлари учун мўлжалланган “Россия – имкониятлар мамлакати?” номли стол устида ўйналадиган ўйин тақдим этдилар.

Ғоя муаллифи – санъатшунос, бадиий куратор, видетасвирчи, Репин номидаги Санъат академияси аспиранти Ольга Житлина бундай ноанъанавий усулда Россияда яшаётган миллионлаб ҳуқуқсиз мигрантлар тақдирига жамоатчилик эътиборини қаратишга қарор қилганини айтади.

- Мен анчадан буён миграция мавзусида иш олиб бораман ва бир йил олдин бир гуруҳ рассомлар менга “Что делать?” газетасига миграцияга оид бир лойиҳа ишлаб чиқишни таклиф қилди. Мен унинг саҳифаларидан бирига ўйинни киритишни таклиф этдим ва кейинчалик газетада оқ-қора рангда чоп этилди. Лойиҳа устида аслида кўпчилик ишлади. Лекин унинг асосий вазифаси – ўзингни бошқа, турли хавфларга тўла ижтимоий ролда тасаввур қилишдан иборатдир. Бу ўйин бўлишига қарамасдан, кўп адреналин сарфлашингизга тўғри келади, жуда қўрқинчли,- дейди Ольга Житлина.





“Камбағаллар учун монополия” деб ҳам ном олган бу ўйин иштирокчилари миграция картасини олиш, қайдга туриш, ётоқ жойи ва иш қидириш, полиция ва скинхедлардан эсон-омон қутулиш, қулликка тушиб қолмаслик ва соғ-саломат уйга жўнаб кетиш каби турли тўсиқлардан ўтишлари керак.

Рассом Ольга Житлина ўйин нафақат муҳожирларга, балки “гастарбайтер тўнини” "кийиб кўрган" россияликларга ҳам қизиқ бўлиши мумкинлигини айтади. У Россиядаги мавжуд миграция сиёсати мигрантларни қонунларни бузишга мажбур этади, уларни мутлақо ҳуқуқий ҳимоясиз қолган қатламга айлантириб қўйган, дейди.

- Ўйиннинг мазмуни реалликни ўйин ёрдамида тасвирлашдир. Менимча, ҳар бир инсон бугунги дунё қандай эканини билиши шарт. Болалар мактабда биология, кимёни ўрганишади. Биз мигрант бўлмасак ҳам бу бизга тегишли борлиқ: ахир биз кунига уларнинг меҳнатидан фойдаланамиз – демак ҳар бир киши уларнинг ҳаёти қандай экани, у қанчалик мудҳиш эканини англаб етиши зарур,- дейди Озодликка “Россия – имкониятлар мамлакати?” ўйини муаллифи рассом Ольга Житлина.

Ўйинда 6 нафаргача одам иштирок этиши мумкин. “Мигрантлар монополияси” шартлари бир қарашда жуда осон: "шаш-беш" тошларини отиб турли шартлар тасвирланган катаклардан ўтиш зарур. Мақсад – соғ-омон уйга етиб бориш. Бироқ, ўйин давомида сизни “қора” бригадир “кидать” ёки “подставка” қилиши, иш берувчи ҳужжатларингизни тортиб олиши мумкин, қулликка тушиб қолсангиз ишлаб беришингиз зарур. Ундан ташқари, ҳар қадамда сиздан ҳужжат ва пул сўраётган полиция ходими турибди, қайд варақангиз қалбаки бўлиб чиқиши мумкин.

Полицияда шип-шийдон бўлиб чиқишингиз билан сизни бурчакларда тақирбошлар кутиб олиши ва яхшилаб дўппослаши мумкин. Ўйинни ютқазиб қўйсангиз, сизни депортация қилишади ва балансингизда қолган озгина пулни тортиб олишади.

Житлинанинг сўзларига кўра, ўйин аллақачон меҳнат муҳожирлари томонидан синалган. “Ҳар бир вазиятда улар бошидан кечирганларини эслаб, берилиб ўйнадилар”, дейди рассом.

Маълум бўлишича, лойиҳа муаллифлари қаторида “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази эксперти Андрей Якимов ҳам бор. “Ўйин шартлари мигрантларнинг кундалик ҳаётидан олинган”, дер экан, Якимов мазкур лойиҳа мигрантларга амалий кўмак бўлишига ишонишини гапиради.

- “Россия – имкониятлар мамлакати?” ўйини ҳуқуқ ҳимоясиси сифатидани фаолиятимиз давомида жамланган материаллар асосида ишлаб чиқилган. Биз доимий равишда мониторинг олиб борамиз, муҳожирлар учун жуда оғир нуқталарни аниқлаймиз, уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот йиғамиз. Бу ўйин эса шуларни ҳаммасини умумлаштирди, у оддий россияликларга ҳам фойдали бўлишига ишонаман.

Тасаввур қилинг, сиз тожикистонлик мигрантсиз, сиз муайян муаммоларни ҳал этишингиз керак – Россияга етиб боришдан, ишга жойлашишдан, пулингизни сақлаб қолиб, турмага ва полицияга тушмасдан, тинимсиз текширувлардан ўтиб, Худо кўрсатмасин, касал бўлиб қолишдан ёки скинхедлар томонидан калтакланишдан тортиб, “ажойиб диёр” Россияда йиққан пулларингизга оилангизни боқишингиз керак. Бу ўйин нафақат Россия миграция сиёсатининг аҳволига эътибор қаратади, балки биринчи навбатда фуқароларни толерантликка ўргатади,- дея хулоса қилди “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази ходими Андрей Якимов.

Андрейнинг айтишича, эндиликда мигрантлар тўғрисидаги ўйин янги рангли кўринишда чиқарилади.

“Россия – имкониятлар мамлакати?” ўйини “Кандинский премияси” лонг-листига киритилди ва Югорск биеналлесида биринчи ўринни эгаллади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG