Линклар

Эроннинг миллий пул бирлиги – риёлнинг АҚШ долларига нисбатан қиймати 2 октябр куни 9 фоизга пасайди. Теҳронда пул алмаштириш билан шуғулланувчи саррофларга кўра, сешанба куни бир АҚШ долларининг курси тахминан 37500 риёлга тўғри келган.



Душанба куни бир доллар 34200 риёлдан алмаштирилаётган эди.

Рейтерс ва Франс Пресс ахборот агентликлари хабарига кўра, Эрон риёли ўтган ҳафта бошидан бери тахминан 30 фоизга, 2012 йил бошидан бери 80 фоизга арзонлаган.

Ғарб давлатлари уранни бойитиш дастурини тўхтатиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият талабини бажаришдан бош тортган Эронга қарши қатор санкциялар жорий қилган.

Хусусан, жорий йил 1 июлидан бошлаб Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Эрондан нефт импорт қилишни тўхтатган.

АҚШ Давлат департаменти риёл қадрининг пасайгани Эронга нисбатан жорий қилинган халқаро санкциялар муваффақияти эканини билдирди.

Франциялик мустақил иқтисодчи Фаридун Ҳаванд Озодлик билан суҳбатда Эрон ҳукуматининг валюта заҳираси асосан нефт экспортидан тушгани боис нефт экспортининг камайиши риёл курсига салбий таъсир этиши табиийдир дейди.

- Эрон нефт экспорт қилувчи давлат. Эроннинг 85 фоиз хорижий валютаси нефт савдосидан келади. Валютанинг асосий эгаси давлат ҳисобланади. Агар нефт экспорти камайса, ҳукумат томонидан валюта бозорига камроқ пул ташланиши табиий. Натижада, доллар каби валюталар қадри кескин ошади, деди Фаридун Ҳаванд.

Иқтисодчилар Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод режими мамлакат иқтисодиётни самарасиз бошқаргани ҳам риёл қадри пасайиб кетишига ҳисса қўшган деган фикрда.

Фаридун Ҳаванд риёл қадрининг пасайишига олиб келган бошқа омиллар ҳам борлигини айтди.

- Айни пайтда, бошқа омиллар, жумладан, Эрондаги инфляция юқори экани, ички ва ташқи сиёсий вазият, Эрон иқтисодиёти ҳукумат томонидан қандай бошқарилаётганини ҳам инобатга олиш лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда риёл курсининг қанчалар ўзгаринини олдиндан айтиш қийин, дейди франциялик мустақил иқтисодчи Фаридун Ҳаванд.

Эроннинг Саноат ва конлар вазири Меҳди Ғазанфари сешанба куни риёл қадри пасайиб кетганиида пул алмаштириш билан шуғулланувчи саррофларни айблади.

Давлат радиосига берган интервюсида Ғанфари: “Хорижий валюта қадрининг ошиши фақат иқтисодий масала эмас. Валюта курси кўтарилишига хавфсизлик, сиёсат ва маданиятга алоқадор масалалар ҳам алоқадор. Афсуски, тегишли идоралар бунга қарши етарли чоралар кўрмаяпти”, деган.

Би-Би-Си маълумотига кўра, Эронда йиллик инфляция даражаси 24 фоизни ташкил қилмоқда.

Wall Street Journal газетасининг ёзишича, риёл курсининг кескин пасайиб кетгани эронлик тадбиркорлар фаолиятигага ҳам салбий таъсир эта бошлаган.
XS
SM
MD
LG