Линклар

logo-print

Мева-сабзавотни экспорт қилиш тартиби ўзгарди


Қозоғистон бозоридаги мева-сабзавот асосан Ўзбекистондан келтирилади.

Қозоғистон бозоридаги мева-сабзавот асосан Ўзбекистондан келтирилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги бўйича ишчи гуруҳи йиғилишида республикада бу йил етиштирилган қовун-тарвуз ва узумнинг мамлакат ташқарисига экспорт қилиш тартибини енгиллаштириш масаласи кўрилди.



Душанба кунги мажлис протоколи билан танишган "Ўзулгуржисавдоинвест" давлат ширкати мулозимининг Озодликка айтишича, бу мажлисда республикада қиш мавсуми учун картошка ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари заҳираси масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда мулозим йиғилишда шунингдек республикада бу йил етиштирилган қовун-тарвуз ва узумни мамлакат ташқарисига экспорт қилиш тартиблари кўриб чиқилиб енгиллаштирилганини маълум қилди.

Қовун-тарвузга яшил чироқ


Янги тартибга кўра, узум, қовун-тарвуз ва бошқа тез бузиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари юкланган машиналар, поезд вагонларининг божхона постида бир кундан зиëд тўхтатиб турилишига изн берилмайди.

Экспортга чиқадиган мева-сабзавот бир кун ичида божхона тарафидан расмийлаштирилиб мамлакат ҳудудидан чиқиши таъминланиши керак.

Полиз экинлари кўпайган мавсумда божхона ходимлари кучайтирилган режимда ишлаб, мамлакат чегараларида қишлоқ хўжалик маҳсулоти ортилган юк машинаси ҳамда вагонларнинг туриб қолмаслигини таъминлаш ҳам Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи протоколида тавсия қилинган.

Протоколга кўра, божхона постларида исковуч итлар сони оширилиб, текширув самараси яхшиланиши зарур.

Тошкентдаги “Агрофрукт” ширкатининг Озодликка ўзини Эркин деб таништирган вакилига кўра, шу кунларда полиз маҳсулотларини божхона кўригидан ўтказиш тартиби сал бўлсада тезлашган:

- Осонлашган тартиб бўйича олиб чиқяпмиз, лекин тўлов тарифлари ва ҳужжат тўлдириш эскича қолмоқда, дейди мава-сабзавот экспорти билан шуғулланадиган ширкат вакили.

Пули тўланмаган маҳсулот чегарадан чиқарилмайди


Четга чиқариладиган мева-чева ҳамда полиз маҳсулотларининг экспорт нархи, ишчи гуруҳ мажлиси протоколига кўра, Ўзбекистон ички бозоридаги 31 октябргача бўлган энг юқори нархдан келиб чиқиб белгиланади.

Айни шу жиҳати қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи ширкатлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

“Агрофрукт” ширкати вакилига кўра, кўп ҳолларда экспорт учун улгуржи нархлар ички бозор нархларидан арзон бўлиши мумкин.

- Бир неча минг тонна маҳсулот бир варакайига сотилганида бозор нархидан арзон бўлиши ва сотувчи ширкат учун фойдали бўлиши мумкин. Амалдаги тартиб эса нархни доимо баланд ушлаб туришни тақозо қилади. Тез бузиладиган маҳсулот ҳақида гап кетар экан бу доимо ҳам ўзини оқламайди, дейди “Агрофрукт” ширкати вакили.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорларни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги бўйича ишчи гуруҳи протоколидаги яна бир банд ташвишга солмоқда.

Протоколга кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти олдиндан пул тўланганидан кейингина амлага оширилади.

Яъни хориждаги харидор томонидан пули тўланмаган мева–сабзавот мамлакатдан чиқарилмайди.

Боз устига экспорт қилувчи ширкат маҳсулот учун валюта тушумининг 50 фоизини давлат банкига сотгани ҳақидаги ҳужжатни тақдим этмоғи лозим.

Бундан ташқари ўз маҳсулотини ташқарига олиб чиқмоқчи бўлган деҳқонлар маҳсулотни ўз ерида етиштиргани ҳақида махсус маълумот тақдим қилишлари зарур.

Бу ҳолат эса, мева-чева ортган юк машиналарининг чегарада туриб қолишига сабаб бўлаëтгани айтилди.

Ўзбекистон азалдан Қозоғистон ва Қирғизистонни мева-чева билан таъминлаб келган.

- Масалан, Ўш бозорида ош кўки ва қовуннинг 80 фоизи Ўзбекистондан олиб келтирилади, дейди ўшлик Ўктам ака.

Расмий рақамларга кўра, 2012 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан экспорт қилинадиган сабзавот ҳажми 4 фоизга ошган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG