Линклар

Бишкекда 3 октябр куни Оқ уй биноси олдида содир бўлган тартибсизликларда 10 одам жароҳатланди, улардан уч нафари яраланган.

Бишкекда 3 октябрда “Қумтор” олтин конини миллийлаштиришни талаб қилиб митинг ўтказаётган 1 500 га яқин одам ҳокимиятни қўлга олиш учун парламент биносига бостириб киришга ҳаракат қилди.

Маълумотга кўра, митингда нутқ сўзлаган “Ата Журт” партияси лидерларидан бири Қамчибек Ташиев намойишга йиғилганларни ҳокимиятни босиб олишга чақириб, бунинг учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олишини билдирганидан сўнг норозилар гуруҳи парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйга бостириб киришга ҳаракат қилган.

Бишкек. Отлиқ милиция Оқ уй атрофидаги майдонни назорат қилмоқда.

Бишкек. Отлиқ милиция Оқ уй атрофидаги майдонни назорат қилмоқда.

Бироқ парламент биносини қўриқлаётган 30 га яқин отлиқ ва 100 дан ортиқ пиёда милиция ходимлари ва ўргатилган махсус итлари бор хавфсизлик хизмати ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ қўллаб, босқинчиларин парламент биносидан қувиб чиқаришга муваффақ бўлди. Парламент биносидан қувиб чиқарилганлар ҳар томонга қочиб кетган.

Орадан бир оз вақт ўтгач “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев ва бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари КаМАЗ машинасига чиқиб, яна парламент биносига яқинлашишга ҳаракат қилди. Бироқ бу уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланди.

Намойиш ўтаётган Бишкек марказий майдонида куч қўлланиш ва парламент биносини тошбўрон қилиш ҳолатлари кузатилди.

Бишкек. Ички ишлар вазири милицонерларга қурол тарқатиш тўғрисида кўрсатма берди.

Бишкек. Ички ишлар вазири милицонерларга қурол тарқатиш тўғрисида кўрсатма берди.

Қирғизистон ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев парламент биноси олдидаги майдон тўлалигича милиция назоратида эканини билдирди. Унга кўра, парламент биносига бостириб кирмоқчи бўлганлардан бир гуруҳи қўлга олинган. Қўлга олишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

“Халқни ҳокимиятни босиб олишга ундаган депутат Қамчибек Ташиев масаласини Бош прокуратура ҳал қилади”, -деди ички ишлар вазири.

Қирғизистон Саломатликни сақлаш вазирлиги тартибсизликларда 10 одам жабрланганини, жумладан, 3 одамяраланганини билдирди. Норозиларни тарқатишда, расмий маълумотда айтилишича, резина ўқлардан ва кўздан ёш оқизувчи газлардан фойдаланилган. "Ата Журт" партияси лидери Қамчибек Ташиев оёғидан яраланганини айтган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги митингда 6 милиция ходими жабрлангани ҳақида маълумот тарқатди.

Айни пайтда қисқа меҳнат таътилига чиқиб, Туркияда дам олаётган президент Алмазбек Атамбаев тезликда Бишкекка қайтишини билдирди. Расмий маълумотга кўра, президент Бишкекка эртага етиб келади.

Сўнгги маълумотларга кўра, митингчилар эртага яна қайта тўпланишларини билдириб тарқаб кетганлар. Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов пойтахтда вазият тинч эканини, кучайтирилган милиция отрядлари ва Бишкек ҳарбий гарнизони шаҳарни назорат қилаётганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG