Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:49

Талабалар мажбуран ҳукумат нашрига обуна қилдирилмоқда


Тошкент ахборот технологиялари университети биноси
Тошкент ахборот технологиялари университети биноси
Тошкент Ахборот технологиялари университети талабалари стипендияларидан 32 минг сўмдан ушлаб қолиниши ҳақида Узметроном интернет газетаси ёзди. Бу ҳақда газетага гапирган университет домлаларига кўра, талабалар розилигисиз, стипендияларидан чегирилган пул ҳеч ким ўқимайдиган парламент ва ҳукумат газеталарининг марказлаштирилган обунаси учун сарфланади.

Тошкент Ахборот технологиялари университетининг исми сир қолишини сўраган 3-курс талабаси ҳам, Озодлик билан суҳбатда, стипендиядан Узметроном ёзгандай 32 минг сўм эмас, балки 37 минг сўмдан ушлаб қолинганини айтди:

- Ҳа, 37 минг сўмдан уриб қолди, тасаввур қилинг. Биз ёзнинг икки ойи ва сентябр учун стипендияни олдик. Пластикка 203 минг сўм ўтказишди. Қўлимизга 137 минг сўм олишимиз керак эди. Лекин бизга 100 минг сўм берди. 37 минг сўмни обуна учун ушлаб қолдик, деб айтишди. Тамом, бошқа гап йўқ,- дейди талаба.

Унинг айтишича, бундай ҳолат университетда биринчи бор рўй бермоқда. Бундан аввал ҳеч қачон талабалар стипендияларидан обуна учун мажбуран ушлаб қолинмаган.

Талабага кўра, қарийб беш миллион сўм контракт пули тўлаб ўқиётган талаба учун 37 минг сўм катта пул:

- 37 мингга бир ойга проездной олса бўлади, 37 мингга ярим йил кийишга ярайдиган битта оқ кўйлак олса бўлади ёки бу пулга бир йилга етадиган дафтар ва ручка олса бўлади,- дейди унверситет талабаси.

Озодлик мухбири бу масалага муносабат олиш мақсадида Тошкент Ахборот технологиялари унверситети ректоратига қўнғироқ қилди. Қабулхонада ишлайдиган, бироқ ўзини таништирмаган университет ходими, Озодлик билан суҳбатда, стипендиядан пул ушлаб қолинаётганига оид гапларни мутлақо рад этди:

- Бизларда бунақа нарса йўқ. Бу сафсата, бу ёлғон гап,- деб телефон гўшагини қўйиб қўйди, қабулхона ходими.

Ўзбекистонда ҳар йили обуна кампанияси мавсумида корхона ва ташкилотлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларини ҳукумат, парламент ва сиёсий партиялар газеталарига мажбурий обуна қилиш ҳолати кузатилади.

Илгари олийгоҳлар ўқитувчиларининг маошларидан мажбурий обунага ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Тошкент Ахборот технологиялари университети бу кампанияга энди талабаларни ҳам жалб қилган кўринади.

Тошкент Ахборот технологиялари университети 1955 йилда Тошкент электротехника алоқа институти замирида ташкил этилган.

Айни пайтда университетда ва унинг вилоятларидаги филиалларида 8500дан ортиқ талаба таҳсил олади.

Тошкент Ахборот технологиялари унвиерситети ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича таянч олий ўқув юрти муассасаси ҳисобланади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG