Линклар

logo-print

Актриса Шаҳзода Матчонова “Опа”нинг ғазабига учради


Айтилишича, Шаҳзода Матчонова Twitter орқали Гулнора Каримова билан айтишиб қолган.

Айтилишича, Шаҳзода Матчонова Twitter орқали Гулнора Каримова билан айтишиб қолган.

Ўзбекистонлик истеъдодли актриса Шаҳзода Матчонова Twitter тармоғидаги ёзишмалари сабабли “Опа”нинг, яъни Гулнора Каримованинг ғазабига учради.


Маҳаллий шоу бизнесга яқин манбага кўра, актрисанинг қора рўйхатга тиркалганига бир неча ой бўлган.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда фаол Шаҳзода Матчонова “гап келганда отасини ҳам аямагани” сабабли Каримованинг марҳаматидан мосуво этилган.

– Бунга бир неча ой бўлиб қолди. Шаҳзода Twitterда Гулнора Каримова билан дискуссияга киришган. Ўзи билсангиз керак, Матчонова Twitterда роса актив. Энди сўзма-сўз эмас-у, маъносини айтаман-да, “Опа” Шаҳзодага роллари ҳақида эътирозли гап ёзган. Шаҳзода гап келганда отасиниям аямайдиганлар хилидан. Ҳақиқатни тикка айтишга ўрганган қиз-да. Хуллас, эътирозни жавобсиз қолдирмаган. “Менга режиссёрлар қандай рол берса, шуни ўйнайман” деган мазмунда гап қилган. Энди ўзбекчилик, кейин “Опа” бунақа қарши жавобларга ўрганмаган-ку, Шаҳзодадан жаҳли чиқиб, уни запретга туширган,– дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган маҳаллий продюсер.

Шоу бизнесга яқин манбага кўра, Шаҳзода Матчонова Ўзбекистон расмий идоралари тузадиган исталмаган шахсларнинг умумий рўйхатига тиркалмаган. Актрисага татбиқ этилаётган тақиқ фақат Гулнора Каримова қаламравидаги ташкилотлар доирасида.

– Ўша воқеадан кейин Шаҳзода “Опа”га тегишли “TV Марказ”да чиқмай қолди. Фонд Форум уюштирадиган тадбирларга ҳам таклиф қилинмаяпти. Эшитишимча, “Опа”нинг жуда қаттиқ жаҳли чиққан-да. Шунинг учун ҳам яна уни кўриб баттар тутақмасин дейишса керак. Билмадим, ўша воқеа сабабми, охирги пайтларда уни филмларга кам таклиф қилишяпти,– деб фикрларини давом эттиради суҳбатдошимиз.

Актриса Шаҳзода Матчонова 2011 йилда Тошкентда ўтган биринчи “Олтин гепард” кинофестивалининг қиёфаларидан бири деб эълон қилинган ва тадбирда бот-бот сураткашлар нишонига айланган.

Аммо жорий йил 1 октябр куни бошланган ва ўзбек шоу бизнесининг барча таниқлилари жамланган иккинчи “Олтин гепард” кинофестивалида Матчоновага жой тегмаган.

– Бировнинг хатти-ҳаракатига баҳо беришга ҳақлиманми-йўқми, лекин битта гапи учун шундай талантли қизнинг йўли ёпилгани яхши бўлмади-да,– дейди маҳаллий продюсер.

Шаҳзода Матчонова 1987 йилда Нукусда туғилган. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Кинога 2007 йилдан туша бошлаган.

“Сўнгги лаҳза”, “Қалбим ўғриси”, “Ўзимдан ўзимгача” бадиий филмларидаги роллари билан тилга тушган. Ҳозирга қадар 20га яқин филмда ўйнаган. Актриса аввалроқ Каримова ташкил қилган M&TVA мукофотига ҳам номзод бўлган.

Матчонова Facebook, Twitter каби ижтимоий тармоқларда мунтазам кўриниш беради. Актриса ўз блогида 2011 йилги “Олтин гепард” намойишлари хусусида ҳам таассуротларини ёзганди.

Хусусан, хитойлик кинематографлар картинаси намойиш этилаётганда ўзбекистонлик санъат ва маданият намояндаларидан иборат элита зални “маданиятсизларча” тарк этганини “шармандалик” деб баҳолаганди.

“Маданий савия бўйича жуда пастда эканимизни, халқаро фестивалларга етишиш учун ҳали анча қовун пишиғи борлигини тушундим. Томошабинни бадҳазм филмлар билан озуқлантираётганимиз учун ҳам ўзимиз айбдормиз. Ҳақиқий кинони тушуниб, ардоқлагунимизча, бирмарталик филмларга қаноат қилиб юраверамиз. Башанг либосларга бурканган бу одамлар усти ялтироқ, ичи қалтироқ экани, маънавий қашшоқ эканидан уялиблар кетдим”, дея ёзганди актриса Шаҳзода Матчонова рус тилидаги шахсий блогида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG