Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

Каримов Туркманистондан қайтди


2 октябр куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга сафари тугади. Ташрифни ëритган Туркманистон телевидениесига кўра, икки давлат раҳбарлари Тожикистон ва Қирғизистонда қурилаетган йирик ГЭСлар юзасидан қўшма баëнот қабул қилган.

Баëнотга кўра¸ Тошкент ва Ашхобод Тожикистон ва Қирғизистондаги йирик гидроиншоотлар лойиҳалари жиддий экспертизадан ўтказилиши лозим.

"Марказий Осиë чегараларини кесиб ўтувчи дарëлардаги сув заҳиралари халқаро ҳуқуқ ва минтақа манфаатларидан келиб чиқиб, тасарруф қилиниши керак", дейилади баëнотда.

Қўшма баëнотда 1994 йили имзоланган БМТ конвенциясидан иқтибос келтирилади.

Конвенцияга кўра, чегаралар узра табиий оқадиган дарë сувлари минтақадаги барча давлатлар манфаатига тенг хизмат қилиши керак.

Айни конвенцияга мувофиқ, мазкур дарëларда гидроиншоотлар қуриш масаласи ҳам минтақадаги дарëга ëндош давлатлар билан бамаслаҳат қурилиши керак.

Баëнотдаги фикрлар икки давлат раҳбарлари тилидан Ашхободдаги матбуот анжуманида ҳам янгради.

Туркман телевидениeси берган лавҳада икки давлат раҳбарларининг нутқларидан узинтилар берилган:

- Сиз бизнинг яқин қўшнимиз ва оға-иниларимизсиз. Сизнинг бугунги ташрифингиз икки давлат орасидаги муносабатларни муҳокама қилиш учун яхши маврид¸ - деди Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.

Ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбари икки давлат ўртасидаги тижорий муносабатлардан қониқишини изҳор қилди.

- Мен шахсан ўта улкан миннатдорлик ва қониқиш билан Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айланмаси ярим миллиард доллардан ошганини таъкидлайман¸ - деди Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов.


Ўзбекистон Туркманистондан нефт маҳсулотлари оладиган бўлди

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 5 та келишув имзоланди.

Туркманистон телевидениeсининг хабар беришича¸ бу келишувларга кўра, Ўзбекистон тарафи бодринг, помидор ва ўғит етказиб беради.

Туркманистон тарафи эса Ўзбекистонга нефт ва газ конденсати сотади. Айнан мана шу келишувлар боис икки давлат ўртасидаги товар айланмаси яқин орада 1 миллиард долларга чиқиши кутилмоқда.


Туркманбошига таъзим

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташриф чоғида Туркманистон собиқ президенти Сапармурод Ниëзов қабрини зиёрат қилиб, гулчамбар қўйди.

Ашхободдан 20 км узоқликдаги Қипчоқ мавзеида Сапармурод Ниëзов мақбарасига ëндош Сапармурод ҳожи масжидига ташриф буюрган Ислом Каримов марҳум ҳақида илиқ гаплар айтгани туркман телевидениеси орқали намойиш қилинди.

Айни пайтда Туркманистоннинг жорий президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон президентини протокол доирасида совуққина қаршилагани кузатилди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов Каримовни аэропортда кутиб олгани йўқ.

Масалан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳар сафар Каримовни аэропортда қаршилагани кузатилган.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўғузхон саройида қабул қилинган Каримовга Туркманистон президенти ўзини шаклланган қатъий сўзли лидер тарзида муомала қилган.


Маҳтумқули сабоғи

Туркманистонда туғилиб Ўзбекистонда ижод қилаëтган ëзувчи Қуронбой Матризоев Ўзбекистон президенти Каримовнинг бундан олдинги Туркманистонга қилган сафарларида унга йўлдошлик қилган.

Бу сафарги ташрифни Туркманистон телеканали орқали Хоразмда кузатган Қуронбой Матризоев Озодлик билан суҳбатда бу икки давлат ҳозиргидан ҳам кўра яқинроқ муносабатларга лойиқ, деган фикрда эканлигини билдирди:

- Бу икки давлатни янада яқинроқ боғланишини истайман. Кимда нима бўлса, баҳам кўриб¸ бир-бировга зарар бермасдан яшаш керак. Маҳтумқули айтган мисра бор.

Мусулмонлар ëвлашса бир-бирига¸
Давлат қайтиб¸ динлар нуқсонга келгай.
Зулм айлаб, бир-бирин олса асирга¸
Фалак бу ишлардан пушмонга келгай.

Суҳбатдошга кўра, Ислом Каримов ташрифидан Туркманистонда яшайдиган ўзбеклар чандон хурсанд бўлишган.

Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебаб каби вилоятларида асосан ўзбеклар яшайди. Ўзбекистондаги расмий ҳисоб-китобларга кўра, беш миллионли Туркманистонда ўзбеклар аҳолининг 9,2 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро¸ Сурхондарё ва Қорақалпоғистон каби чегараолди ҳудудларида эса 150 мингдан зиёд этник туркман истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG