Линклар

АҚШ президентлигига номзодлар Барак Обама ва Митт Ромни сайловолди дебатларининг дастлабки раунди ички сиёсий масалаларга бағишланди ва халқаро матбуот бу тортишув Митт Ромни рейтинги ошишига хизмат қилганини таъкидламоқда.

3 октябр куни Колорадо штатининг Денвер шаҳрида бўлиб ўтган дебатда номзодлар мамлакат ички сиёсатига оид масалаларда ўз мулоҳазаларини билдиришди. АҚШ иқтисодиёти, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, давлат бюджети дефицитини камайтириш каби масалалар кўрилган бу мунозарани 50 миллионга яқин америкалик томоша қилгани тахмин қилинмоқда.

Президент Обама ўз маъмурияти саъй-ҳаракатлари туфайли АҚШ иқтисодиёти бўҳронли ҳолатдан чиқиб кетгани ва командаси томонидан тиббий суғурта тизимининг ислоҳ қилиниши АҚШ фуқаролари фаровонлиги учун хизмат қилганини билдирди.

Митт Ромни эса амалдаги президент (Барак Обама) сиёсати АҚШ иқтисодиётидаги ўсишни сустлаштиргани ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар аслида давлатга ҳам, фуқароларга ҳам ваъда қилинганидан кўра қимматроққа тушишини айтиб чиқди.



Ромни кўп масалалар, президент маъқул кўрганидек, федерал ҳукумат даражасида эмас, балки штатлар даражасида ҳал қилиниши зарурлигини қайд этди.

Ҳар иккала номзод ҳам америкалик сайловчилар учун энг асосий масала бўлган янги иш ўринларининг яратилишига алоҳида эътибор қаратишди.

- Ўзимнинг биринчи галдаги вазифамни Америкада иш ўринлари яратиш, деб биламан, - деди Митт Ромни. – Одамлар бунинг жабрини тортаяптилар. Келинг, сўнгги тўрт йил ичидаги фактларга мурожаат қилайлик. 23 миллион одам ишини йўқотди ёки иш қидирмай қўйди. Президент ўз лавозимини эгаллаган пайтда 32 миллион нафар америкалик озиқ-овқат нафақасини олиб турганди. Бугунги кунда 47 миллион киши нафақа олмоқда. Ўтган йили иқтисодий ўсиш ундан аввалги йилдагига қараганда пастроқ бўлди, аввалги йили эса икки йил олдингига қараганда пастроқ бўлганди.

Ромни бир миллион иш ўрни яратишни кўзда тутган иқтисодиётни соғломлаштириш бўйича ўз режасини баён қилди.

Президент Обама республикачилар Оқ уйни эгаллаб турган пайтда бу каби ғоялар амалда синаб кўрилганини ва улар ўзини оқламаганини айтиб, Ромнининг фикрларига эътироз билдирди.

- Менимча, оддий арифметика, соғлом фикр ва тарих бунинг иш ўринларини кўпайтиришга эришиш йўли эмаслигини кўрсатиб қўйди, - деди президент Обама. – Биз буларни аллақачон синаб кўрганмиз. Губернатор Ромни айтаётган гаплар 2001 ва 2003 йилларда бизга тиқиштиришмоқчи бўлишган ғояларни эслатаяпти. Бу ғояларнинг амалга оширилиши натижасида иш ўринлари яратиш суръати сўнгги эллик йил ичида энг суст бўлди, бу йилларда биз давлат бюджети профицитидан бюджет дефицитига ўтдик. Буларнинг ҳаммаси Буюк депрессиядан кейинги энг жиддий молиявий бўҳрон билан якун топди.

Дебат чоғида президентликка номзодлар иш ўринлари ва солиқ масалаларидагина эмас, балки давлат бюджети дефицити ва давлат қарзи бўйича ҳам тамоман фарқли қарашларда экани маълум бўлди.

Бу дебатлар Митт Ромни учун айниқса муҳим бўлди, бироқ сиёсатчиларнинг айтишларича, мазкур баҳс-мунозараларнинг сайловолди курашига таъсири катта бўлишига умид кам.

Кузатувчилар фикрича, дебатларнинг биринчи раундида Барак Обама бироз сусткашлик қилиб, самарали аргументлардан фойдаланиш имкониятини қўлдан бой берган.

Айни пайтда экспертлар бу борада хулоса чиқаришга ҳали эрталигини қайд этмоқдалар.

6 ноябрга белгиланган сайлов кунигача Обама ва Ромни 1,5 соатдан яна иккита дебат ўтказиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG