Линклар

TeliaSonera президенти швед депутатларига ҳисоб берди


 TeliaSonera президенти Ларс Нюберг.

TeliaSonera президенти Ларс Нюберг.

4 октябр куни Швеция парламенти қошидаги Саноат ва савдо қўмитаси вакиллари TeliaSonera президенти Ларс Нюберг ва соҳа бўйича масъул ҳукумат вазирини “ўзбеклар иши” юзасидан сўроқ қилди.

Акцияларининг 37 фоиздан кўпроғи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera президенти парламент махсус қўмитаси депутатлари билан ëпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган ушбу эшитувларда швед ва финн ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига киришига йўл очган келишув юзасидан жамоатчиликда кўпайиб бораëтган саволларга жавоб берди.

2007 йилда Ўзбекистон ҳукуматидан 3G мобил алоқа хизмати кўрсатиш учун лицензия олиш мақсадида TeliaSonera Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant Ltd ширкатига жами 320 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда тўлаган.

Ўзбекистон ҳукуматидан лицензия олишнинг¸ қонунга кўра¸ бепул бўлиши лозимлиги ҳам¸ Takilantнинг Ўзбекистон эмас¸ оффшор ҳудудда рўйхатга олингани ҳам¸ бу ширкат эгаси сифатида 22 яшар Гаяне Авакян деган телекоммуникация соҳасига мутлақ алоқаси қизнинг келтирилгани ҳам TeliaSoneraни бундай шубҳали келишувдан қайта олмаган.

Швед матбуоти TeliaSoneraнинг Takilant билан имзолаган келишуви аслида Ўзбекистондаги телекоммуникация бозорини назоратига олган Гулнора Каримовага берилган пора экани ва бу юзлаб миллионлик порани Ғарб банкларида легаллаштириш мақсадида¸ TeliaSonera Takilant билан биргаликда пул ювиш операцияларига аралашганини кўрсатувчи жиддий далилларни ўртага қўйди.

Озодликнинг Стокҳолмдаги манбаларига кўра¸ 4 октябр куни TeliaSonera президенти депутатларни ўз ширкатининг коррупция ва пул ювишга алоқаси йўқлигига¸ қолаверса¸ Ўзбекистон каби авторитар ва коррупцион режим билан бизнес қилиш орқали ахлоқ нормаларига хилоф иш тутмаганига ишонтиришга уринган¸ бироқ бунга кўп ҳам муваффақ бўла олмаган.

Эшитувлар ниҳоясида айрим депутатлар парламент биноси олдига йиғилган журналистларга¸ жуда кўп саволлар жавобсиз қолгани ва жараëннинг прокуратура томонидан жиддий текширилиши шарт экани ҳақида гапирганлар.

Айни пайтда¸ эшитувлардан чиққан TeliaSonera президенти Ларс Нюберг¸ ўз ширкати қонунга хилоф бирор иш қилмаганига ишончи комил экани ва яқин келажакда истеъфога чиқиш нияти йўқлигини билдирган.

Швеция ҳукуматининг Жамоатчилик ҳолдинглари бўйича вазири¸ TeliaSonera фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва коррупция борасида ташвишли жиҳатлар борлигини айтиб¸ ширкат бошқарув кенгашида жиддий ўзгаришлар қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Айни пайтда¸ 4 октябр куни Швеция суди TeliaSoneraнинг “ўзбек иши” юзасидан бошланган жиноий ишни бошқараëтган прокурорнинг Takilant Ltd. ширкатига қарашли 1,55 миллиард швед кронасига (235 миллион АҚШ доллари) тенг активларини ҳибсга олиш учун рухсат бериш сўровини кўриб чиқишни кечиктирди.

Швеция Бош прокуратураси қошидаги Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлернинг бу сўрови¸ ҳимоячиларнинг ўз мижозлари билан алоқа ўрната олмагани асосида камида бир ҳафтага қолдирилди¸ деб хабар берди Озодликка бу жараëнни кузатаëтган швед журналисти.

TeliaSoneraнинг Ўзбекистон бозорига киришини таъминлаган Takilant билан имзоланган келишув ва тўланган пуллар Швеция парламенти эшитуви ва швед прокуратураси диққат-марказида қолаëтган бир пайтда¸ TeliaSonera ham 2007 йилда Ўзбекистонга киритилган сармоясини кўриб чиқиш учун ташқаридан махсус гуруҳ таъсис қилинганини эълон қилди.

TeliaSonera матбуот хизматига кўра¸ бу иш билан Швециядаги энг нуфузли Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси шуғулланишга киришган.

Шунингдек TeliaSonera Швециянинг Россиядаги собиқ элчиси Томас Бертелменни ширкатнинг Марказий Осиëдаги фаолияти юзасидан стратегик маслаҳатчи этиб тайинлади.

Mannheimer Swartling ширкати директори Biörn Riese бошчилигидаги текширув хулосалари TeliaSonera бошқарув кенгаши¸ шунингдек жамоатчиликка тақдим этилади¸ деб хабар берди TeliaSonera матбуот хизмати.
XS
SM
MD
LG