Линклар

logo-print

1 октябр куни Ленинград вилояти Тосно туманида ўзбекистонлик 14 яшар қиз ўзини осиб ўлдиргани тўғрисидаги хабарни Тергов қўмитаси расмийлари тасдиқлади. Терговчиларга кўра¸ ўсмир қиз Россияга келганидан сўнг чуқур тушкунликка тушиш оқибатида жонига қасд қилган.

Озодликка бу хабарни тасдиқлаган Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмита вакиласи Юлия Матолигина вояга етмаган қизнинг ўз жонига қасд қилишига унга етказилган руҳий зарба сабаб бўлганини билдирди.

- Тергов тахминларига кўра, 2012 йилнинг 1 октябрида эрталаб Тосно тумани Уляновск қўрғонидаги ҳовли участкаларидан биридаги омборхонада ота осилиб турган қизининг мурдасини аниқлаган. Қизча Ўзбекистон фуқароси бўлган. Қиз ота-онаси билан Тосно туманида 7 ойдан буён яшаб келган, ҳеч қаерга чиқмаган, ҳеч қаерда ўқимаган, ҳеч ким билан дўстлашмаган. Терговчиларнинг дастлабки тахминича, унга қаттиқ психологик жароҳат етказилган, дер экан терговчи “психологик жароҳат” тушунчаси нимани англатишига аниқ изоҳ бермади.

Ҳозирда Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмитаси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 110-моддаси (ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш) юзасидан жиноий иш очилган¸ тергов ишлари давом этмоқда.

Озодлик мухбирининг бу қиз шахсига оид саволларига Тергов қўмитаси расмийси жавоб беришни истамади. (Вилоятнинг чекка қишлоғида яшаб келган бу ўзбекистонлик оила бошига тушган фожиадан хабардор муштарийлардан билганларини Озодликка йўллашлари¸ хусусан¸ бу оилани топишга ëрдам беришларини сўраймиз.)

Яна бир худкуш...

Ленинград полицияси 1 октябр куни Петербургнинг Невский туманида ёши 50-60 ларда бўлган яна бир меҳнат муҳожири мурдаси топилганини хабар қилди. Бу шахс бузилган бинонинг иккинчи қаватига олиб борувчи зинапояларнинг темир панжарасига ўзини осиб ўлдирган.

Муҳожирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабларини таҳлил қилган Москва мигрантлари касаба уюшмаси ходимаси Дилбаҳор Турғунбоева Озодлик билан суҳбатда ўзга юртга келиб ўз хаëлий мақсадларига эриша олмаслик¸ айниқса¸ муҳожир ёшларни руҳан синдираëтганини таъкидлайди.

- Тушкунликка тушиб кетяпти ёшлар. Ёшлар бизлардек иродаси кучли эмас, сабри йўқ ,енгилликка ўрганган. Улар ҳамма нарса бирданига амалга ошишини истайди. Шартта Россияга келиб катта пул топиб бориб Нексия миниб олиши керак! Яна бошқалари Россияга келганидан кейин номус, уятни таможняда чегарадан ўтганда ташлаб келади ва бу ерга келганда бутунлай бошқа одам бўлиб қолади - юзсиз, очкўз бўлиб қолишади. Кейин бундай шароитларда уларнинг бири-бирига ёрдам қўлини чўзиши қийин. Нормал оилада ўсган болалар бундай шароитда ўзини йўқотиб қўяяпти, дейди Дилбаҳор опа.

Касаба уюшмаси фаоли муҳожирларнинг руҳан эзилиши ва синишига¸ энг аввало улар тўқнашаётган маиший ва моддий қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатди.

“Муҳожирлик¸ айниқса¸ аёллар учун азобдир”, дер экан Турғунбоева¸ ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани мисол келтиради:

- Мана бир воқеа... Олдимизда Марьино товуқ фабрикасида ёш ўзбекистонлик қиз бор экан. Етим экан у. Қандай қилиб Москвага кириб келганига ўзим ҳам ҳайронман. Ҳали бориб уни топиб эҳтиётлик билан суриштириш керак. Қиз бир тожик боланинг қўлига тушиб қолган. Мажбурий равишда яшаяпти, у эса ойлигини оляпти, дўппослаяпти. Оддий жинсий қуллик! Менда савол туғилаяпти: қайси йўл билан бу балоғатга етмаган қиз Россияга кириб келди? Ким бунга жавобгар? Тўғриси, бу ерда бузилган қизлар жуда кўп. Бунинг сабабларидан энг каттаси – бу тил билмаслик, иккинчидан қаерга кетяпман, кимни олдига деб, ўз олдида жавобгарсизлиги. Ёшлар бу ерга айлангани келади, ҳаёт эса уларни айлантириб қўяди, бу ерда эса биров-бировни танимайди – мабодо биров қоқилган бўлса ундан фойдаланиб олиш керак! Хуллас, “жунглилар қонуни” амалда, дея ўз фикрини билдирди Москва мигрантлари касаба уюшмаси ходимаси Дилбаҳор Турғунбоева.

Озодлик Россиядаги ўзбек муҳожирларининг ўз жонига қасд қилишига оид воқеаларни кўпдан ëритиб келмоқда.

Хусусан¸ 2011 йилнинг 22 декабрида Россиянинг Новочеркасск шаҳридаги тергов изоляторида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўзини осиб ўлдирди; шу йилнинг май ойида Санкт-Петербургда устачилик қилиб келган 27 ёшли ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз-ўзини осиб қўйди; Россиянинг Владимир шаҳар изоляторида яна бир 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўз жонига қасд қилди; Волгоград вилоятида икки нафар ўзбек йигити ўзини осиб ўлдирди; 4 август куни Москвада иш топа олмаган 34 ёшли фарғоналик Абдумалик исмли йигит Фарғонада қолган оиласини боқа олиш имконияти йўқлигидан қўлидаги қон томирларини кесиб ташлади.

Федерал Статистика хизмати келтирган маълумотга кўра, Россия нафақат мигрантлар сони ва аҳоли орасида ўлим даражаси юқорилиги билан, балки ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлар сирасига киради. 2010 йилда Россияда ҳар 100 минг кишидан 23 киши ўз жонига қасд қилган.

1991 йилдан буён ўсиб борган бу кўрсаткич сўнгги йилларда камайиб бораётганига қарамасдан, мутахассислар ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожирлари орасида кўпайиб бораётганини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG