Линклар

Немис депутати Тошкентни шаффоф бўлишга чақирди

  • Ҳурмат Бобожон

Яшиллар партияси вакили бўлган Виола Фон Крамон хоним Озодлик саволларига жавоб берар экан¸ Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига чек қўйганини Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) мутахассисларини мамлакатга чақириб исботлаб бериши кераклигини айтади:

- Ўзбекистонда ҳали ҳам болалар меҳнатидан фойдаланилаётганидан бир ташвишдамиз. Бу текширилиши керак.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини таъкидлаётган ва Вазирлар Маҳкамаси болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақида қарор ҳам чиқарган бир пайтда сизларни нима хавотирга солади?

- Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан воз кечиш ҳақидаги қарори кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Маълумки, Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив ва шаффoф бўлмаган режимларидан биридир. Айни пайтда бу мамлакат Ғарбнинг, xусусан Германиянинг ҳарбий иттифоқчиси ҳамдир. Ўзбекистон ҳукумати токи Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга қўймас экан, ҳукуматнинг пахта теримида болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги 11 август куни қабул қилган қарори хўжакўрсинга бўлиб қолаверади, бу мамлакатда болалар меҳнати билан боғлиқ хавотирлар аримайди.

Ўзбекистонда бу йил ҳам пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги дастлабки хабар эса “Washington Times” газетасида аллақачон босилди. Бошқа хабарларда Ўзбекистонда болаларни дала меҳнатига жалб этиш бу йил камайгани ва улар ўрнига каттталар кўпроқ пахта теримига жалб этилаётгани айтилаётган бўлса¸ бу фақат Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари тарафидан текширилиши керак.

Озодлик: Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийлари бу йил мамлакатда болалар меҳнатига изн берилмаслиги, бунга йўл қўйганлар қаттиқ жазоланиши ҳақда маълум қилган.

- Буни ҳали кўрамиз. Одатда Ўзбекистонда пахта терими мавсуми охирида болалар меҳнатидан фойдаланиш кучаяди. Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳали ҳам совет давридан мерос қолган буйруқбозликка асосланган режали иқтисод сақланиб қолган. Маҳаллий фермерларнинг ҳукумат белгилаган режани бажармай иложи йўқ. Улар шу режани бажаришга мажбурдирлар. Режани бажариш учун эса деҳқоннинг энг арзон ишчи кучи бўлган болаларни теримга жалб этмасдан бошқа чораси қолмайди.

Масалан¸ мен бу йил болалар пахтага чиқарилмагани ҳақидаги ҳукумат айтаётган чўпчакка ишонмайман. Агар ҳукумат айтаётганлари рост бўлса¸ нега у Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларига эшигини очмаяпти. Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг барча конвенцияларини имзолаган, болалар меҳнатига чек қўйишини айтган. Энди ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассисларини чақириб буни исботлаши керак. Буни исботлашнинг бошқа йўли йўқ. Ўз навбатида биз бу масалани Германия парламентида кўтарамиз ва ҳукуматни ILO кузатувчиларининг Ўзбекистонга киритилиши учун Тошкент ҳукуматига босимларни кучайтиришга чақирамиз.

Озодлик: Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларининг Ўзбекистонга киритилишига рухсат бериш масаласи олий даражадаги йиғинларда, жумладан президент Ислом Каримовнинг ўтган йил январ ойидаги Брюсселга сафари чоғида ҳам кўтарилган эди. Лекин шу пайтга қадар ҳеч бир натижа бўлмади. Германия ҳукумати нима қила олади, деб ўйлайсиз?

- Агар Германия ҳукумати масалага жиддий ёндашса¸ кўп нарсанинг уддасидан чиқади, деб ўйлайман. Масалан, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги ҳукумат қарори жуда муҳим қарор, лекин бу қарор қанчалик иш берганини исботламоқ керак. Буни исботлаши мумкин ягона ташкилот эса Халқаро меҳнат ташкилотидир. Бу ташкилот вакилларининг Ўзбекистонга қўйилиши учун босимларни кучайтириш керак.

Озодлик: Ўзбекистонда мавжуд болалар меҳнатидан фойдаланиш учун ҳа деб ҳукуматни айблайвериш тўғримикин? Сабаби, фермерларнинг болаларини пахтага чиқараётгани айтиляпти. Ҳатто айрим ота-оналарнинг ўзлари болалари йиғим-теримига чиқмаганлари оқибатида¸ уларга кийим-бош сотиб олишга қийналаётганидан арз қилмоқдалар.

- Мана шу ҳолат¸ мен юқорида айтган гапларнинг яна бир тасдиғидир. Токи Ўзбекистонда буйруқбозликка асосланган иқтисод сақланиб қолар экан, камбағал деҳқоннинг арзон ишчи кучи бўлган болалар меҳнатидан фойдаланмасдан иложи қолмайди. Улар ўз болаларини, қўшниларининг болаларини, қўшни маҳалланинг болаларини ишлатади. Мактабдан олдинми, кейинми бунинг фарқи йўқ. Болалар меҳнати унинг қайси вақтда ишлашидан қатъий назар¸ болалар меҳнатидир. Ва муаммо барибир Ўзбекистондаги умумий тизим буйруқбозлик тизимига бориб тақалаверади.
XS
SM
MD
LG