Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:58

Қашқадарёда ҳуқуқ фаоли Ҳасан Чориев судланмоқда


Ҳасан Чориев.
Ҳасан Чориев.

4 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани судида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қашқадарё вилояти бўлими фаоли, 70 яшар Ҳасан Чориев устидан маҳкама жараёни бошланди.


Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ИИБ томонидан қўзғатилган жиноий иш материалларига кўра, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-қисми (туҳмат) билан айбланаётган ҳуқуқ фаоли Қамаши тумани ҳокими Рашид Муҳаммадиевга туҳмат қилганликда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, ҳуқуқ фаоли 2012 йилнинг 6 июнида МХХнинг Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани бўлинмасига Қамаши тумани ҳокими Рашид Муҳаммадиевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ариза билан мурожаат қилган.

Ҳуқуқ фаоли ўз аризасида Қамаши тумани Чимқўрғон чорраҳасидаги давлатга тегишли 441-контурда жойлашган 37 гектар ер майдонида ҳоким ўз чорва молларини боқтираётганини таъкидлаган. Текширишлар жараёнида ҳокимнинг мансаб ваколатини суистеъмол қилиши билан боғлиқ фактлар гўё ўз исботини топмаган.

Ҳозирда гаров пули ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эвазига очиқда юрган Ҳасан Чориев маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мақсади ўзини қаматтириш эканини айтади.

Зотан, шу йил Ҳасан Чориевга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани суди томонидан милиция ходимларини ҳақорат қилганлик айби билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилган ва ҳуқуқ фаоли 1 258 400 сўм (650 АҚШ доллари) жаримага тортилган.

Ҳасан Чориевнинг 8 нафар фарзанди АҚШда сиёсий бошпана олган. Ҳуқуқ ҳимоячиси иддаосига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳаллий ҳокимият уни аввало касбий фаолияти ҳамда фарзандларининг АҚШдаги сиёсий фаолияти боис таъқиб қилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз фаоли Ҳасан Чориевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тарқатган баёнотида Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судини гуманизм ва инсонпарварлик принципларига амал қилиш, адолатли ҳукм чиқаришга чақирган.
XS
SM
MD
LG