Линклар

logo-print

АҚШда Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумонланганлар қўлга олинди


Расмий Москва АҚШда ҳибсга олинган шахсларнинг Россия махфий хизматларига алоқаси йўқлигини айтмоқда. Чоршанба куни Ню Йоркда фош этилган жосуслар тармоғи ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган юқори Россияга технологияларни экспорт қилганликда гумон қилинмоқда.



АҚШ Адлия департаменти чоршанба куни Россия ҳарбий ва жосуслик идоралари учун АҚШда ишлаб чиқарилган юқори технологик электрон мосламаларни қўлга киритган тармоқ фош этилганини эълон қилди.

Ню Йорк федерал прокуратураси тармоқнинг 11 иштирокчисига нисбатан айблов эълон қилди.

Гумонланвучилар экспорт қилгани айтилаётган микроэлектрон мосламалар ҳарбий радарлар, кузатув тизимлари ва детонаторларда ишлатилиши мумкинлиги боис АҚШ ҳукумати томонидан назорат қилинади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич пайшанба куни қилган чиқишида гумонланувчиларга нисбатан жосуслик айблови илгари сурилмаганини алоҳида қайд этди.

- Биз АҚШ томонидан мазкур айбловлар жиноий тусга эга экани ва ҳеч бир разведка идорасига алоқаси йўқлиги тўғрисидаги изоҳ олдик, деди Россия дипломати.

Лукашевич шунингдек, Россия фуқаролари ҳибсга олингани тўғрисида АҚШ расмийлари Москвани вақтида хабардор қилмаганидан хавотир билдирди.

- АҚШ расмийлари Россия консуллигини ватандошларимиз ҳибсга олингани тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилмаганига оид жиддий саволларимиз бор. Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси ва Хюстондаги Бош консуллиги ходимлари ҳибсга олинган Россия фуқароларининг барчаси билан учрашиш имконини қидирмоқда, деди Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Федерал прокурорлар гумонланувчилардан бири Қозоғистонда туғилган Россия ва АҚШ қўшфуқаролигига эга Александр Фишченко эканини маълум қилди.

Маълум бўлишича, Техаснинг Хюстон шаҳрида электроника ишлаб чиқарувчи Arc Electronics ширкати раҳбари Фишченко Россия ҳукуматининг норасмий агенти сифатида фаолият олиб борган.

Прокурорлар берган маълумотга кўра, Фишченко ва унинг фирмасида ишлаган бир неча ходим ҳужжатларни қалбакилаштириб, ўз фаолиятидан кўзланган асл мақсадни яшириб келган.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари Фишченко ва унинг етти шериги ҳибсга олинганини эълон қилди. Россия матбуоти уларнинг шахсларини Александр Пособилов, Виктория Клебанова, Шавкат Абдуллаев, Людмила Багдикян, Анастасия Дятлова, Севинч Тагиева ва Светлана Загон, деб бермоқда.

АҚШ федерал прокуратураси тармоқнинг яна уч иштирочикиси Сергей Клинов, Юрий Савин ва Дмитрий Шегуровлар Россияда бўлгани боис ҳибсга олинмаганини маълум қилди.

Ҳибсга олинган саккиз гумонланувчи пайшанба куни Хюстондаги федерал судга олиб келинади.

2010 йилда ҳам АҚШ Федерал тергов бюроси Россиянинг 11 нафар жосусини қўлга олган. Кейинчалик улар Россияда жосусликда айбланиб, қамоққа ташланган ядровий олим Игор Сутягинга алмаштирилган эди.

Бу иш натижасида Россияда машҳур бўлиб кетган Анна Чапман бошчилик қилгани айтилган жосуслар тармоғи АҚШ ҳукуматидаги сиëсий қарор қабул қилувчи доиралар билан алоқа ўрнатишга уринганликда айбланган эди.

XS
SM
MD
LG