Линклар

logo-print

Қирғизистонда сиёсий жанжаллар кўпаймоқда


Халқни ҳокимиятни босиб олишга ундагани учун ҳисб қилинган депутатларни озод қилиш талаби билан ўтказилган митингга жуда оз одам келди.

Халқни ҳокимиятни босиб олишга ундагани учун ҳисб қилинган депутатларни озод қилиш талаби билан ўтказилган митингга жуда оз одам келди.

Қирғизистон Бош прокурори 3 октябрда халқни ҳокимиятни босиб олишга чақирган парламентнинг уч депутати 20 йилгача қамалиши мумкинлигни билдирди. Айни пайтда “Ата Мекен” партияси собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабановни коррупцияда айбламоқда.

Қирғизистондаги “Ата Журт” партияси лидерларига нисбатан Жиноят кодексининг 295- моддаси билан жиноят иши очилган. Бу модда бўйича 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Қирғизистон Бош прокурори АидаСалянова қирғиз парламентида қилган чиқишида мана шундай маълумот берди.

- Бу моддалар бўйича 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 10 йилдан ортиқ муддатга қамалиши назарда тутилган жиноятлар ўта оғир жиноят ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, депутатларни ҳибсга олиш учун парламентнинг рухсати керак бўлмайди, -деди Бош прокурор.

3 октябр куни парламентдаги мухолиф коалицияни ташкил қилган “Ата Журт” фракцияси депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов одамларни намойишга олиб чиққан ва ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилган эди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, мухолиф партиянинг номи айтиб ўтилган лидерларига Жиноят Кодексининг 297- (Конституциявий тузимни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий даъват этиш) ва 28-295 - (ҳокимиятни куч билан қўлга олиш) моддалари асосида жиноят иши очилган.

Парламент депутатларининг асосий қисми халқни ҳокимиятни босиб олишга ундаган депутатлар жазоланиши кераклигини таъкидладилар. Бироқ “Ата Журт” партияси раиси Акматбек Келдибеков ҳибс қилинган ўз партиядошларини сиёсий музокаралар ўтказиш орқали ҳибсдан озод қилиш ва оқлаш юзасидан ҳаракатлар олиб борилишини маълум қилди.

- Шунинг учун биз Миқтибек Юсупович Абдилдаевни сиёсий музокаралар ўтказиш ва сиёсий қарор қабул қилиш учун вакил қилиб сайладик. Биз барча ишларни қонун доирасида олиб борамиз, -деди Ахматбек Келдибеков.

Айни пайтда “Ата Журт” партияси ўз лидерларидан уч кишининг қамалишини сиёсий қувғин сифатида баҳолашини билдирди.

Парламентдаги “Ата Мекен” партияси эса яна бир сиёсий жанжалнинг бошини қўзимоқда. Мазкур партия мамлакатни бир йил мобайнида бошқарган ва “Ата Мекен”нинг сиёсий босими остида истеъфога чиқишга мажбур бўлган собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабановни коррупцияда айблашда давом этмоқда. “Ата мекен” партияси парламентдаги ҳукумрон коалициядаги ҳамкори бўлган “Республика” партияси раиси Ўмурбек Бабановнинг ишбилармонлик фаолияти текширилишини талаб қилиб, назорат тузилмаларига хат жўнатган.

- Бакиевлар мамлакатдан қочганидан кейин бабанов суднинг ноқонуний қарори билан НТС телекомпаниясини ўзлаштириб олган. 10 миллион долларлик телекомпания бор-йўғи 20 минг долларга сотиб олинган. Бу ерда рейдерлик ва коррупция аломатлари бор, -деди “Ата Мекен” партияси ледиреи, парламент депутати Ўмурбек Текебаев.
“Ата мекен” партияси ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан собиқ Бош вазирга қарашли ширкатлар 1 миллион доллардан ортиқ миқдордаги солиқни тўламагани ва Бабанов Қирғизистон банкини сотиб олиш учун 20 миллион доллар маблағни қаердан олганини текширишни ҳам талаб қилмоқда.
Ўмурбек Бабанов эса банкни онасининг оффшор ҳудудлардан топган 20 миллион долларлик фойдаси эвазига сотиб олганини, коррупцияга аралшмаганини айтиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG