Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:25

Раҳмон Россия базаси умрини узайтирди


5 октябр куни 60 ёшни қаршилаган Имомали Раҳмон Путинни қучоқ очиб кутиб олди
5 октябр куни 60 ёшни қаршилаган Имомали Раҳмон Путинни қучоқ очиб кутиб олди
Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси 2042 йилгача қоладиган бўлди.

Бу ҳақдаги шартнома 5 октябр куни Душанбеда бўлиб ўтган музокаралар чоғида икки давлат Мудофаа вазирлари Анатолий Сердюков ва Шерали Хайруллаев томонидан имзоланди.

5 сентябрга ўтар кечаси расмий ташриф билан Душанбега келган Россия президенти Владимир Путинни аэропортда шахсан Имомали Раҳмоннинг ўзи кутиб олди.

Путин сафари Имомали Раҳмон ўз 60 йиллигини нишонлаëтган кунда амалга ошаëтгани боис¸ мезбон-меҳмон мулозаматининг ўзига хос экани айтилмоқда.

5 октябр куни икки давлат президентининг “1+1” учрашуви ва ҳукумат делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди. Сўзлашувлар натижасида¸ наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши, нефт маҳсулотлари импорти, муҳожирлик масаласида ҳукуматлараро шартномалар имзоланди.

Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбирларига кўра, икки томонлама сўзлашувларда Тожикистонда янги барпо этиладиган гидроиншоотлар ҳақида ҳам гап борган.

Музокаралар натижасига бағишланган матбуот анжуманида Владимир Путин Россия Тожикистонда қуриладиган кичик ГЭСлар учун сармоя ётқизишга тайёр эканлигини айтган.

Бу мавзуда гапирган Имомали Раҳмон эса, Тожикистонда қуриладиган катта гидроиншоотлар дарёлар қуйи оқимидаги давлатларга зарар етказмаслигини яна бир бор таъкидлаган.

Сўнгги пайтларда Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистонда қуриладиган ГЭСлар юзасидан аввал тутган позициясини тубдан ўзгартиргани кузатилади.

Тожикистон ва Қирғизистонда қуриладиган катта сув омборлари дарёларнинг қуйи оқимларида жойлашган давлатларнинг хавфсизлигига зарар етказмаслиги лозим, деган позицияда турган Кремл¸ энди бу мамлакатларда қуриладиган гидроиншоотлар учун сармоя ётқизиш ҳаракатига тушди.

Россия президенти Владимир Путиннинг 20 сентябрда Бишкекка қилган расмий сафари чоғида Қамбарота-1 ва Норин ГЭС каскадларини қуриш учун 2,5 миллард долларга тенг бўлган бу лойиҳаларни молиялаштиришни Россия томони тўлалигича ўз зиммасига олди.

Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиб кетиши ва президент Ислом Каримовнинг яна америкапарварликка қайтгани¸ айрим таҳлилчилар фикрича¸ Кремлни Ўзбекистонга нисбатан тутган ўз сиёсатини бошқатдан кўриб чиқишга мажбур қилди.

Россия Миллий стратегия институтининг халқаро лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов шундай фикрдагилардан бири:

- Россия икки томонлама ўйинчи эмас. У сув бошида туриб сув сотадиган ва деҳқонларни сувсизликдан бўғадиган монстр эмас. У ҳамма томонларни музокара столига ўтириб, муаммони баҳамжиҳат ҳал қилишга таклиф этади. Лекин гап шундаки Ислом Каримов сўнгги пайтда шайтонни эслатувчи ўйинларни қиляпти, гоҳ бу интеграцион ташкилотга киради, гоҳ чиқади, умуман уни тушуниб бўлмаяпти. Каримовни “двойной игрок” деб атаса бўлади, дейди сиёсатшунос.

Юрий Солозобов фикрича, расмий Тошкентнинг бу ўйинлари ахир-оқибат Кремлнинг жонига тегди:

- Биласизми, айниқса Шарқда, ҳар бир эр киши ўз сўзида собит туриши керак. Путин берган ваъдасини бажарадиган, мард инсон. Бироқ у ўз сўзида турмайдиган ёки бир зумда 180 даражага ўзгарадиганларга сира ҳам тоқат қила олмайди. Қани айтингчи, Ислом Каримов сиймосида расмий Тошкент КХШТга ва Москванинг бошқа интеграцион лойиҳаларига ва ҳатто АҚШга ўз муносабатларини неча марта ўзгартирди? Энди НАТОдан текин қурол-яроғ олиш имкони пайдо бўлган, Тошкентга Пентагон генералларининг оёқлари узилмай қолган пайтда Каримов яна бошқача ўйин ўйнашга ўтди. Энди у минтақада ёлғиз қолмаслиги учун гоҳ Назарбоевга борaяпти, гоҳ Бердимуҳаммедовга. Лекин булардан Каримовга бир тийинлик фойда йўқ, дейди Юрий Солозобов.

Бу сиёсатшуноснинг айтишича, Каримов Россиядек қудратли давлат билан ўйин қилмасдан, ўз соғлиғи ҳақида ўйласа яхши бўларди:

- Ёши бир жойга етган Каримов Россия билан жанг қилишни ўйламасдан ёки минтақада кетмонлар урушини чиқармасдан, ўзи ҳақида қайғурса маъқулроқ бўларди. Икки йилдан сўнг Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлади. АҚШ бутун кучи билан Каримовнинг ўрнига ўзига маъқул номзодни ҳокимиятга келтиришга ҳаракат қилади. Менимча, Қамбарота ёки Роғундан кўра¸ Каримов тушига шулар кўпроқ кирса керак,- дейди россиялик сиёсатшунос Юрий Солозобов.
XS
SM
MD
LG