Линклар

logo-print

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Туркияга ҳужумни қоралади


Туркия аскарлари Сурия чегарасида жанговар шай ҳолатда турибди. 4 октябр куни олинган сурат.

Туркия аскарлари Сурия чегарасида жанговар шай ҳолатда турибди. 4 октябр куни олинган сурат.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Туркия ҳудудига зарба бергани ва оқибатда 5 туркияликнинг ҳалок бўлгани учун Сурияни “ўта кескин шаклда” қоралади.

Хавфсизлик Кенгашининг жорий раиси, Гватемаланинг БМТдаги доимий вакили Герт Розентал юз берган воқеа тўғрисида гапирар экан, “халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бу тарздаги бузилиши зудлик билан тўхтатилиши ва бундан буён такрорланмаслиги лозим”, деди.

- Хавфсизлик Кенгаши аъзолари бу инцидент Суриядаги бўҳрон унинг қўшнилари ва умуман, минтақадаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётганига ёрқин далил эканлигига урғу бердилар. Кенгаш аъзолари халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бу тарздаги бузилиши зудлик билан тўхтатилиши ва бундан буён такрорланмаслиги лозим эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Сурия ҳукуматини ўз қўшнилари суверенитети ва ҳудудий дахлсизлигини ҳурмат қилишга чақирди. Хавфсизлик Кенгаши ҳиссиётларга берилмасликка чақирди, деди Герт Розентал.

3 октябр, чоршанба куни Сурия томонидан отилган артиллерия снарядлари Туркиянинг жануби-шарқидаги Ақчақал шаҳрига тушган ва беш нафар турк фуқароси, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлган, 10 киши яраланган эди. Жароҳат олганлардан икки нафари полиция ходимидир.

Туркия чегарачилари зудлик билан Сурия томонини ўққа тутди. Натижада Суриянинг етти аскари ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Инцидентнинг эртасига – пайшанба куни Туркия парламенти вазият юзасидан қарор қабул қилди. Парламент ҳукуматга чет элда ҳарбий ҳаракат олиб боришга рухсат берди.

Парламент қароридан сўнг Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзи етакчилигидаги ҳукуматнинг мақсади Сурияга қарши уруш очиш эмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Туркияга амалий ташриф билан келган Эрон вице-президенти Муҳаммад Ризо Раҳимий билан пайшанба куни Анқара шаҳрида ўтказган матбуот анжуманида Эрдўғон жумладан бундай деди.

- Туркия минтақада тинчлик ва фақат тинчлик, шунингдек, хавфсизлик бўлиши тарафдори. Биз уруш истамаймиз ва ҳеч қачон бу ишга бормаймиз. Минтақадаги урушлар, Ироқ ва Афғонистондаги урушларнинг оқибати кўриниб турибди. Суриянинг ўзида ҳам сўнгги 1,5 йил давомидаги воқеалар қанчага тушаётганини билиб турибмиз, деди Туркия Бош вазири.

Эрдўғон парламент қарорини шарҳлар экан, уни “таҳдид воситаси сифатидагина” қабул қилиш кераклигини айтиб ўтди.

АҚШ Давлат Департаменти фикрича, Туркиянинг Сурияга жавобан очган ўти вазиятга, амалга оширилган ҳужумга мутаносибдир.

Суриянинг БМТдаги доимий вакили баёнотига кўра, Сурия ҳукумати Туркия билан зиддият кучайиши тарафдори эмас, аксинча, яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш тарафдоридир.
XS
SM
MD
LG