Линклар


Ахборот оқими кучли назорат қилинадиган, сиёсий мавзудаги хабарлар чоп этиладиган веб саҳифаларга тўсиқлар қўйиш кенг тус олган Ўзбекистонда энди прокси сайтларга кириш ҳам мушкуллашган.

Ўзбекистонликлар тўсиб қўйилган мустақил ва мухолиф сайтларга айланма йўл билан кириш имконини берадиган прокси сайтлардан фойдаланишади.

Бугун эса Ўзбекистонда шу проксилар ҳам тўсилмоқда.

- Ҳозир бирон прокси сайтдан фойдалансангиз, эртага шу проксини очолмаяпмиз. Бугун бирисидан фойдаланасиз, эртасига шу прокси тўсиляпти, дейди ўз исмини айтмаган тошкентлик Интернет фойдаланувчиларидан бири.

Интернет маконида ўзбекистонликлар тўсилган сайтларга айланма йўллар орқали кириши мумкин бўлган юзлаб прокси сайтлари бор.

Ҳукумат тўсиқ қўйган сайтларга шу проксилар орқали кириш мумкин.

Ўзбекистонлик компютер билимдони Тоҳир Собировнинг айтишича, янги тўсиқлар Интернетдан фойдаланишни энди ўрганаётган кишиларга таъсир қилиши мумкиндир, лекин умумиятла проксиларни тўсиш самарасиз.

- Илғор фойдаланувчилар бу тўсиқларни бемалол, ҳеч қандай муаммоларсиз айланиб ўтиб, хоҳлаган веб саҳифасини очишлари мумкин. Прокси сайтлар ҳаммаси бўлмасаям ишлаб турибди. Бириси тўсилса бошқаси бор. Ўзбекистонда махсус хизматлар билиб қолган прокси сайтларни тўсади-да, лекин прокси сайтлар сони жуда жуда кўп, уларни ҳаммасини тўсиб чиқиб бўлмайди. Бирини тўсса¸ иккитаси пайдо бўляпти, дейди Собиров.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Янги медиа соҳаси бўйича мутахассиси Йоҳан Бирнинг айтишича, Ўзбекистон каби режимлар проксиларни тўсишни бугун бошлагани йўқ.

- Билишимизча бу билан махсус хизматлардаги махсус гуруҳ анча йиллардан буён шуғулланиб келади. Ҳукуматнинг проксиларни тўсиш борасидаги бу уриниши бефойда уриниш, аслида. Интернет бу ўз номи билан ўргимчак тўридир. Қандай тўсиқ қўйилмасин, айланма йўллар билан Интернетга кириш йўлини доим топса бўлади. Ўзбекистон каби давлатларнинг катта маблағ сарфлаб тўсиқлар жорий этаётгани Интернетга кирувчиларнинг ахборот олиш учун йўлини узайтиради, уларни вақтини олади холос, дейди Йоҳан Бир.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони тўққиз миллиондан ортади. Агар Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги эълон қилган бу рақамларга ишонилса, мамлакатда ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланиш имконига эгадир.

Ўзбекистонлик мутахассис Тоҳир Собировнинг айтишича, мамлакатда кўпчилик фойдаланувчилар беркитилган сайтларга проксилар орқали киришни билишмайди.
Улар орасида прокси сайтлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаган.

- Google ёки бошқа қидирув тизимлари орқали бошқа ҳали тўсилмаган прокси серверларни топиш жуда осон нарса. Қидирув тизимига кириб туриб прокси серверлар ёки блокировкани айланиб ўтиш йўллари, деб рус тилидами ёки инглиз тилида, ёзса бир дунё прокси сайтлaрни чиқариб беради.Шулардан бирини танлаб фойдаланиши мумкин. Энди улар ҳам ҳар хил бўлади. Осони бор, қийини бор. Махсус дастурлар бор, улар орқали айланиб ўтса бўлади, дейди компютер соҳаси мутахассиси Тоҳир Собиров.

Юқори малакали мутахассислар томонидан Ўзбекистонда тўсилган www.ozodlik.org сайти учун махсус Psiphon 3 дастури ҳам ишлаб чиқилган.

Psiphon Inc. компанияси томонидан яратилган VPN ва HTTP прокси серверлар ёрдамида Интернетга айланма йўл билан кириш имконини берадиган янги воситадир. Psiphon 3 клиенти автоматик тарзда Интернетга киришнинг янги айланма йўлларини топиб, қўйилган тўсиқларни четлаб ўтиш имконини оширади.

АҚШдаги Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг ўтган ҳафтада эълон этган ва 47 мамлакатдаги вазият таҳлил қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонни Интернет эркин бўлмаган 11 давлат қаторида тилга олди.

Freedom House мутахассисларига кўра, бу мамлакатларда сиёсий мавзудаги хабарлар чоп этиладиган вебсаҳифаларга тўсиқлар қўйиш кенг тус олган.
Ҳукумат тарафидан халқаро Интернет тармоқларига боғланишнинг назорат остига олиниши эркин фикр билдириш учун жиддий таҳдиддир, дейилади ҳисоботда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG