Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Москвада муҳожирлар яна савдога қайтиши мумкин


Москвада савдо майдонлари кенгайиши ортидан яқин келажакда меҳнат муҳожирларига савдо соҳасида ишлашга рухсат берилиши мумкин. Москва ҳукумати пойтахтнинг кейинги тараққиёти мигрантларсиз амалга ошмаслигини таъкидламоқда.

“Москва 24” телеканалига берган интервюсида Москва мэрининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Андрей Шаронов шаҳарда яқин бир-икки йил ичида савдо расталари, гипермаркетлар, ярмарка, бозор ва майда савдо дўконлари сонини кескин кўпайтириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилаётганини билдирди.

- Менимча, мигрантларсиз бу ишни амалга ошириб бўлмайди, чунки иш билан бандлик таркиби нуқтаи-назаридан қарасангиз, ҳозирда Москвада 6 миллион 250 минг иш жойи мавжуд бўлса, ундан 4 миллиондан зиёдроғи москваликлар томонидан эгалланган. Қолган иш жойлари Москва ён-атрофларидан келаётган, узоқдан келиб жойлашаётган ҳамда хориждан келиб ишлаётганлар билан тўлдирилган. Шу сабабли янги таклиф қилинадиган иш жойлари муайян тарзда москваликлар ва москвалик бўлмаганлар ўртасида тақсимланади, дейди пойтахтнинг иқтисодий масалалари бўйича бош мутахассиси Андрей Шаронов.

Москва мэрияси расмийси савдо нуқталарини роппа-роса икки баробарга кўпайтириш режалаштирилаётгани ва бунинг учун тўққизта турли схема муҳокамада эканини маълум қилди.

Иқтисодчи Андрей Шаронов меҳнат муҳожирларига Россиядаги талаб йил сайин ошиб боришини биринчи маротаба овоза қилаётгани йўқ. “Ишга лаёқатли аҳоли сони йилига 1 миллионга камайиб бораётган Россиянинг хориж, айниқса қўшни мамлакатлардаги малакали ишчи кучига бўлган эҳтиёжи ошиб боради”, дея бундан аввал ҳам баëнот берган эди Шаронов.

Бироқ сўнгги йилларда шаҳарликлар ва турли миллатчи ташкилотлар босими остида бутун Россия миқëси¸ хусусан пойтахтда мигрантлар сонини кескин камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар жорий қилинди.

Путин ҳукумати ўз фармонлари билан меҳнат муҳожирларини алкогол, дори-дармон, бозор ва савдо палаткаларида озиқ-овқат савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Айрим сиёсатчилар эса Москвадаги қурилишларга асосан Россия минтақаларидан келган ишчиларни жалб қилиш ҳисобига мигрантлар сонини камайтириш режаларини ҳукумат йиғилишларида кўтариб чиқди.

Россия ҳукумати томонидан 2012-2025 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Миграция сиёсати Концепциясида мамлакатга кириб келаётган муҳожирларга турли талаблар жорий қилиниши кўзда тутилган. Мигрантлардан рус тили, тарих ва Россия қонунчилигидан имтиҳон олиниши, вақтинчалик яшашга рухсат олиш учун балл тизимининг жорий қилиниши, муҳожирларнинг дактилоскопия қилиниши шулар жумласидандир.

Бироқ мутахассислар аҳоли фаровонлиги ошиб, иқтисодиёти ўсаётган Россияда яқин келажакда хизмат, савдо ва қурилиш соҳаларида мутахассис ва мутахассис бўлмаган ишчиларга эҳтиёж ошиб боришини таъкидламоқда.

Миграция сиёсати бўйича ҳукумат комиссияси аъзоси Лидия Графова Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари олдида қўяётган талабларнинг аксарини ижро этиб бўлмайди, дегувчилардан. У Россияга келаёган ҳар бир мигрантнинг ëппасига ёш, юқори малакали, соғлом ва Россияда лега яшаш жойига эга бўлиши мумкин эмас, дейди.

“Чиқарилаётган қарор ва қабул қилинаётган фармонлардаги бундай келишмовчиликлар ва тавофутлар бўлмаслиги учун барча ҳукумат тармоқлари миграция муаммоларини биргаликда бартараф этишлари зарур”, дейди Озодликка Лидия Графова.

- Россия экспертлари анчадан бери миграция ва миллий масалаларини ҳал эта оладиган обрўли ташкилот мавжуд бўлиши кераклигини гапириб келмоқда. Чунки бу муаммоларни фақат зўравонлик усуллари ёрдамида бартараф қилиб бўлмайди, дейди Миграция сиёсати бўйича ҳукумат комиссияси аъзоси Лидия Графова.

Лидия Графова таъкидича¸ меҳнат муҳожирларига квоталарнинг йилдан йилга камайтирилаётгани қайдга олинмаётган ва ноқонуний равишда меҳнат қилаётган мигрантлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG