Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:24

Россияда Путиннинг 60 йиллиги нишонланади


7 октябр куни Россияда оммавий равишда мамлакат президенти Владимир Путиннинг 60 йиллиги нишонланиши кутилмоқда. Юбилейга мухолифатчилар ҳам “совға” тайёрлаб қўйишганини айтмоқдалар.


Владимир Путин 60-кузининг Россияда катта тантаналар билан нишонланиши айтилмоқда. Бирданига бир неча минтақада оммавий маданий тадбирлар, сайллар ўтказилади, Путиннинг она юрти Петербургда президентга бағишлаб “Мусиқавий комплимент” концерти берилади, Москвада 7 октябр куни рассом Алексей Сергиенконинг “Президент. Ўта меҳрибон инсон” кўргазмаси очилади. Рассом кўргазмасида Путиннинг Берлускони билан дўстлигини, турналар билан учишию байкерлар билан мотоцикл минишлари тасвирлаган суратлар ўрин олган.

Россия “Ёшлар гвардияси” ташкилоти 7 октябрда Бутунроссия кўча акциясини уюштиради. Бу акция доирасида Путинни улуғловчи улкан транспарант Европа ва Осиёни боғлаб турувчи Ростовдаги кўприкка осилади, Челябинскда эса улкан байрам откриткасида истаган россиялик дил сўзларини қолдириши мумкин.

Шу куниёқ номаълум “Миллий қўмита - 60” ташкилоти Петербургда Путинга бағишланган “Юбилей юришини” ташкиллаштиришга ариза берган. Шунингдек, Россия шаҳарларидан бирида 60 метр баландликка каттакон дирижабл осиб қўйиш режалаштирилмоқда.

Москванинг Арбат кўчасида кремлпараст "Россия молодая" ёшлар ҳаракати шеърхонлар мусобақасини ўтказиш ниятида.

Путинга бағишланган қатор клиплари билан танилган тожикистонлик Толибжон Қурбонхоновнинг элдан бурун Россия раҳбарини табриклаб бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Хуллас, тўй тўйдек ўтсин...

Мухолифатчилар ҳам Владимир Владимировичга деб ўзгача “совға” тайёрлаб қўйганини гапирмоқда.

7 октябр куни Москвада “Бобойни пенсияга жўнатамиз” флешмоби ўтказилади. ФСБ биноси рўпарасида Плевна жангчиларига бағишлаб ўрнатилган монумент олдида “Путин В.В.ни пенсияга чиқариш муносабати билан гулчамбар ва совғалар қўйилиши” тадбири бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мухолифатчи ёшларнинг Путинга “жўякларни суғориш учун гулчелак, уйда киядиган юмшоқ тапочка, қармоқ, радиоприёмник, “Виагра” таблеткалари – умуман пенсияда зарур бўлиб қолиши мумкин бўлган майда-чуйдаларни” совға қилишини айтмоқда.

Владимир Путин шахсий референти Дмитрий Песков президент 60 йиллигини ўз яқинлари билан оддийгина ўтказиш ниятида эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG