Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:11

Сирдарëда педофил қотил 25 йилга қамалди


Республика бўйлаб имконияти чекланган болаларга мўлжалланган мактабларда камчиликлар аниқланди. Термизлик тадбиркор С.Каримов “Агробанк”дан ўз ҳаққини ололмаяпти. Андижонда шифокорни асоссиз ишдан бўшатган раҳбар жаримага тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Агробанк” тадбиркорни сарсон қилмоқда”


Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор билан шуғулланувчи С.Каримов “Агробанк”нинг Жиззах вилояти бошқармасидан ўз ҳаққини ундиролмаяпти (“Адолат кўзгуси”, 4 октябр). Тадбиркор 2011 йилнинг феврал ва март ойларида банкка 24,1 миллион сўмлик манзарали кўчат етказиб берган. Бироқ ўртадаги келишувга қарамай, банк 16,3 миллион сўм қарзини тадбиркорга ҳалигача тўламаган. С.Каримовга кўра, “Агробанк”нинг Жиззах вилояти бошқармасига мурожаатлари натижа бермаётир.

“Ногиронлар учун мактаб етишмаяпти”

Адлия вазирлиги мамлакатдаги жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бор болалар учун мактаб ва интернатларни ўрганиб, камчиликлар аниқлади. Адлия вазирлиги масъул ходими Юнус Ҳожиевнинг “Инсон ва қонун” газетасида ёзишича, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қонун ҳужжатларида белгиланганидан ортиқ бола қабул қилинган, педагоглар малакасини ошириш талаб даражасида эмас, болаларнинг саломатлиги ва руҳиятини тизимли кузатиш ташкил қилинмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2011 йилда таянч ҳаракат аъзолари шикастланган вояга етмаган болалар ҳар 100 минг кишига Тошкентда – 8637, Хоразмда – 1790, Тошкент вилоятида – 1384, Самарқанд вилоятида – 1168, республика бўйича эса – 1413 нафарни ташкил этган.

“Бироқ таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун мўлжалланган давлат таълим муассасаси фақатгина Тошкент шаҳрида мавжуд бўлиб, бу маскан атиги 250 ўринга мўлжалланган. Кўриниб турибдики, юртимизда таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган таълим муассасаларига эҳтиёж мавжуд” деб ёзади Адлия вазирлиги масъул ходими Юнус Ҳожиев.

“Фуқаролар нега имтиёздан маҳрум қилинди?”

Оилавий шифохоналар томонидан ташхис марказларига бериладиган имтиёзли йўлланма бекор қилинди (“Новый век” 4 октябр). “Кўп йиллардан бери оилавий шифохоналарда диагностика марказига айрим йўналишлар бўйича кўрикдан ўтишга имтиёзли йўлланма берилган. Жорий йил бошидан бу имтиёз негадир бекор қилинди. Тушунишимча, мамлакатимизда тиббиёт бепул. Қолаверса, диагностика маркази ҳам давлат ихтиёридаю. Хўш, фуқаролар нега имтиёздан маҳрум қилинди?” – газета орқали мутасаддиларни саволга тутади фуқаро Б.Маҳмудов.


“Жиноятчи қизчанинг номуси ва жонига қасд қилди”

Сирдарёда 8 ёшли қизнинг номусига тегиб, кейин уни бўғиб ўлдирган жиноятчи 25 йил озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи жазонинг 3 йилини ёпиқ тартибдаги қамоқхонада ўташи зарур. Сирдарё вилоят прокуратураси терговчиси Дилшод Сангировнинг “Адолат кўзгуси” нашрига маълум қилишича, қотиллик ва ўғриликни ўзига касб қилиб олган судланувчи ичкиликбозликка ружу қўйган. Ҳуқуқ идораси вакили судланувчи номини келтирмаган ҳолда, уни “ҳайвон ҳам номус қиладиган жиноятга қўл урган Махлуқ” деб атайди.

“Ходимни асоссиз ишдан бўшатган раҳбарга жарима”

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Розиқов меҳнат қонунчилигини бузгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жаримага тортилди (“Ўзбекистон овози”, 4 октябр). Тиббиёт бирлашмаси раҳбари акушер-гинеколог Ҳафиза Ҳожиматовани қонунга зид равишда ишдан бўшатган. Юқори идора текшируви пайти меҳнат қонунчилиги бузилгани аниқланган ва Х.Розиқовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан жарима қўлланилган.

“Йўлим ёмон, манзилимга етолмайман”

Республиканинг турли ҳудудларида йўл таъмири билан боғлиқ муаммолар мавжуд. (“Даракчи” 4 октябр). Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани кўчалари таъмирга муҳтож. “Бошқа шаҳарлардан келган меҳмонлар Каттақўрғоннинг таксичилари каскадёр бўлиб кетишган” дейди. Навоий вилоятидаги 60 километрли Зафаробод йўли, Жиззах вилояти Бахмал тумани ички йўллари ҳам талабга жавоб бермайди.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш даҳаси 1/4 мавзеси йўллари абгор аҳволда. “Йўлларни вақти-вақти билан таъмирлашади, аммо асфалт сифати ёмонми, таъмирланган жойлар кўп ўтмай чўкиб қолади. Кўчадан трамвай юрмаётганига мана икки йил бўляпти, аммо темир йўллар ҳали ҳам олиб ташланмаган” дейди шу даҳалик Нурия Қосимова.

“Маҳалладан мактабга бориб келгунча болаларимиз лойга ботишади. Бу йил фарзандим мактабга чиқиши керак эди, аммо йўлнинг узоқ ва ёмонлигини ўйлаб, ўқишга бермадим. Бошқа шаҳарларда спорт мажмуалари, санъат мактаблари қуриляпти. Лекин бизнинг мутасаддиларимиз жим”, дейди Қашқадарё вилояти Қамаши шаҳри Самарқанд маҳалласидан Дилафруз Эшонқулова “Даракчи” нашрига.

“Ўқишга киритмоқчи бўлган фирибгар ушланди”

Наманганлик Зуҳра Ҳакимова Феруза Омоновадан ўғлини Наманган давлат университетига киритиб қўйиш ваъдаси билан 2,4 миллион сўм олган, аммо пулни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган. “Куч адолатда” газетасига кўра, судланувчи З.Ҳакимова Жиноят кодексининг 168-моддасида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судяси Акрам Ражабовнинг “Ҳуррият” газетасида ёзишича, Хоразм вилоятида ҳам фирибгарлик жинояти кўпаймоқда. Айни пайтда вилоятда содир этилаётган жиноятларнинг 22,5 фоизини ўзгалар мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш ташкил этмоқда.
XS
SM
MD
LG