Линклар


Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда¸ врачлар иддаосича¸ кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этди.

30 сентябр куни содир бўлган бу ҳақдаги хабарни талабалар пахта тераётган қишлоқда истиқомат қилувчи Озодлик манбаси 5 октябр куни етказди:

- Бизга шу йил Жиззах Санъат коллежи болаларини Дўстлик туманининг Ойбек жамоа хўжалигига олиб келишди. 30 сентябр куни коллежнинг Бахтиёров Азиз деган талабаси вафот этди. Бола пахта тераётган пайтда бирданига йиқилиб қолган. Кейин Дўстликдаги шифохонага олиб боришган, моргда қорнини ёриб экспертиза қилишган. Ўлим сабабини юрак касали дейишяпти, дейди Озодлик манбаси.

Озодлик манбасининг айтишича, талабалар соғлиғини назорат қилувчи тиббиëт ҳамшираси ҳам воқеа ўша ерда бўлган, бироқ унинг қўлидан ҳеч нарса келмаган:

- Мен ҳайронман, агар касал бўлса нега уни пахта теримига олиб келишади? Унинг ота-онаси келиб катта жанжал қилибди. Менинг ўғлимни ҳеч қандай юрак касали йўқ, эди, боламни сизларга тирик топширганман, сизлар ўлдирдиларинг, топиб беринглар деб роса қиёмат қилибди, дейди бу манба.

Озодлик бу воеқани ўрганиш учун Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Пўлат Бобоев билан боғланди. Вилоят бош шифокори Азиз Бахтиёровнинг пахта теримида ўлгани фактини тасдиқлади:

- Ҳа шундай воқеа бўлиб қолди. Бола суд-тиббий экспертизасидан ўтказилди. Энди унинг натижалари билан келиб танишишингиз мумкин, деди Пўлат Бобоев.

Озодлик манбасининг айтишича, шу куннинг ўзида Арнасой туманига келган ҳашарчилардан яна бири пахта теримида вафот этган:

- Азиз Бахтиёров ўлган куни кечқурун Арнасой туманига ҳашарга келган катта ёшдаги бир ҳашарчини Дўстлик тумани марказий шифохонасига олиб келишган. У ҳам ўлибди. Лекин ким эканлигини билолмадик, дейди Озодлик манбаси.

Озодлик ҳозирча расман тасдиқлашнинг имкони бўлмаган бу воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

"Пахта-2012" кампаниясининг расман тасдиқланган қурбонлари сони¸ Озодлик ҳисобича¸ беш нафарга етди.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитовлар пахтадан қочаëтган пайтда поезд тагида қолиб ўлган эди.

17 сентябр куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG