Линклар

Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U16) ўз тарихида илк маротаба Осиё чемпионига айланди.

Теҳронда ўтган 16 ёшгача бўлганлар орасида Осиё чемпионати финалида ўзбекистонлик ўсмирлар япониялик тенгқурлари билан куч синашди.

Учрашувни анча фаол бошлаган япониялик футболчилар 6-дақиқага келиб олдинга чиқиб олишди. Япониялик ҳужумчи Мизутани Такума ўзбекистонлик ҳимоячилар хатосидан усталик билан фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

Шундан кейин ҳам япониялик ёш футболчилар ҳужумни сусайтиришмади. Айниқса 19-дақиқада Миёши узоқ масофадан жуда хавфли зарба йўллади, бироқ дарвозабон Сарвар Каримов тўпни қайтаришга улгурди.

Иккинчи бўлимда эса ўзбекистонлик футболчилар ўйинни жонлантиришди ва ҳисобни тенглаштиришди.

Қўшимча вақт ҳам 1:1 билан тугаганлиги боис мусобақа регламентига асосан жамоалар пеналти тўпларини тепишди.

11 метрлик зарбалар сериясида Ўзбекистон жамоаси 3:1 ҳисобида рақибини доғда қолдирди. Бунга дарвозабон Сарвар Каримовнинг икки марта японияликлар тўпини қайтаргани сабаб бўлди.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар эндиликда 2013 йили ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўра бошлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG