Линклар

Суриядан артиллерия снарядлари келиб тушганига жавобан Туркия аскарлари Сурия ҳудудига қарата тўртинчи кун жавоб ўти очаяпти.

Икки давлат ўртасидаги отишма чоршанба куни Суриядан отилган снаряд Туркия ҳудудига келиб тушган пайтда тинч аҳолидан беш киши ҳалок бўлганидан кейин бошланди.

Шанба куни Туркия ҳудудига яна учта снаряд келиб тушган пайтда ҳеч кимга зарар етмади.

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта можаро Сурия чегарасидан ташқарига ёйилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Можаронинг Туркия каби қўшни давлатлар ҳудудига ёйилиш-ёйилмаслигини вақт кўрсатади албатта. Бироқ бу икки давлат ўртасида ўт очиш воқеаси рўй бераётгани можаро кенгайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда, - дея баёнот берди АҚШ Мудофаа вазири.

Шанба куни Перуга сафари чоғида сўзлаган Леон Панетта Вашинтон ўзининг НАТОдаги иттифоқчиси бўлган Туркия ҳамда унга қўшни бўлган Сурияни эҳтиёт бўлишга чақирганини айтди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли ҳозирда ҳукумат олиб бораётган сиёсат Туркия ҳудуди ҳар гал Сурия томонидан ўққа тутилган пайтда унга жавоб қайтаришдан иборат эканини таъкидлади.

Ўтган ҳафта Туркия парламенти ҳукуматга Сурияда ҳарбий ҳаракат олиб боришга рухсат берди.

Аҳмад Довутўғли бундан кўзланган мақсад зўравонликлар мамлакат ҳудудига ёйилишининг олдини олишга қаратилганини урғулади.

Сурия армияси қисмлари Сурия-Туркия чегараси яқинидаги исёнчилар эгаллаб олган ҳудудларни қайта назоратга олишга уринган пайтда Туркия ҳудудига бир неча снаряд келиб тушган.

Бир пайтлар иттифоқчи бўлган Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабат 2011 йил март ойида Сурия президенти Башар Ал-Ассадга қарши оммавий исёнлар бошланганидан кейин ёмонлашди.

Туркия суриялик исёнчиларни қўллаб-қувватлаётган етакчи давлатлардан биридир. Айни пайтда суриялик бир неча ўн минг қочқин Туркияда бошпана топган.

Туркия ҳукумати Сурия президенти Башар Ал-Ассадни бир неча марта истеъфога чиқишга ҳам чақирган.

Ғарб ахборот агентликларига кўра, Сурияда зўравонликлар бошланганидан бери тахминан 30 минг одам, жумладан, тинч аҳоли вакиллари, исёнчилар ва ҳукумат аскарлари нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG