Линклар

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова Тошкентда ўтаётган Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталиги доирасида бугун ўзининг иккинчи клипини томошабинлар эътиборига ҳавола қилади.

Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

Ўтган ой Гулнора Каримова (Googoosha) ўзи ижросидаги Round Run қўшиғига Бухорода олинган клипни тақдим қилганди.

Гулнора Каримова иддаосича, бу клипни миллионга яқин одам кўрган.

“Иккинчи клипни биз 8 октябр куни тадбир доирасида кийим-кечак кўргазмаси, янги атир тақдимоти билан бирга тақдим этамиз ва буларнинг ҳаммасига упа-элик коллекцияси чиройли якун ясайди”, дея иқтибос келтиради Googoosha сўзларидан РИА Новости.

Агентлик мухбирининг “Яккахон концерт дастури билан чиқишни режалаяпсизми?” деган саволига Гулнора Каримова “йўқ” деб жавоб берган:

“Бу ишни мендан кўра яхшироқ уддалайдиган, бу ишга умрини бахшида қилган профессионаллар бор. Менинг албомим эса ўзим учун ёзилган мусиқа бўлиб, бу автобиографик албомдир”.

Бироқ Гулнора Каримовага бу саволлар берилган пайтда унинг ёнида бўлган россиялик таниқли актёр Гоша Куценко туйқусдан Googoosha янаги йилга концерт беришини айтган:

- Гулнора кейинги йилга яккахон концерт билан чиқиш қилади, бунга мен кафолат бераман, - деган Куценко бугун эрталаб Googoosha ижросидаги Wake Up қўшиғи садолари остида уйғонганини қўшимча қилган.

Гулнора Каримова ўзи уюштираётган тадбирларга узоқ ва яқин хориждан машҳур шахсларни таклиф қилиши ҳамда уларнинг бу каби тадбирларда президент тўнғичини кўкларга кўтариб мақташи биринчи марта кузатилгани йўқ.
Хусусан, Каримова уюштирган санъат ҳафталигининг очилиш ва ёпилиш маросимларида аввалги йиллари Хулио Иглесиас, Хосе Каррерас, Монтсеррат Кабале, Род Стюарт, Стинг, Эннио Морриконе, Эрос Рамазотти, Игор Крутой ва Дмитрий Хворостовский каби таниқли санъаткорлар иштирок этган, бу кишиларга жуда катта гонорарлар тўлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Бу йил эса 9 октябр куни Тошкентдаги Халқаро анжуманлар саройида жаҳонга машҳур юнон қўшиқчиси Демис Руссос хайрия концерти бериши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG