Линклар

2012 йилги Нобел мукофотининг биринчи соҳиблари эълон қилинди


Физиология ва Медицина бўйича 2012 йилги Нобел мукофоти соҳиблари британиялик Ж.Гурдон (ч) ва япониялик Ш.Яманака.

Физиология ва Медицина бўйича 2012 йилги Нобел мукофоти соҳиблари британиялик Ж.Гурдон (ч) ва япониялик Ш.Яманака.

Физиология ва Медицина бўйича 2012 йилги Нобел мукофоти япониялик Шиня Яманака ҳамда британиялик Жон Гурдонга берилди.


Стокҳолмдаги Каролинска институти Нобел қўмитаси аъзоси Горан Ҳанссон мукофотга сазовор топилган икки кашфиётчи номини эълон қилди.

- Каролинска институти ҳузуридаги Нобел қўмитаси бугун Физиология ва Медицина бўйича 2012 йилги Нобел мукофотини етук ҳужайраларнинг плюрипотент ҳужайраларга айланиши учун қайта программалаштириш мумкинлигини кашф қилган Жон Б.Гуртон ва Шиня Яманакага беришга қарор қилди, деди Горан Ҳанссон.

Ҳужайра биологияси соҳасидаги тадқиқотнинг бош мақсади одам организмидаги оддий ҳужайралардан ўзак ҳужайраларини етиштиришга қаратилган.

Каролинска институтининг Нобел қўмитаси Гуртон ва Яманаканинг кашфиёти “ҳужайра ва микроорганизмлар қандай ривожланишини тушунишимизни инқилобий тарзда ўзгартирди” дея баён қилди.

Бу 15 октябрга қадар эълон қилиниши режаланган олтита Нобел мукофотининг биринчисидир.

Нобел қўмитаси 9 октябр куни физика бўйича, 10 октябрда кимё, 11 октябр куни адабиёт, 12 октябрда тинчлик ва 15 октябр куни иқтисодиёт бўйича 2012 йилги Нобел мукофотлари кимларга насиб қилганини эълон қилади.

Халқаро миқёсдаги нуфузли Нобел мукофоти швециялик саноатчи Алфред Нобел томонидан жорий қилинган бўлиб, мукофот биринчи марта 1901 йилда ғолибларга топширилган.

Халқаро молия бозорларидаги беқарорлик сабабли Нобел жамғармаси бу йилги мукофот пулини 20 фоизга камайтирди.

Шу боис Физиология ва Медицина бўйича 2012 йилги Нобел мукофоти 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Нуфузли мукофотлар ўз соҳибларига Алфрел Нобел 1896 йилда ўлган кун, яъни, 10 декабрда бўладиган тантанали маросимда топширилади.
XS
SM
MD
LG