Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:47

Ҳажга бориш учун эмланган аёл вафот этди


Ўшда ҳаж сафарига чиқишдан олдин зиёратчиларнинг мажбурий эмланиши оқибатида қорасувлик бир аёл вафот этди, унинг турмуш ўртоғи эса оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Қорасув туманига қарашли Жийдалик қишлоғида яшовчи Султонхон Фирдавсхонов ва унинг рафиқаси Ҳабибахон Фирдавсхонова 23 сентябр куни ҳаж зиёратига борувчилар қаторида мажбурий тиббий эмловдан ўтказилган/

Ҳабибахон аянинг яқинларига кўра, эмланганидан сўнг бир соат-ўтар-ўтмай ўзларини ёмон ҳис қила бошлаганлар.

Жабрланганларнинг ўғли Абдулазиз Фирдавсхоновнинг айтишча, унинг ота-онаси Ўшдаги имом Бухорий масжидида навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимлари томонидан эмланган. Абдулазиз ота-онаси ўзини ёмон ҳис қила бошлаши биланоқ имом Бухорий масжидидаги шифокорларга мурожаат қилиб, вазият ҳақида гапириб берган. Аммо тиббиёт ходимлари унинг шикоятига бепарво бўлганлар:

- Шифокорлар: “Эмлангандан сўнг бир-икки кун истима чиқади, эътибор берманглар”, деб жавоб беришди. Аммо ота-онамнинг аҳволи соат сайин ёмонлашиб борди. Бизнинг чақирувимиз билан белган тез ёрдам докторлари “Нимага қарши вакцина берган? Қандай вакцина берилгани тўғрисида қоғоз борми?” деб сўрашди. Биз яна масжидга бориб, қоғоз сўрадик. Улар бизга вакцина нимага қарши қилингани ҳақида қоғоз беришмади. Шундай қилиб, онам қазо қилди, -деди Абдулазиз Фирдавсхонов.

Унинг айтишича, онаси 66 ёшли Ҳабибахон ая 27 сентябр куни, яъни эмланганидан 4 кун ўтиб вафот этган. Отаси Султонхон Фирдавсхонов эса 28 сентябрда оғир аҳволда Ўш вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетилган.

Султонхон Фирдавсхонов касалхонага ётқизилганига икки ҳафтага яқин вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача аҳволи яхшиланмаётганидан шикоят қилади.

- Мана икки жумадан бери шу ерда ётибман. Бир-икки қадам боссам ҳам чарчаб қолаяпман. Истимам энди-энди туша бошлади, -дейди Султонхон Фирдавсхонов.

Бу оила аъзолари Ҳабибахон аянинг ўлимига айнан эм дори сабаб бўлган, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг айтишларича, шифокорлар игна сайишдан аввал қарияларнинг саломатлигини кўрикдан ўтказишлари ва эм дори уларга қандай таъсир бериши мумкинлигини ўрганишлари керак эди.

Қирғизистон муфтийси вазифасини бажарувчи Рахматулло ҳожи Эгамбердиев ҳажга борувчи барча одамлар тумов, турли юқумли касалликларга қарши эмланаётгани ва эмланганлар орасида бу каби ҳолат биринчи марта юзага келаётганини айтди:

- Жой-жойларда шифокорлар зиёратга борувчиларни эмлашмоқда. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус қарори ҳам бор. Эмлаш махсус лицензия асосида ишга оширилаяпти. Судия Арабистони ҳаж зиёратига борувчилар мажбурий эмловдан ўтказилишини талаб қилади, - деди муфтий вазифасини бажарувчи.

Ўш вилоят касалхонаси раҳбари ўринбосари Темирхан Жарматова марҳум Ҳабибахон Фирдавсхонова бир марта инсулт бўлганини, Султонхон Фирдавсхонов эса пневмония билан оғриганини, шу сабабли улар эм дорини кўтара олмаган бўлишлари мумкинлигини айтди:

- Биз уларнинг қандай вакцина олганнии билмаймиз. Буни суриштириш керак. Бироқ биз минглаб одамлар соғлиғига салбий таъсир этмаган вакцина Фирдавсхонованинг ўлимига сабаб бўлди, деб ишонч билан айта олмаймиз. Султонхон оқсоқолни текширганимизда у пневмония билан оғригани аниқланди. Биз вакцина мана шу касални қўзитиб қўйган бўлиши мумкин, деб тахмин қилаяпмиз холос, - деди Темирхан Жарматова.

Айни пайтда бу воқеа билан ҳуқуқц ҳимояси ташкилотлари ҳам қизиқмоқда. Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига бу каби воқеа Ўш вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам содир бўлгани ҳақида маълумотларга эга эканини, бу махълумотлар диққат билан текширилгач, бу борада алоҳида ҳисобот эълон қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG