Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:21

Непалда ўзбек альпинистлари кўчки остида қолди


Ўзбек альпинистлари сардори Илëс Тухватуллин.
Ўзбек альпинистлари сардори Илëс Тухватуллин.

7 октябр куни Ҳимолайнинг Аннапурна чўққисига кўтарилаётган ўзбекистонлик икки альпинист қор кўчкиси остида қолди.

Якшанба куни содир бўлган қор кўчкиси оқибатида ўзбекистонлик альпинистлар Илёс Тухватуллин ва Иван Лобановлар бедарак кетган.

Ўзбекистон Альпинизм ва қояга чиқиш федерациясидан олинган маълумотга кўра, воқеа 7 октябр куни Непал вақти билан соат 15:00ларда содир бўлган.

Федерациянинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, икки кундан буён Непал қутқарув хизмати ходимлари вертолётлар ёрдамида кўчки остида қолган ўзбекистонлик икки альпинистни излаяпти.

- Улар кўчки остида қолган. Кечадан буён вертолётлар ёрдамида уларни излашаяпти. Вертолётлар Непалники. Непал қутқарув хизматининг вертолётлари қутқарув ишларини олиб бораяпти. Биз Непалдаги вазият ҳақида Москва орқали биляпмиз. Чунки Непалда ўзбекистонлик альпинистлардан ташқари россияликлар ҳам бор. Рус альпинистлари вазият ҳақида Москвага хабар жўнатяпти. Биз эса улар орқали биляпмиз вазиятни,- деди ташкилот ходими.

Қор кўчкиси ер қимирлаши натижасида юзага келгани айтилмоқда.

Risk.ru сайти ёзишича, Непалда бўлган россиялик альпинист Глеб Соколов ўзбек альпинистларини қутқариш имконсиз экани ҳақида телефон орқали хабар қилган.

Бироқ Ўзбекистон Альпинизм ва қояга чиқиш федерацияси ходими Озодлик билан суҳбатда Тухватуллин ва Лобановларни қутқариш имкони катталигига ишонишини айтади.

- Улар тирик қолиши мумкин. Қор кўчкиси остида қолган альпинстлар қутқарилган ҳолатлар кўп бўлган. Непал туризм ва альпинизм ҳисобига яшайди. Улар бу каби фавқулодда ҳолатларда барча имкониятларни ишга солишади. Энг юқори даражадаги қутқарув хизмати йўлга қўйилган. Шунинг учун биз ҳаммаси жойида бўлишидан умидвормиз,- деди Ўзбекистон Альпинизм ва қояга чиқиш федерациясиининг ўзини таништирмаган ходими.

Таниқли альпинист Илёс Тухватуллин Ҳималай тоғларининг энг баланд чўққиларидан бири - Аннапурнани забт этиш учун ҳаракат қилаётган саккиз кишидан иборат ўзбекистонлик альпинистлар гуруҳининг раҳбаридир.

Тухватуллин бошчилигидаги гуруҳда Иван Лобановдан ташқари Сергей Ильясов, Григорий Юдин, Андрей Куций, Александр Биков, Юрий Егоров ва гуруҳ шифокори Дмитрий Серебряковлар бор.

Ҳозирда гуруҳнинг бошқа аъзолари хавфсиз жойда экани айтиляпти.

Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган ўзбекистонлик альпинистлар баландлиги 8047 метр бўлган Аннапурна чўққисини забт этишни режалаштирган.

Улар чемпионатда иштирок этиш учун 20 сентябр куни Тошкентдан Непалга етиб келишган.

Помир, Тяньшань тоғларининг етти минг метр келадиган чўққиларига чиқиш бўйича тажрибага эга бўлган саккиз альпинист Аннапурнани забт этиб, Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллигига совға қилишни режалаштирган.

8 минг метрдан баланд чўққиларнинг ўнинчиси бўлган Аннапурна чўққиси илк бор 1950 йилда забт этилган. Жаҳон бўйлаб бундай чўққилар 14та ва Аннапурна энг хатарлиси ҳисобланади.

Аннапурнани забт этиш аксар ҳолларда альпинистларга қимматга тушади. Шу пайтгача ушбу чўққини забт этишга уринган альпинистларнинг 38 фоизи ҳалок бўлган.

Ҳозирда бедарак кетган ўзбекистонлик альпинист, халқаро тоифадаги спорт устаси Илёс Тухватуллин 1998 йилда Аннапурна чўққисини забт этгани айтилаяпти.
XS
SM
MD
LG