Линклар

logo-print

Динини ўзгартирган Шайх ҳикояси Лондон саҳнасида

  • Абдулла Искандар

Шайх Саънон образи Марказий Осиë рассомлари тарафидан тасвирланган

Шайх Саънон образи Марказий Осиë рассомлари тарафидан тасвирланган

Лондонда асос солинган Орзу Артс ўзбек театр гуруҳи шу кунларда ўзининг "Мажнун" номли навбатдаги спектаклини намойишга тайëрламоқда.



Таниқли туркман театр арбоби Авлиëқули Хожиқулиев саҳналаштирган бу спектакл немис шоири Гëтенинг Шарқу-Ғарб девони асосида яратилди.

Бу спектакл ташкилотчилари бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат (Рашид Шодиев) Озодлик билан суҳбатда, асар Фаридуддин Атторга оид “Шайх Саънон”, ва Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонларидан парчалардан таркиб топганини айтишди.

Исломдан кечиб тўнғиз боққан шайх ҳикояси

Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тўқнашувлардан ҳикоя қилувчи “Мажнун” спектакли бугунги кун учун ўта долзарб, дейди спектаклда бошдан оëқ моно рол ўйнаган Йўлдош Жўрабоев:

- Насроний Исломни қабул қилди, мусулмон насронийликни қабул қилди, дея Гете солиштиради. Ҳамма нарса ягона севги, ягона муҳаббат боис юз бермоқда. Энди бу ерда севги муҳаббат инсонни инсонга муҳаббати эмас¸ балки Гетенинг назарида ягона яратганга муҳаббатдир. Бу насроний, бу яҳудий, бу мусулмон деб ажратмайлик деган ғояни Гете илгари сурмоқда,- дейди санъаткор.

Фаридуддин Атторга оид “Шайх Саънон” қиссасининг энг зиддиятли нуқтаси Лондон саҳнасида намойиши кутилаëтган спектаклдан ўрин олди.

Насроний қизга ошиқ бўлган Шайх Саънон бу қизни оëқларига йиқилиш учун Римга йўл олади.

Улар орасидаги мана бу диалог инглиз ва ўзбек тилларида спектакл мобайнида янграйди.

Оҳ ўзим ҳам билмам¸ ошиқман сенга само қудрати ила.
Кутарман тотмоқ учун висолинг сенинг.

Эй ҳаëсин йўқотган чол наҳотки тенг деб билсанг ўзингга.
Гўзал ëш ва жозибадор. Тенг билмам ўзимни сенга.

Севги ëш танламас ахир...

Рост бўлса буни исбот қил унда.
Бизнинг эътиқодни қабул қил.
Муқаддас битикни оловга ташла!!!

Бу спектакл америкалик пастор Терри Жоунс томонидан Қуръон нусхаларининг ёқилишини қораловчи намойишлар бўлиб ўтган, Қирғизистон ва Қозоғистон маҳкамалари "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" филмини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган бир даврда ҳозирланмоқда.

Мусулмонларнинг бундай мавзуларга ҳассослиги ортган бир вақтда¸ айни мавзуга қўл уришдан чўчимайсизми деб савол бердик.

Бу саволга жавоб берган Рашид Шадат аввалига бир оз истиҳола қилганини айтади:

- Бошида озгина чўчидик. Тошкентда ëпиқ премьера қилдик. Унга журналистларни таклиф қилмадик. Намойишда фақат мунаққидлар ва соҳа мутахассислари бор эди. Улар яхши қабул қилишди. Ўйлаймизки, Лондондаги томошабин ҳам спектаклни яхши қабул қилади.

Суҳбатдошга кўра, “Мажнун” спектакли Лондоннинг Asia-House ташкилоти кўмагида ноябр ойида намойиш қилинади.

Гëтенинг “Шарқу Ғарб” девони асосида бундан олдин ўзбек бастакори Дилором Сайдаминова мусиқий композиция яратган эди.

Фаридуддин Атторга оид “Шайх Саънон” қиссаси Боку театрида драматург Ҳусайн Жовуд тарафидан саҳналаштирилган эди.

Орзу Артс театри саҳналаштирган спектакл бу асарлардан эстетик тили ва саҳна талқини билан фарқланади, дейди спектакл ташкилотчиси Рашид Шадат.

Орзу Артс театри

2012 йил бошида Лондонда илк ўзбек театри ташкил топиб, спектакл қўйди.

Лондоннинг Giant Olive театрида Орзу Артс театри ўзининг илк томошаси "Дарвеш" спектаклини намойиш қилиб, шарқ санъатига қизиқадиган мухлислар эътиборига тушди.

Театр ташкилотчилари Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат 2000 йилда Тошкент Давлат Санъат институтининг драма театри ва киноактёрлик факультетини тамомлашган.

"Дарвеш" спектаклини саҳналаштирган 34 яшар Йўлдош Жўрабоев 1997 ва 2007 йиллар орасида Тошкентнинг қатор театрларида турли ролларни ижро этган.

У 2000 йилда немис театр ижодкорлари ташаббуси билан ўтказилган "Буюк Ипак Йўли" театр фестивалида "Қобил ила Ҳобил" асаридаги Ҳобил роли учун Гран-при мукофотини қўлга киритган.

Рашид Шадат 1997 йилдан бошлаб Тошкентдаги Республика Ёш Томошабинлар театрида ишлай бошлаган.

У Ўзбекистондаги ижодий фаолияти давомида 30дан ортиқ спектакллардаги роллари, фильм ва видеоклиплардаги образлари билан танилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG