Линклар

Октябрни июн билан августга жилдирса бўлмайдими? (сал жиддийроқ ҳазил)


Guli томошалари октябрдан икки-уч ой аввалроққа жилдирилганида, ўқитувчи ва талабалар ҳам Art weekни тўлдириб берармиди.

Guli томошалари октябрдан икки-уч ой аввалроққа жилдирилганида, ўқитувчи ва талабалар ҳам Art weekни тўлдириб берармиди.

Прага.

Тонг.

11-трамвай.

Мен йўловчи. Бетоқатман. Соатга қарайман. Ишга кеч қолаяпман.

Бекат. Трамвай жилди. Тезлади. Секинлади. Тўхтади.

Бекат. Жилди...

Яна бир бекат. Жилди. Олдда чорраҳа. Тўхтади.

Олд эшик очилди.

Трамвайкаш ҳужрасидан чиқди. Қўлида темир таёқ.

Трамвайдан тушди. Олдга ўтди. Темирга темир урилди – трамвайкаш сўлга бурилиб қолган изни жилдирди. Трамвайига мослади.

Иш эсимдан чиқди.

Трамвайкашнинг оворагарчилигини ўйлай бошладим: дунёнинг ишларини кўринг – олимлар Марсюрар ясаб, уни Зуҳрога қўндириб қўйдию бояқиш трамвайкашлар изни ҳануз темир таёқ билан жилдирадия!

***
Умуман, кейинги кунларда ЖИЛДИРИШ зарурати тўғрисида кўп ўйлайдиган бўпқолдим.

Узоққа бормаймиз. 9 кун ортга қайтамиз.

1 октябр - Ўзбекистонда Ўқитувчилар ва мураббийлар куни.

Бу кун – Ўзбекистонда ДАВЛАТ БАЙРАМИ. УМУМХАЛҚ БАЙРАМ. ДАМ ОЛИШ КУНИ.

Олис юртларда, масалан, Буркина Фасода Ўқитувчилар куни ДАВЛАТ БАЙРАМИми-йўқми – текшириб кўрмадим.

Лекин постсовет ҳудудда, жумладан қўшниларда муаллимлар куни давлат байрами ЭМАС! Текшириб кўрдим.

Биргина Ўзбекистонда Ўқитувчилар куни - ДАВЛАТ БАЙРАМИ!

Ураа, ўртоқлар!

Ура, ураю лекин байрам бўлмади-да!

Ўқитувчию мураббий ва улар туфайли бутун халқ маҳалла гузарида “майрам” қилиб, болаларига хўрозқанд оббериш ўрнига пахта терди.

16 йилдан бери аҳвол шу.

1 октябрни умумхалқ байрами, деб эълон қилиб қўйган Президентнинг ташаббусига беписандлик эмасми бу?!

Президентнинг маслаҳатчилари қаерга қараяпти?

Улар, Ислом ака, келинг, Ўқитувчилар кунини 1 июнга ЖИЛДИРИБ қўяйлик, деса, тилларига тирсак чиқадими?

Мантиқли бўлмасмиди шундай қилишса – 1 июн – Болалар, Боғча Опалар ҳамда Ўқитувчилар куни!

Ғўза яганаси аллақачон тугаган, теримгача эса, яна 3 ой бор.

Мазза қиларди-да, бутун мамлакат муаллиму муаллимкалар баҳонасида!

***

9 кун ортдан бугунга – 9 октябрга қайтамиз.

Бу кун – Гулнора Каримова уюштирган Art Week StyleUz ҳафталигининг сўнгги куни.

Art Week StyleUz расмий сайтида “Ҳафталик доирасидаги тадбирларга ҳар куни 60 000 киши ташриф буюради”, дейилган.

Бу рақамдан эсим оғиб қолай деди.

ОЛТМИШ МИНГ КИШИЯ!

Бутун мамлакат пахта тераётган шу кундая?!

Тезда ҳисоб-китоб қиламиз: Ҳафталик 6 кун давом этди.
60 000ни 6 га кўпайтирамиз = 360 000 киши.

Шунча одам Art Week StyleUz кўришга бормай, эл қатори пахтага чиқсаю 1 килодан терса 360 000 кило, 10 килодан терса 3 600 000 кило пахта териб бермасмиди?

Ҳашарчи талабалардан талаб қилинаётган норма – кунига 60 килодан териш талаб қилинса-чи Artсеварлардан ҳам?

Ғалати кўринаяптими гапларим?

Нимаси ғалати?!

Мамлакат халқининг улкан қисми пахта тераётган бир пайтда ўша халқнинг бир тутами Art кўрса ғалати эмасу терса ҲАММА терсин пахтани, десам ғалати бўлиб қолдими?

Шунақа ғалатлик пайдо бўлмасин учун Гулнора опанинг адаси “Давай доченька, перенесем твою неделю на август, ведь для тебя что ни неделя, то – праздник, в конце-концов, қиламан десанг, қилиқ кўп қизим, халқнинг кайфиятигаям қарайлик”, деса ва августга ЖИЛДИРИБ қўйса бўлмасмиди Ҳафталигини, дейман-да.

Ёки, “Нет, пап, будет в октябре”, деб туриб олдимикан Гулнора опа?

Агар, чиндан ҳам шундай деган бўлса, адалариям “қиз асрагунча, туз асра” деворгандир.

***
Хуллас, ЖИЛДИРИБ қўйса, шунча гап, гап-ку майлия, оғриқ-аччиқ бўлмасмиди, дейман-да.

Ахир, биз айтаётган саналарни ЖИЛДИРИШ учун трамвайкашнинг темир таёғини кўтариш, темирни темирни уриш шарт эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG