Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:46

Ўзбекистонда бирданига 24 судя ишдан бўшади


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳукуматдаги манбанинг айтишича, бирданига бунча судянинг ишдан олиниши мисли кўрилмаган ҳодисадир.

Ўзбекистон ҳукумат доираларидаги Озодлик манбасининг 9 октябр куни маълум қилишича, Ўзбекистон бўйлаб 24 нафар судя бирданига ўз аризасига кўра ишдан олинган. Судяларнинг бу каби оммавий ишдан бўшатилиши Ўзбекистонда илк бор кузатилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судяларни танлаш ва лавозимига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси 24 судянинг аризасини ўрганиб, барчасини лавозимидан бўшатиш ҳақида қарор берган.

Айни пайтда 24 судянинг исми-шарифи ва мамлакатнинг қайси вилоятларидан экани ошкор қилинмаяпти.

Озодлик манбасига кўра, 24 судянинг оммавий равишда ишдан бўшатилиши суд тизимидаги қисқаришлардан далолат эмас.

Манбанинг айтишича, ишдан бўшаган 24 судянинг ўрнига янги судялар тайинланади.

Судялар таркибининг алмашаётгани мамлакат суд тизимидаги ислоҳотлар сифатида талқин этилмоқда.

Судяларнинг оммавий равишда ишдан кетиши президентнинг жорий йил 1 августдаги судяларга имтиёз беришга доир қароридан сўнг кузатилаяпти.

Имтиёз ва маъсулият

Ўзбекистон президентининг “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб Конституциявий суд, умумий юрисдикция судлари, хўжалик судлари судяларига бир қанча моддий имтиёзлар, ижтимоий енгилликлар берилди.

Жумладан, уларнинг маошлари оширилди, даромад солиғи бекор қилинди, ижарага олинадиган уй-жой тўловлари учун ойлик компенсациялар тўланадиган бўлди. Шунингдек, суд тизими ходимларига имтиёзли ипотека олиш имкониятлари ҳам берилди.

Шахси сир қолиши шарти билан Озодлик билан гаплашган Адлия тизими мулозимининг айтишича, айни пайтда, судларнинг маъсулияти оширилган. "Эндиликда суд тизимида фақат ҳалол ва виждонли, ўз касбининг усталаригина ишлайди", деди суҳбатдошимиз.

Коррупция ва судялар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судяларни танлаш ва лавозимига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси раиси, Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик билан август ойидаги суҳбатида мамлакат суд тизимида коррупция борлигини тан олиб, бунга қарши курашилаётгани ҳақида гапирган эди.

- Ўзбекистонда қабул қилинаётган барча қонун, қарор ва фармонлар замирида коррупцияга қарши кураш ётибди. Фақат буни айримлар бошқача талқин қилишади. Суд тизимида ҳам коррупция иллати бор ва унга қарши курашиш керак. Агар порахўрлик иллати бутун дунё мамлакатларини безовта қилмаганида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти коррупцияга қарши алоҳида конвенция қабул қилмаган бўлар эди. Лекин биз саволни бошқача қўйишимиз керак, яъни, “коррупция иллати билан у ёки бу давлат қай тарзда курашмоқда?”. Ўзбекистон шу конвенцияни 2008 йилда ратификация қилганидан кейин, босқичма-босқич шу иллат билан курашаяпди,- деган эди 10 август куни Светлана Ортиқова Озодликка берган интервьюсида.

Ўзбекистонда кейинги йилларда судяларнинг коррупция боис ишдан бўшатилиши ёки ҳибсга олиниш ҳолатлари тез-тез учраётгани кузатилади.

Жорий йилнинг 16 феврал куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди судяси Фарҳод Йигиталиев пора олаётганда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг раиси М. Шукуруллаев, Зарбдор туман Жиноят ишлари бўйича суди раиси Ўткир Абдуллаев пора билан қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг октябрида Фарғона вилоятидаги фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судяси Сулаймон Акбаров машина олди-сотдиси бўйича судга оширилган ишни ҳал қилиш эвазига пора олаётган пайти ҳибсга олинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар туманлараро судининг судяси Юсуф Камолов пора олаётган пайтда миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Яқинда Тошкент шаҳар Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судяси 25 ёшли Дониёр Пўлатов 200 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган эди.

Ўтган йилнинг ёзида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, яширингани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG