Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:11

“Бухорогаз” собиқ раҳбари 10 йилга кесилди


Uzbekistan - Empty Court Room in Tashkent
Uzbekistan - Empty Court Room in Tashkent

Тошкент шаҳар суди аппеляция судлов ҳайъати иқтисодий жиноятларда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган “Бухорогаз” собиқ раиси Илҳом Ҳамроев ҳамда унинг икки нафар жиноий шеригига нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг Тошкентдаги 1-сонли ҳибсхонасида ушлаб турилган Илҳом Ҳамроев қариндошлари ва адвокатлари ҳукмнинг қонуний асосларга эга эмаслиги, тергов материаллари ва далилий ашёларнинг сохталаштирилганини таъкидлашмоқда.

Илҳом Ҳамроев ва унинг жиноий шериклари қариндошларига кўра, судланувчилар тергов даврида қийноққа тутилган ва уларга нисбатан турли даражада босимлар ўтказилган. Ҳатто Илҳом Ҳамроевнинг умуртқа чурраси қаттиқ безовта қилинаётганига қарамасдан, суд жараёнларига мажбурий келтирилган ва ҳозирда Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Ҳусейновнинг терговларига юзлаштириш учун ҳам олиб борилмоқда.

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусейновга нисбатан шу йилнинг баҳорида Бухоро вилояти МХХ бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноий ишнинг ажратилган қисми бўлган мазкур иш бўйича дастлабки инстанция судининг ҳукми шу йил 6 августида эълон қилинган.

Мазкур ҳукм билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Илҳом Ҳамроев, Улуғбек Фозилов, Фахриддин Сафаровларга келтирилган 2 511 149 100 сўмлик моддий зарарни солидар тартибда ундириш мажбурияти юкланган.

Жиноят ишининг яна бир қисми бўлган фуқаро Васлиддин Ҳусейнов иши Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўрилиб, судланувчи 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Вилоятнинг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусейновнинг жияни бўлган мазкур шахс қатор коррупциявий жиноятларда айбланган.

Бухорога сўнгги 16 йилда раҳбарлик қилиб келган Самойдин Ҳусейнов ишини яқиндан кузатаётган “Pegas-Media-Press” журналистик тадқиқотлар маркази вакилига кўра, ҳозирги кунда собиқ ҳоким устидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов материалларига мувофиқ, Самойдин Ҳусейнов фаолияти даврида қатор қонунбузарликлар, хусусан, “Бухорогаз” ширкатининг 90 миллон сўм пулини ўз уйини таъмирлаш учун ўтказишга кўрсатма берган. Бухоро шаҳридаги “Шарқ” автостанциясини буздириб, уни жияни Васлиддин Ҳусейновга савдо мажмуаси қилиб берган.

Шунингдек, вилоятдаги Шредер жамоа хўжалиги ҳудудида жойлашган 55 сотихлик болалар боғчаси ерларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштирган. Жондор туманидаги консерва заводи ва бир қанча автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларини қариндошларига хусусийлаштириб берган.

Эслатиб ўтамиз, Самойдин Ҳусейнов 2011 йилнинг 28 декабрида халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимидан четлатилган. 2012 йилнинг май ойида унинг ўз жонига қасд қилгани, июнь ойида эса қамоққа олингани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган. Аммо бу маълумотлар расман тасдиғини топмаган эди.
XS
SM
MD
LG