Линклар

Жалолободда очлик эълон қилганлар сони кўпайди


Жалолободда очлик эълон қилганларнинг барчаси аёл кишилардир.

Жалолободда очлик эълон қилганларнинг барчаси аёл кишилардир.

Жалолободда ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринишда айбланиб ҳибсга олинган парламентнинг уч депутатини озодликка чиқаришни талаб қилиб очлик эълон қилганлар сони 29 кишига етди.

Жалолобод вилоят ҳокимияти олдида очлик эълон қилган 29 одамнинг барчаси аёллар, жумладан, қаҳрамон она унвонига сазовор бўлганлар экани айтилмоқда. Улардан 13 нафариниг қон босими ошиб, саломатлиги ёмонлашган.

Очлик эълон қилганлар ўз норозилик тадбирини 8 октябрда бошлаган эдилар. Ўшанда 9 аёл очлик эълон қилганини билдирган эди. Улар 3 октябр куни Бишкекда Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан 400 одам иштирок этган митинг уюштириб, парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйни ишғол қилишга ҳаракат қилганликда ҳамда халқни очиқдан –очиқ ҳокимиятни босиб олишга чақирганликда айбланиб ҳибс қилинган парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талай Мамитовнинг озод қилиниши тарафдоридирлар.

Саломатлиги ёмонлашганига қарамай очликни тўхтатмаётган Суйумкан Абдуллаева ҳисб қилинган уч депутат қонунбузарликка йўл қўйганига қарамай оқланиши шарт деб ҳисоблайди:

- Болалар ақлини ғазаб эгаллаб, мана шу ғазаб босилмай, Оқ уй даврвозасидан ошиб тушишга ҳаракат қилишган. У боланинг қўлида қуроли йўқ бўлса, ортида армияси йўқ бўлса, Оқ уйни қандай қилиб босиб олар эди? Элим учун, ерим учун деб мана шундай ишга қўл урди-да. Уларнинг қилган ишлари жиноят эмас, -деди Суйумкан Абдуллаева.

Воқеалар ривожини кузатаётган Қирғизистон Омбудсмени вакили Алима Аманова Жалолободда вазият мураккаблашиб бораётир, деган фикрда. Икки кун аввал 9 одам очлик эълон қилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 30 га яқинлаб қолган. Алима Аманова ҳукумат вазиятни барқарор сақлаб қолиш учун сиёсий қарор қабул қилиши кераклигини айтади.

- Қамчибек Ташиев ва у билан бирга ҳибс этилган депутатлар қонун доирасида, терговчилар томонидан процессуал меъёрларга амал қилинган ҳолда тергов қилинмоқда. Бу масала, албатта, қонун доирасида ҳал этилиши лозим. Бироқ бу ерга тўпланганлар Қамчибек Ташиев Қумтор олтин кони миллийлаштирилишини талаб қилгани учун қамалди, деб ҳисоблашмоқда. Норозилар “ҳукумат мухолифатга босим кўрсатмоқчи бўлаяпти”, деган нуқтаи назардалар. Шунинг учун ҳам вазиятни издан чиқармаслик мақсадида президент, ҳукумат ва суд адолатли қарор қабул қилиши керак, - деди Алима Аманова.

Айни пайтда Бишкекдаги парламент биноси олдида ҳибс қилинган депутатларнинг 50 нафар тарафдори митинг ўтказимоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, 11 октябр куни Иссиқкўл ва Ўшда ҳам мана шундай митинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талай Мамитов 4 октябрга ўтар кечаси ҳибс қилинган ва уларга нисбатан Бош прокуратура Жиноят Кодексининг 297- (Конституциявий тузимни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий даъват этиш) ва 28-295 - (ҳокимиятни куч билан қўлга олиш) моддалари асосида жиноят иши очган. Бош прокурор Айида Салянованинг маълум қилишича, мазкур моддалар бўйича ҳибс қилинган депутатлар 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG