Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:36

Қозоғистонлик мухолифатчининг қамалиши халқаро ҳамжамиятни ташвишлантирмоқда


Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон.
Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Қозоғистондаги “Олға” мухолифат партияси лидери Владимир Козловнинг қамалгани юзасидан ташвиш изҳор қилди.

Расман рўйхатга олинмаган мухолифатдаги “Олға” партияси етакчиси Козлов душанба куни суд томонидан етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Козлов ўтган йили Жанаўзен шаҳрида нефт заводи ишчиларининг оммавий иш ташлашига алоқадор, деб топилган.

2011 йил декабрида маошлар оширилиши талаби билан иш ташлаган ишчилар ва полиция ўртасида рўй берган тўқнашувда 17 одам ҳалок бўлган эди.

52 ёшли Владимир Козлов қонунга зид иш қилмаганини таъкидлаб, ўзига нисбатан очилган жиноий иш сиёсий тусга эга эканини айтган.

Эштон хоним номидан кеча тарқатилган баёнотда айтилишича, “маҳкама жараёнини эркин кузатиб бориш имконияти берилганини олқишлаш билан бир қаторда Европа Иттифоқи судда кузатилган қатор камчиликларни ҳам қайд этган. Козловга нисбатан чиқарилган ҳукм унинг айбига яраша бўлмаган ва унинг сиёсий фаолиятини эътиборга олган ҳолда, сиёсий асосга эга, деб ҳисоблаймиз”.

Кэтрин Эштон Европа Иттифоқи воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боришини айтиб, Қозоғистон расмийларини маҳкама жараёнини мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ равишда кўриб чиқишга чақиришни ваъда қилган. Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Козловга “эркин, адолатли ва шаффоф аппеляция ҳуқуқи” берилишига умид билдирган.

Айни пайтда ЕХҲТ парламент ассамблеяси раиси Риккардо Милори ҳам сешанба куни қозоғистонлик мухолифатчи иши бўйича чиқарилган ҳукм юзасидан хавотир изҳор қилган.

Унинг фикрича, афтидан, Козлов ўз ҳимоясига тайёрланиш имкониятига эга бўлмаган.

“Бундан мазкур ҳукм Қозоғистон расмийларининг ўз мухолифларига қандайдир огоҳлантириш йўллаш уриниши бўлган, деган хулоса қилиш мумкин бўлган, холос”, дея иқтибос келтиради жаноб Милори сўзларида Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлиги.

Қозоғистонда мухолифат лидери Владимир Козловнинг қамоққа ташланиши юзасидан 9 октябр куни Қўшма Штатлар ҳам ташвиш билдирганди.
XS
SM
MD
LG