Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

"Қўрқинчли Тошкент"


Гулнора Каримова хос зиëфатдаги хос меҳмони Холид Эргенч билан. Сурат Sayyod.com сайтидан олинди.
Гулнора Каримова хос зиëфатдаги хос меҳмони Холид Эргенч билан. Сурат Sayyod.com сайтидан олинди.
Гулнора Каримованинг Тошкент марказидаги Ичон қалъасида ўтказган базму зиëфати яна Эрон инқилобидан олдин малика Сурайё ўтказган тадбирларни эсга солди...

Ëшлигимда¸ мендан катталарнинг қўлида Эрон ëзувчиси Мушфиқ Козимийнинг "Қўрқинчли Теҳрон" китобини кўрганман.

"Бу асарни сен ўқима¸ жуда уятсиз гаплар бор!" деб мени қўрқитишган эди катталар.

Китобда Техрон марказидан ўтган Вали Аср кўчасидаги фаҳш ва риëга тўла ҳаëт акс этган эди.

Менинг гўдак идрокимга бу китобдаги очиқ саҳналар бузуқ таъсир қилишидан қўрққан “катталар” нинг меҳрибонлиги эди бу.

Айни пайтда уларнинг ўзи бу китобни чандон иштиëқ билан ўқишар эди....

Шу кунларда шууримда яна “Қўрқинчли Теҳрон “ калимаси ерлашди.

Гулнора Каримованинг Тошкентдаги оддий аҳолидан иҳоталанган Ичон қалъаси ичидаги базми нафақат муҳозафакор кишилар¸ балки либерал кўз қарашдаги дўстларимиз тарафидан ҳам аччиқ эътироз билан қаршиланди.

- Муаллиму врачлар оғир шароитларда, овқатларига ўз чўнтакларидан пул тўлаб, пахта тераркан, бу ерда фақат битта одам - Гулнора Каримова учун томоша ҳозирланган¸ деб ëзғирди тошкентлик рассом Вячеслав Охунов ББСга берган интервюсида.

Айни пайтда Тошкентда ўтказиладиган ақиқаю¸ эҳсонларнинг энг исталган меҳмони¸ амри маъруф пири Анвар қори каби фозил уламо ҳам Гулнора Каримованинг тадбирларида кўриниш бермоқда.

Умида Аҳмедова филмидаги бир келинчакнинг кийинаëтгани саҳнасини улуғ гуноҳ сифатида кўриб ëқасини тутган Ўзбекистондаги расмий ва норасмий муллалар Art Week Style ҳафталигини очиб берган соҳибжамолларнинг яланғоч елкаларини подшонинг инояти ўлароқ қабул қилишган кўринади.

Ўзбекистонда ва ундан ташқаридаги тақвоси кучли ўзбеклар ғазаби номаълум киночи суратга олган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмига қаратилганига гувоҳ бўлдим.

Уммон ортида суратга олинган филмнинг уммон ортидаги муаллифини ғажишга ҳозир оломон Тошкентнинг Ичон қалъасидаги “очил дастурхон” ҳақида ғиринг демайди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги диндошлари¸ эътиқод маҳбуслари ҳақида калимага келмаган тилдан нимани ҳам таъма қиламиз....

Бу гапларни ëзаëтган бир вақтда Ўзбекистонда ўтаëтган Art Week Style маданият ҳафталигини ҳам кузатяпман (асосий ишим ўзи шу..).

Мусиқа¸Туркия ва Россия шоу ва секс дунëсида ном чиқарган шоввозларнинг ғоз юриши. Мовий кўзларини Гулнора Каримавнинг очиқ кўкрагига ҳирс билан тиккан Султон Сулаймон (Xолид Эрганч) Чаппар урган ранглар. Гули бренди остида чиқарилган атирлар ифоси.

Президент соҳибжамол қизининг телевизор русумидаги шаффоф либоси. Оғзидан олов пуркаëтган бозингарлар¸ муздан ясалган ғаройиб махлуқларнинг ҳайкаллари. Голландиядан махсус келтирилган атиргуллар калласидан тикланган деворлар...

Худди “Муҳташам юз йил” сериалидаги шаҳзоданинг суннат тўйига менгзайдиган дабдаба....

Одамни юраги ҳапқирадиган даражада эҳтиросли саҳналар. Кўзни қамаштируви ранг ва линиялар.....

Бир сўз билан айтганда¸ қироличанинг дилхушлиги.

Айни шу манзара¸ Ислом инқилоби арафасидаги Теҳроннинг Вали Аср кўчасида ҳам кузатилган эди.

18 километрга чўзилган Теҳрондаги бу кўча 1977 йилда мода кўргазмаларига саҳна эди.

Шоҳнинг рафиқаси Сурайë Исфандиëрий дунëдаги энг гўзал санъат асарларини харид қилиб¸ Вали Аср кўчасидаги шоҳона клубларда намойиш қилар эди.

Парижда эрталаб тикилган либослар Вали Аср кўчасида оқшомга бормасдан пайдо бўлар эди.

Шарқона инжалик Ғарб шаффофлиги билан қоришиб ўзига хос тароватли бир дунë яратган эди.

Вали Аср кўчасидан сал нарида қашшоқлик¸ умидсизлик ва нафратнинг улкан дарахти сув ичар эди.

Бу ҳақиқатдан ҳам¸ қўрқса қўрққулик Теҳрон эди. Бу нафрат бутун музофотга ëйилган эди.

1978 йилга келиб бу нафрат катта норозилик тўлқинига айланди. Бутун иллат фаҳш киноларда деб билган оломон «Рекс» кинотеатрига ўт қўйди.

Кинотеатр ичидаги 500 томашабин куйиб кул бўлди¸ зеро эшиклар ташқаридан тамбаланган эди.

Ана шундан кейин "проамрикон Эрон"¸ аксил-амрикон Эрон Ислом жумҳуриятига айланди.

Жуғрофий жиҳатдан Эрон биздан узоқ эмас¸ ҳатто Урганч бозорида Эрондан келтирилган тухум ва олма сотилади.

Бухородан 500 чақирим юрсангиз¸ Эронга борасиз¸ қоласиз.

Бугун Озодликка келган шарҳларга кўз югуртириб¸ Эрон нафақат жуғрофий¸ балки руҳан ҳам яқин¸ деган фикрга бордим.

Яна Аллоҳ билгувчидир.
XS
SM
MD
LG