Линклар

"Қотил ўз қилмишидан пушаймон..."

Болалар ҳуқуқлари бўйича Санкт-Петербург ваколатхонаси раҳбари Светлана Агапитова номига умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 26 ёшли ўзбекистонлик педофил Озод Эрнапасовдан хат келиб тушди.

“Иқрорномага ўхшаш бу хатда қотил ўз қилмишидан қаттиқ пушаймонда эканини айтиб¸ маслаҳат сўраган”, дейди Озодлик мухбирига Светлана Агапитова.

“Мен жуда оғир жиноят содир этдим ва бундан афсусланаман, ҳеч нарсани орқага қайтариш мумкин эмаслигини ҳам тушунаман, лекин мен кимгадир ёрдам бермоқчиман, ҳеч бўлмаганда ўз тана аъзоларимни шунга эҳтиёж сезаётган болаларга топширишга тайёрман, бунинг ўрнига мен ҳеч нарса талаб қилмайман. Шу тариқа мен кимгадир яшашга имкон бермоқчиман”, дея Эрнапасовнинг рус тилида хатолар билан ёзилган хатидан иқтибос келтиради Светлана Агапитова.

- Тўғриси, бу хат кимдан келиб тушганини англаб мен шок ҳолатига тушдим. Чунки мен бу одамнинг содир этган қилмишини била туриб, албатта¸ биринчи ҳиссиётим нафрат эди. Мен қамоқда Эрнапасов ўзгарган, деб ҳисобламайман. Чунки тергов пайтида ҳам, изоляторда ҳам руҳан соғ деб топилганига қарамасдан, Эрнапасов болани қандайдир овозлар босими остида ўлдирганини гапириб келган. Вақт ўтди, тасаввур қилинг – у 26 ёшли ёш йигит, англаб етгандир ниҳоят ўз қилмишини. Ҳа, унинг афсусланишига ишонаман ва шу тариқа ҳеч бўлмаганда ўз қалбини тозалашга уринаётгандир, дейди Светлана Агапитова.

Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг сўзларига кўра, Россия қонунчилигига кўра¸ органларни кўчириш фақат яқин қариндошликда бўлганлар орасида содир этилиши мумкин.

Агапитова Эрнапасовга жавоб хат йўллаб, унга бундай қарорга келган одамнинг қандай йўл тутиши кераклигини тушунтирганини айтади.

- Тириклигида ўз тана аъсосини бошқаларга бериш бизда қонун орқали тақиқланган. Биз унга нима қилиш кераклигини тушунтирдик, хуллас донорлик фақат унинг ўлимидан кейин амалга оширилиши мумкинлигини уқтирдик. У умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилгани боис, жазони ижро этиш тизими унинг бу хати ва васияти асосида органлар ҳақиқатан касал болаларга ёки катта ёшдаги одамга берилиши юзасидан муайян ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириши мумкин, дейди Светлана Агапитова.

Светлана Агапитова қотил Озод Эрнапасовнинг хатини очиқлаганидан кейин Россия блогосферасида қизғин тортишувлар юзага келди.

Айримлар “Сиз ўз фарзандингизга қотил-педофилнинг жигарини ўрнатишга розилик берармидингиз?” деган саволни ўртага ташласа¸ бошқалар қотилнинг амалда бир нечта боланинг умрини сақлаб қолиши мумкинлигидан баҳс қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Агапитова тана аъзоларига муҳтож болалар сони ҳақиқатан кўплигини тан олади.

Ваколатхона расмий сайтида бу масала юзасидан билдирилган шахсий муносабатида, Светлана Агапитова ўлим олдида турган фарзандининг аҳволини яхшилаш учун ота-оналар ҳатто шундай қотиллар тана аъзоларини кўчириб ўрнатишга ҳам рози эканлигини билдирган.

Жиноят тафсилотлари

Педофилия ва қотилликда айбланиб қўлга олингунга қадар Озод Эрнапасов Санкт-Петербургда рўйхатдан ўтмасдан яшаб юрган.

Санкт-Петербург Тергов бошқармаси маълумотига кўра, 26 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 15 ларда Эрнапасов Санкт-Петербургнинг Красногвардейская тумани Республиканская кўчасида ижарада туриб ремонт қилаётган уйга 9 ёшли ўғил болани алдаб олиб киради ва уни калтаклаб¸ зўрлайди.

Боланинг бақириғини эшитиб қолган қўшнилар полиция чақиртиради.

Ўз қилмишидан қўрқиб кетган Озод Эрнапасов боланинг кўкрак қисмига беш марта пичоқ уради ва боланинг мурдасини яширишга уринади. Бироқ хонага эшикни бузиб кирган полиция ходимлари қўли қонга беланган ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирни жиноят устида ҳибс этишади.

4-синф ўқувчиси экани айтилган бола эса тез тиббий ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилаëтган пайт йўлда жон беради.

Тергов давомида жинояти тўлиқ исботланган ва ўз айбига иқрор бўлган Озод “анчадан буён болаларга иштиёқи борлиги, лекин ўзини қўлда ушлаб туришга ҳарақат қилиб келгани”ни терговчиларга сўзлаб берган.

Маълум бўлишича, қотиллик олдидан мигрант иш берувчининг 13 минг рублга тенг олтин буюмларини ҳам ўмаришга улгурган.

Аввалига Красногвардейская туман суди ҳаками Эрнапасовга қотиллик ва зўрлаш учун 15 йил, ўғирлик учун 5 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Бироқ жамоатчилик босими остида Санкт-Петербург шаҳар суди жорий йил июнида 9 яшар болакайни зўрлаб ўлдирганликда айбланган Озод Эрнапасовга чиқарилган ҳукмни умрбод қамоқ жазосига алмаштирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG