Линклар

Тошкент метросидан Чкалов номи олиб ташланди


Тошкент метросининг эндиликда собиқ "Чкалов" бекати.

Тошкент метросининг эндиликда собиқ "Чкалов" бекати.


Тошкент метрополитенининг “Ўзбекистон” йўналишидаги “Чкалов” метро бекати номи¸ айрим тахминларга кўра¸ совет тимсолларига қарши курашаëтган президент Ислом Каримов томонидан “Дўстлик” деб ўзгартирилди.

Москвадан шимолий қутб орқали Ванкувергача бўлган масофада осмонни забт қилган совет учувчиси Валерий Чкаловнинг бекат вестибюлидаги бронза бюсти ўз жойидан қўпориб олиб кетилган.

Метро бекатини бориб кўрган тошкентлик журналистнинг Озодликка айтишича “Чкалов” бекатидаги барча ëзувлар демонтаж қилинган¸ аммо ҳали “Дўстлик” деган нишон илдирилмаган.

“Чкалов” метро бекати қайта номлангани ҳақидаги хабарни Озодликка Тошкентдаги мустақил журналист Алексей Волосевич маълум қилди:

- Кираверишдаги “Чкалов“ деган бронза ëзув олиб ташланган. Лекин “Дўстлик” деган ëзувни ҳали осишмади. Бекат ичкарисида ҳали “Чкалов” деган ëзувлар мавжуд¸ дейди журналист.

Волосевич¸ номи ўзгартирилган бекатда Ўзбекистоннинг янги тарихида кўп кузатилган вандализм аломатларига дуч келганини айтади:

- Санъат асари бўлган Чкаловнинг бронза бюсти ва унинг атрофидаги ҳайкалтарошлик композицияси ўта қўпол тарзда суғуриб олинган.

Бу ҳайкал махсус буюртма билан бронзадан қуйилган эди. Ҳайкал бекатнинг асосий безаги эди. Ҳайкал турган мармардаги ëриқларга қараб хулоса чиқарсак¸ бюст темир тўқмоқ (кувалда) билан синдириб олинган¸ дейди тошкентлик журналист.

Чкалов ҳайкали 1987 йили метро бекати очилиши баробарида ўрнатилган эди.

Чкалов Авиация заводи пулига қурилган бу ҳайкал санъат асари сифатида Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги маданий ëдгорликлар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги матбуот вакили Ҳиндол Мадраҳимов¸ бу ҳайкал тақдири ҳақида маълумоти йўқлигини айтди.

Айни пайтда Мадраҳимов Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги¸ мафкуравий мазмунидан қатъий назар¸ бадиий аҳамияти бўлган барча ҳайкалларни сақлашга ҳаракат қилаëтганини билдирди:

- Ҳозирги янги вазир ўзи олдин Рассомлар академияси раҳбари бўлган. Шунақа нарсаларга катта эътибор қаратаяпти. Совет мафкураси маҳсули бўлган¸ аммо бадиий қийматга эга асарлар давлат назоратида сақланмоқда¸ дейди вазирлик мулозими.

Чкалов киноси Чкаловнинг бошини еди

“Чкалов” бекатининг қайта номланиши Россия телевидениесида “Чкалов” деган кўп қисмли филм намойиши тугаган куни амалга оширилди.

Воқеани ўрганган Тошкентдаги мустақил журналист Алексей Волосевич назарида бу тасодиф эмас.

- Менга маълум бўлишича¸ Ислом Каримов бу филмни диққат билан томоша қилган. Томоша тугаганидан кейин эса Тошкентда “Чкалов” метро бекати борлиги эсига тушган. Ана шундан кейин Сталин лочини номига қўйилган бекатни зудлик билан қайта номлаш масаласи кўрилди¸ дейди журналист.

Тарих фанлари доктори¸ профессор Гога Ҳидоятов назарида “Чкалов” бекатининг қайта номланиши тўғри қарор бўлган:

- Совет мафкураси маҳсули бўлган бу учувчининг Тошкентга ва бугунги Ўзбекистонга сира алоқаси йўқ. Олдин Чкалов заводи бор эди¸ ҳозир бу завод ҳам йўқ. Ундан кўра “Дўстлик” деган калима мос деб биламан¸ дейди олим.

Журналист Алексей Волосевич ўзбек олимининг гапларига қўшилмайди:

- Чкалов самолëт тимсолидир. У янги техникаларни тарғиб қилган. Ўзбекистон яқин- яқингача учқич ишлаб чиқарадиган дунëдаги саноқли мамлакат эди. Бу ютуқ Чкалов идеаллари билан боғлиқ. Бу ерда яшамади¸ деган иддао кулгили. Навоий ҳам Ўзбекистонда яшамаган¸ аммо ҳамма ерда ҳайкали бор¸ дейди журналист.

“Чкалов” метро бекати 1987 йилнинг 7 ноябрида фойдаланишга топширилган эди.

Хавфли юлдузлар

Сўнгги йилларда Каримов буйруғи билан Тошкент метросининг қатор бекатлари қайта номланди.

2008 йили “Халқлар дўстлиги” бекати “Бунёдкор” дея қайта номланди, 2010 йил эса Иккинчи жаҳон урушида генерел унвонига мушарраф бўлган ягона ўзбек ҳарбийси, Совет Иттифоқи қаҳрамони Собир Раҳимов бекати номи, "Олмазор" дея атала бошланди.

Ўзбекистон президентининг 9 октябр куни Хоразмга сафаридан олдин вилоятнинг эҳтимолий совет тимсоллари борасида махсус тафтиш қилингани айтилди.

Урганч марказида Чор Россияси пайтида қурилган эски Почтамт биносининг ғиштин деворида гирих шаклида ясалган қабариқ беш юлдузлар борлиги аниқланган.

1984 йили ЮНЕСКО маблағи билан таъмирланиб¸ замонавий Суратлар галереясига айлантирилган бу тарихий бино пештоқидаги ғиштин юлдузлар ҳам синдирилиб¸ суваб ташланган.

Девордаги “совет” тимсолини кўздан қочирган галерея директори¸ санъатшунос Озод Султонов президент сафари арафасида бундай эҳтиëтсизликка йўл қўйгани учун¸ ишдан олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG