Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:58

Ишлаш учун Кореяга қандай борсам бўлади?


Жанубий Кореяга борган ўзбекистонликлар, асосан, завод-фабрикаларда ишлайди.
Жанубий Кореяга борган ўзбекистонликлар, асосан, завод-фабрикаларда ишлайди.

OzodJavob дастурининг навбатдаги сонида Кореяга ишга бориш йўллари ҳақида суҳбатлашамиз.


Жиззахлик 21 ёшли Бобур ҳозирда Россияда мардикорлик қилаяпти. Бобур OzodJavobга мурожаат қилиб, Кореяга бориб ишлаш режаси борлигини айтиб, бунинг учун нима қилиши кераклиги борасида сўради.

- Мен Бобур. Ëшим 21да. Ҳозир Россияда ишлаяпман. Кореяга бориб ишлаш ниятим бор. Бунинг учун қаерга учрашишим керак. Кореяга бориб ишлаш учун нима қилиш керак ва қаерга бориш керак? Қандай йўллари бор? Ҳамма харажатлари қанчага тушади? Тўлиқ маълумот керак менга, дея сўради Бобур.

Озодлик Бобур саволига жавоб излаш борасида Кореяга ишлаш учун боришнинг бир қанча йўллари борлигини аниқлади.

1. Кореяга ишлашга боришнинг биринчи йўли давлат шартномаси орқали:

Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро тузилган битим асосида ўзбекистонликлар давлат шартномаси асосида Кореяда қонуний ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.

Ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга жўнатиш билан Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик шуғулланади.

Агентликнинг вилоятларда Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролари бўлиб, фуқаролар дастлаб мазкур бюроларга мурожаат қилишлари лозим бўлади.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликнинг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Кореяга ишлаш учун бориш тартиби жуда осон бўлиб, асосий талаб корейс тилини билиш ва соғлиги жойида бўлиши лозим.

Шунингдек, агентлик ходимига кўра, фуқаро касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ва мутахассислиги мавжудлигини тасдиқловчи хужжат (сертификатга) эга бўлиши лозим бўлади.

Жанубий Корея жўнатган квота асосида ўзбекистонликлар шартнома туридан келиб чиқиб, 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга ишлашга боришлари мумкин.

Жиззахлик Алишер 3 йил аввал давлат шартномаси асосида Кореяга 4 йилу 10 ойлик муддатга ишлашга келган.

- Кореяга келиш документлари: турар жойидан справка, паспорт копияси, соғлиғи тўғрисида справка, сизни кафилликка олган одамнинг нотариус тасдиқлаган ҳужжати. Кафилликка Кореяга боргач нелегал чиқиб кетмаслиги учун олинади. Кейин ота-она розичилиги, ҳамма жойдан тиббий кўрикдан ўтгани бўйича справкалар керак бўлади. Тиббий кўрикдан яна Тошкентдан ўтилади. Двойной харажатда. Ўзбекистонда корейс ўқитувчилар бор. Ўшаларда ўқийсиз. Кейин жетон берилади. Жетон имтиҳонга киришга рухсат дегани. Усиз имтиҳонга кириб бўлмайди. Имтиҳон Тошкентда бўлади. Жетон қўлингизда бўлгандан кейин кирасиз. Жетон бўлмаса, кира олмайсиз. Жетонни пулга сотиб оласиз. Текинга бермайди. Кейин контрактга бир миллион сўм тўлаган эдим. Ҳужжатлар тахлангач, имтиҳондан ўтасиз, кейин навбатингиз келишини кутасиз, дея ўртоқлашди ўз таржибасини Алишер.

Уч йил навбат кутиб кейин Кореяга келишга муваффақ бўлган Алишерга кўра, барча ҳужжатларни тақдим қилиб, навбатга ёзилгач айримлар узоқ йиллар давомида кутишига тўғри келади.

Кореяда ишлаётган навоийлик Хусан аканинг айтишича, навбати келишини ҳатто 10 йил кутганлар ҳам бор.

- Мисол учун бир ойда, уч ойда келиб қолганлар ҳам бўлади. 2-3 йилга чўзилиб қолганлар ҳам бор. Эшитамиз ора-сирада. Лекин битта нарса, шундай ҳолат бўлган, ўтган йил бир йигит билан учрашганман Кореяда, 10 йил навбати келишини кутганини айтди, дейди Ҳусан ака.

2. Озодлик ўрганишича, Ўзбекистондаги юқори малакали мутахасислар, масалан, шифокор, физик ёки шу каби касб эгаларининг ўзлари Кореядаги ташкилотлар билан бевосита шартнома имзолайди. Шундан кейин Корея ташкилотлари бу мутахасисларнинг виза олиши билан боғлиқ барча масалаларга кўмаклашади.

3. Кореяга ўқишга борган ўзбекистонликлар кейинчалик бу мамлакатда қолиб ишлашлари ҳам мумкин.

Бундай ҳолатларда талабалар ўқишни битказгач, ўзлари Кореядаги бирор ташкилотдан иш топиб, шартнома имзолайди.

************************************************

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик манзили:

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй.

Ишонч телефонлари:

-8 (371) 214-54-36
- 8 (371) 214-30-76


Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюро телефонлари:

Тошкент – 8 (371) 150-21-56
Бухоро – 8 (365) 223-47-55
Нукус – 8 (361) 222-58-27
Фарғона – 8(373) 222-28-63
Қарши – 8 (375) 224-11-21


***********************************************

Азиз тингловчи агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз таржибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.
XS
SM
MD
LG