Линклар

Россия томонидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар учун тайёрланаётган янги шартнома Қирғизистон манфаатларига зид экани айтилмоқда.


Қирғизистон парламенти депутатлари Россия ва Бишкек ўртасида имзоланиши кутилаётган ҳарбий мазмундаги ҳужжатлар мамлакат манфаатларига зид келишини билдирмоқдалар. Жумладан, Москва томонидан ҳарбий саноат масаласидаги ҳамкорлик юзасидан тайёрлаган шартнома Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги томонидан маъқулланган. Депутатлар фикрича, айнан мана шу шартномада Қирғизистон манфаатлари эътиборга олинмаган.

Парламент депутати Исмоил Исақовнинг айтишича, мазкур ҳужжатда Қирғизистон Россия билан ҳамкорликда ишлаб чиқарган ҳарбий саноат маҳсулотларини ҳорижга сотиш учун Москванинг ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлатларнинг рухсатини олиши шарт бўлади.

-Бу Қирғизистон манфаатларига зид келади. Масалан, “Достон” заводида ва Бишкекдаги машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган ҳарбий маҳсулотларнинг айрим қисмлари Россиядан сотиб олинади. Агар шартнома мана шу тарзда маъқулланса, у ҳолда Қирғизистон ўз маҳсулотини хорижга сотиш учун Россиядан рухсат олишига тўғри келади. Бу биз учун қабул қилиб бўлмайдиган шартдир, -деди Исмоил Исақов.

Бишкекдаги “Достон” ширкатига алоқаси бўлган мутахасис, парламентнинг собиқ депутати Улукбек Ўрмўнов шартнома қабул қилинса ҳам, қабул қилинмаса ҳам қирғиз ҳарбий саноати ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилиш масаласида муаммолар бўлишини айтади:

-Бу шартнома Қирғизистон учун кўп қийнчиликларни пайдо қилади. Биринчидан, ўзимиз чиқарган маҳсулотни ўзимиз сота олмаймиз. Агар бу шартномани имзоламасак, янги ҳарбий техникани ўйлаб чиқарадиган институтларнинг барчаси Россияда жойлашган. Уларнинг ёрдамисиз ҳарбий саноатни ривожлантириш мумкин эмас, -деди Улукбек Ўрмонов.

Қирғизистон парламентининг хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раиси Тўқўн Мамитов эса Россия билан мазкур шартнома юзасидан муроса қилиш керак, деган фикрда:

-Бу шартнома Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар томонидан ҳам маъқулланиши керак. Бу шартномани биз ҳозир маъқулласак, эртага унга Белорус, Тожикистон ёки Қозоғистон қарши чиқиши мумкин. Шунинг учун биз шартнома Бишкекдаги “Достон” ва машинасозлик заводларига таалуқли бўлмаслиги керак, деган шарт билан уни қабул қилишимиз мумкин. –деди Тўқўн Мамитов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG