Линклар

Хоруғлик оналар ўз норозилигини билдирди


Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов.


Хоруғ шаҳрининг УПД мавзеида яшовчи аёллар Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов билан учрашув чоғида қўмитанинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти бўйича бошқармаси раҳбарини шаҳардаги вазиятни беқарорлаштираётганликда айбладилар.

Уларнинг айтишича, мамлакатнинг бошқа куч ишлатар тузилмалари вакиллари Хоруғдаги воқеалар учун ҳеч ким таъқиб қилинмаслигини билдирган бир пайтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти бўйича бошқармаси мазкур мавзе ёшларига чақирув қоғози юбориб, уларни сўроққа чақирмоқда. Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, ҳозирда Хоруғда содир бўлган воқеаларга умуман алоқаси бўлмаган ёшларга ҳам чақирув қоғози юборилаётир.

Бироқ МХДҚ раиси фуқароларнинг “асоссиз равишда таъқиб қилиниши”га оид айбловларни рад этди ва сўроққа 30 киши чақирилганини, бироқ улардан ҳеч қайси бири ҳибсга олинмаганини қайд этди. Саймўмин Ятимов йигитлар сўроққа таъқиб қилиш ёки босим ўтказиш учун эмас, балки қўлига қурол олган-олмаганини аниқлаштириш мақсадида чақирилаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 24 июл куни Хоруғ шаҳрида, махсус хизматлар маълумотларига кўра, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Абдулло Назаровнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган қуролли гуруҳларни зарарсизлантириш бўйича махсус амалиёт ўтказилганди.

Шундан сўнг Тоғли Бадахшонга ерлашган ҳукумат кучлари бир ой давомида вилоятда турли амалиётларни олиб борган, бу эса хоруғликлар орасида норозилик кайфиятининг кучайишига, маҳаллий аҳоли томонидан митинглар уюштирилишига сабаб бўлганди. Ниҳоят 24 августдан бошлаб қўшинлар Хоруғ шаҳридан олиб чиқила бошлаган, расмийлар эса норозилик митингларида қатнашганлар жавобгарликка тортилмаслигига ваъда берган.

Куни кеча хоруғликлар билан сўзлашган МХДҚ раиси Ятимов сўроққа чақирилаётганларнинг 20 нафари УПД мавзеида яшовчи ва айни пайтда ҳибсхонада сақланаётган Шерик Карамхудоев кўрсатмалари асосида чақирилганини айтди. Бироқ, учрашув иштирокчилари бўлган хоруғликлар фикрича, бу кўрсатмалар маҳбусни қийноққа солиш асосида олинган бўлиб, уларни эътиборга олиб бўлмайди.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хоруғ бўлими раҳбари Шерик Карамхудоев Хоруғда ўтказилган амалиётдан кейин йўқолиб қолган, кейинчалик унинг ҳибсда экани маълум бўлганди. Тожикистон Бош прокуратураси уни Тоғли Бадахшоннинг норасмий лидерларидан бири Имомназар Имомназаровга ҳукуматга қарши ҳарбий ҳаракатларни олиб боришда кўмаклашганликда айблаганди. Имомназаров шу йилнинг 22 август куни ўз уйида номаълум кишилар томонидан қилинган ҳужум чоғида ўлдирилган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Хоруғ ҳибсхонасида Карамхудоевга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

МХДҚ раиси Ятимов қўмитанинг Хоруғ бошқармасида маҳбус Карамхудоевга нисбатан куч қўлланилганини, унинг бошида жароҳат асоратлари борлигини тасдиқлади, бироқ “МХДҲнинг Душанбедаги ҳибсхонасига ўтказилганидан кейин маҳбуснинг барча ҳақларига риоя қилинаётгани”ни таъкидлади. Раиснинг айтишича, яқинда Карамхудоевнинг онаси ўғли билан кўришган ва унинг аҳволи дуруст эканига ишонч ҳосил қилган.

УПД мавзеида яшовчи Маҳдумо Паронаева МДХҚ раисига қурол-аслаҳасини ҳатто аноним равишда топширганлар ҳам таъқиб қилинмаслиги ҳақида аввалроқ расмийлар билан келишувга эришилганини эслатди, аммо эндиликда оналар ўз фарзандлари тез-тез сўроққа чақириб турилганидан хавотирда эканини билдирди.

“Наврўз” жамоатчилик ташкилоти вакиласи эса мавзе аёллари кичик бизнесни ривожлантириш учун 9 минг сомоний (2 минг доллар атрофида – таҳр.) пул йиғиб, уни сейфда сақлаганларини, амалиёт кунлари бино 14 кун мобайнида “Алфа” гуруҳи назорати остида бўлганини, амалиёт тугаганидан кейин эса сейф ичидаги пул йўқолганини маълум қилди. Ташкилот вакиласи МХДҚ раисидан ўғирланган маблағни эгаларига қайтариш бўйича ёрдам сўради.

Ўз навбатида, Ятимов хоруғликлар қўлида ҳали ҳам қурол-аслаҳа борлигини ва маҳаллий аҳоли уларнинг мусодара этилишига ҳукуматга кўмаклашиши лозимлигини билдирди.

- Сўраб-суриштириш давлатнинг ҳаққидир ва керак бўлса, биз ўғирликда айбланаётган “Алфа” ходимларини ҳам сўроқ қиламиз, - деди МДХҚ раиси Саймўмин Ятимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG