Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Эрта турмушга берилаётган қизлар ҳимояга олинди


Эрта турмушга узатилаётган ироқлик қизалоқ.
Эрта турмушга узатилаётган ироқлик қизалоқ.

Бу йил илк бор Халқаро Қиз болалар кунини нишонлаётган дунё жамоатчилиги қизалоқларнинг эрта турмушга берилишига чек қўйишга уринмоқда.


11 октябр — Халқаро Қиз болалар куни

2011 йилнинг 19 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси 11 октябрни Халқаро Қиз болалар куни деб белгилаш ташаббусини маъқуллаган эди.

Ассамблея қабул қилган 66/170 сонли резолюцияда дунё бўйлаб қизалоқлар ҳаётига таҳдид солаётган жиддий муаммоларни ҳал қилиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Бу йил илк бор нишонланаётган ушбу санада асосий эътибор қиз болаларнинг эрта турмушга берилишига қарши курашишга қаратилган.

Дунёнинг қатор мусулмон давлатларида кузатилаётган бу амалиёт боис 14-15 ёшли, баъзи давлатларда эса 10-12 ёшли қизлар ҳам турмушга берилмоқда.

Одатан, бундай қизлар оила аталмиш тўрт девор ичида қолиб, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва жамиятда ўз ўрнини топиш имконидан маҳрум қолмоқдалар.

Энг аянчлиси, ҳаётда ўз ҳақлари нималиги ва ҳуқуқи учун курашиш мумкинлигидан бехабар қизалоқ-келинчаклар оиладаги зўравонликка нишон бўлмоқдалар.

Афғонистон, Покистон каби йиллар давомида сиёсий ва иқтисодий нобарқарор қолган давлатларда эса бундай келинчаклар зўравонлик қурбонига ҳам айланмоқда.

Қиз болаларнинг эрта турмушга берилиши билан боғлиқ яна бир ўта хавотирли ҳолат уларнинг, баъзан, ўсмир ёшига етар-етмас ҳомиладор бўлишидир.

Иқтисодий қолоқ минтақаларда соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланмагани¸ турмушга узатилган қизлар соғлиги мустаҳкам бўлмагани боис вояга етмаганлар ҳомиладорлиги, ундан сўнг эса туғиши давомида фожиалар кўп кузатилмоқда¸ болалар ўлими даражаси ҳам кўпаймоқда.


24 ëшгача бўлган ҳар уч аёлдан бири 18 га тўлмай турмушга чиққан

Ҳалқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйлаб 20-24 ёшда бўлган ҳар уч аёлдан бири 18 ёшидан аввал турмушга чиққан.

18 ёшдан аввал турмушга чиққанларнинг чораги эса эрга берилганида 15 га ҳам етмаган бўлган.

Халқаро кузатувларга кўра, ривожланаётган давлатларда 15-19 ёшида фарзанд кўрган ўсмирларнинг 90 фоизи турмушга чиққан қизлардир ва бу ёшдаги қизларнинг ўлими сабаблари орасидаги биринчи омил ҳомиладорлик билан боғлиқ муаммолардир.

Ҳозир дунё бўйлаб қизларнинг эрта турмушга берилишига қарши курашаётган ҳуқуқ ҳимоячилари самарали чора ўлароқ таълимни илгари сурмоқда.

Бундай никоҳлар кўп кузатилаётган давлатларда қизалоқларни оммавий даражада мактаб таълимига тортиш ва мактабда ўқир экан, уларнинг турмушга берилишини ҳукуматлар назорати даражасида тўхтатиш талаб қилинмоқда.

Қизларнинг умумий таълим мактабларида ўқишини таъминлаш орқали ўсмир ва бола ёшида турмушга чиққан қиз болаларда энг кўп учрайдиган эрта ҳомиладорлик, ОИТСга чалиниш, она ва бола ўлими, оналарнинг туғруқдан кейинги ногиронлиги ва турли хилдаги хасталиклар олдини олиш мумкинлиги айтилмоқда.

Асосий талаблардан бири эса ҳалқаро қонунларда қизларнинг минимал никоҳ ёшини 18 ёш қилиб белгилаш талабидир.


Ўзбекистон қизларнинг минимал никоҳ ёшини 18 қилиб белгиламоқчи

Шу кунларда Ўзбекистон ҳукумати қонунчиликда қизларнинг никоҳ ёшини 17 ёшдан 18 ёшга кўтариш ташаббусини муҳокама қилмоқда.

Бу таклиф назарда тутилган "Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси, расмий матбуот хабарига кўра, республиканинг марказий ва маҳаллий даражадаги давлат ва жамоат ташкилотларида деярли бир овоздан қувватланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда эрта никоҳларнинг олдини олиш ҳақида ҳукумат қарори бор ва унга мувофиқ имомларга никоҳини ФҲДЁ бўлимларида қайд эттирмаган ёшларга никоҳ ўқиш ҳам тақиқланган.

Яширин никоҳлар аниқлангани ҳолида эса имомларга энг кам иш ҳаққининг бир неча баробари миқдорида жарима белгиланган.

Шунга қарамасдан Ўзбекистонда ҳам қизларнинг никоҳ ёши ва уларнинг бу ёшдан эртароқ турмушга берилиши муаммоси бор ва бу муаммо билан юзма-юз келаётганлар таълим соҳаси ходимларидир.

Боиси, 17 ёшда ҳам, бундан буён қонун билан минимал никоҳ ёши қилиб белгиланиши кутилаётган 18 ёшда ҳам қизлар мажбурий таълим муассасалари — академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўқиётган бўлади.

Таълим ходимлари кузатувига кўра, бу муассаларда ўқиётган ўқувчи қизларнинг 10 фозга яқини турмушга чиққан ва уларнинг аксарияти шаҳарларда яшаётган 16-17-18 ёшли қизлардир.

Кузатувчилар аслида мамлакатда қизларнинг никоҳ ёшини 17 дан 18 ёшга кўтариш ташаббуси ортида бу кўрсаткични мамлакатдаги мажбурий таълимни тугатиш ёшига тенглаштириш мақсади тургани ҳақида сўзламоқдалар.

Айни пайтда Ўзбекистонда амалда бўлган Оила Кодексида аёллар учун минимал никоҳ ёши 17, эркаклар учун эса 18 қилиб белгиланган.
XS
SM
MD
LG