Линклар

Тошкент яна бир Россия ширкатини ҳайдамоқда


Domfresh.uz сайтида реклама қилинаëтган маҳсулотлар.

Domfresh.uz сайтида реклама қилинаëтган маҳсулотлар.



Тошкентда яна бир Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси – “МирТехноПолимер” ширкати фаолияти тўхтатилди. Пойтахт ҳокимияти корхонадан ўз ускуналарини демонтаж қилишни талаб этмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимияти Domfresh савдо маркаси остида турли маиший тозалаш воситалари ишлаб чиқарувчи “МирТехноПолимер” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолиятига чеклов қўйди.

Бу маълумотни Озодлик мухбирига тасдиқлаган “МирТехноПолимер” қўшма корхонаси расмийси Надеждага кўра, шаҳар ҳокимияти Троллейбус депоси ҳудудида жойлашган бу корхонадан ўз асбоб-ускуналарни олиб чиқиш ва бу ҳудудни бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда.

“Биз учун бошқа жойга кўчиш ва ускуналаримиз демонтажи – бу бизнинг фаолиятимиз тўхташи деганидир”, дейди Domfresh ширкати расмийси.

- Бу ҳақиқатан рост маълумот, ҳаммаси тўғри. Бизни чиқариб юборишаяпти, бизга бошқа жой ҳам беришаётгани йўқ. Агар бизни бу ердан чиқариб юборишса, демак бизнесимизга зарар етказилади, биз маҳсулот чиқара олмаймиз. Ҳокимият шартнома асосида бизга ижарага берилган ҳудудни беришни истамаяпти, тушунаяпсизми, дейди ўзини Надежда деб таништирган Domfresh ширкати расмийси.

Ширкат вакиласининг айтишича, бу жойга олдиндан ижара ҳақи тўланган, корхона ускуналари ўрнатилган ва ремонт қилинган. У ҳокимият билан жой масаласидаги муаммолар 2011 йилнинг ўрталарида бошланганига қарамасдан, охирги пайтда уларни чиқариб юбориш масаласига жиддий киришишгани ва бунга кучишлатар тизими ходимлари ҳам жалб қилинганини маълум қилди.

- Бу ҳаракатларни улар ҳеч қанақасига изоҳлашаётгани йўқ. Бошқа қандайдир қарор асосида гўё улар бу ҳудудни бизга ижарага бера олмайди, деб тушунтиришаяпти. Эндиликда бизнинг юристимиз бу масала ечимини топиш устида ўйланаяпти, балки фақат суд орқали ҳал этиш мумкиндир. Ахир, икки қаватли бакларни демонтаж қилишнинг ўзи бўладими. Биз Domfresh маҳсулотларини 2009 йил охирларидан ишлаб чиқараётган эдик, дейди “МирТехноПолимер” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси расмийси.

“МирТехноПолимер” ширкати Тошкентда кир ювиш ва дезинфекция маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Domfresh савдо маркаси остидаги маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон, балки деярли барча МДҲ давлатларида ишлаб чиқилади.

Россия Давлат Думаси Ўзбекистондаги мулкларини ҳимоя этмоқчи

“Тадбиркорларга ёрдам бериш” ва уларни “ҳимоя қилиш” тўғрисидаги президент фармонлари эълон қилиниши ортидан Ўзбекистонда озми-кўпми муваффақиятли иш юритаётган яна бир рус-ўзбек қўшма корхонасининг синдирилаётгани Россия жамоатчилиги эътиборидан четда қолгани йўқ.

Россия Давлат Думасининг Мулкчилик масалалари бўйича қўмитаси 18 октябр куни Ўзбекистонда Россия капитали ва мулкларини ҳимоя қилиш масаласини мухокама қилади.

Бу ҳақда Озодликка Россия Думасининг Мулкчилик масалалари бўйича қўмитаси раҳбари муовини Сергей Скляров гапириб берди.

У муҳокамаларда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги россиялик сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши, жумладан МТС ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги можаро муҳокама этилишини айтди.

- Биз чет эл мамлакатларидаги Россия сармояларининг ҳимояси юзасидан умумий сиёсат ишлаб чиқишимиз зарур, аммо йиғилишнинг асосий сабаби МТС МЧЖсининг Ўзбекистондаги шўъбаси билан боғлиқ вазиятдир. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон билан дўстона муносабатларда қолаётганимизни ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Биз қандайдир санкциялар қабул қилиш ёки кимнидир нимададир айблашни истамаймиз. Биз шунчаки вазиятни муҳокама этиб, ўрганиб чиқамиз ва рус бизнеси ва сармоясига қандай кўмак етказишимиз мумкинлиги юзасидан стратегия ишлаб чиқамиз, дейди Думанинг Мулкчилик масалалари бўйича қўмитаси вакили Сергей Скляров Озодлик билан суҳбатда.

Депутат Скляровнинг вазиятни дипломатик тарзда юмшоқроқ тасвирлашга интилганига қарамасдан, қўмитанинг расмий сайтида эълон қилинган релизда "қўмитанинг “Ўздунробита” МЧЖси атрофида юзага келган вазиятдан қаттиқ хавотир билдираётгани” акс этган.

"Россиялик инвесторлар ҳуқуқлари бузилиши Россия Федерацияси билан дўстона алоқалар боғлаб турган мамлакатда содир этилмоқда. Бу мамлакат учун Россия энг йирик иқтисодий ҳамкор саналади, ўз ҳудудида миллионлаб ўзбек фуқароларини иш билан таъминлаб келади, ижтимоий хизматлар тақдим этади”, дейилади Қўмита баëнотида.

Қўмита йиғилишида Дума ва Федерация Кенгаши депутатлари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Россия Минтақаларининг иқтисодий тараққиёти вазирлиги, Федерал миграция хизмати, Россия Ҳамкорлик масалалари бўйича қўмита, Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор Россия ширкати раҳбарлари ва экспертларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Скляров йиғилиш масалалари ички формат шаклида муҳокама этилиши ва унга Ўзбекистон расмийлари ҳозирча таклиф этилмаганини ҳам қўшимча қилди.

МТС эса тортишишни давом этмоқда...

Айни пайтда МТС Ўзбекистон Олий хўжалик суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита” мобил оператори лицензиясини тўхтатиш тўғрисида Тошкент шаҳар Хўжалик суди чиқарган қарор бўйича шикоят аризасини сешанба куни кўриб чиқди.

МТСнинг Москвадаги бош қароргоҳи расмийси Валерия Кузменко суд жараёни бир ярим соат давом этгани, бироқ якуний қарор эълон қилиниши 16 октябрга қолдирилганини маълум қилди.

- Маҳкама ҳозирча 16 октябрга кўчирилди. У ерда бизнинг лицензиямизни тўхтатиш бўйича суд қарорига бўлган кассация аризамиз кўриб чиқиляпти. Тўғриси, судлашишдан бошқа ишимиз қолмади, дейди МТС расмийси.

Айни пайтда¸ Россия Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти МТС компаниясининг Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқарилгани муносабати билан очилган жиноий ишни давом эттирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG