Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Санкт-Петербургда муҳожир-фаррошлар иш ташлади



Санкт-Петербургда элликка яқин тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожири икки ойдан буён ололмаётган ойлик маошларини ундириш ниятида норозилик тадбирига қўл урди.

Муҳожир-фаррошларнинг 10 октябр кунги норозилик тадбири Санкт-Петербург шаҳар “Жилкомсервис-2” бошлиғининг иш ташловчилар ёнига келиб¸ уларга ўз ойликларини икки кун ичида ундириб беришни ваъда қилиши билан якун топди.

Норози муҳожир ишчилар етакчиси, бухоролик Соҳиб Ражабовнинг Озодлик мухбирига айтишича, “Жилкомсервис-2” бошлиғининг оғзаки ваъдаси ортидан барча норозилар иш жойларига қайтишган.

- “Жилкомсервис” бошлиғининг ўзи шахсан қора “Волга”да келиб биз билан учрашди, икки кун ичида ойликларимизни олиб бераман, деди. Биз унинг ваъдаларига кўндик, ишга қайтдик. Ваъда бажарилмаса¸ норозилик акциясини яна давом эттирамиз”, дейди Соҳиб Ражабов.

Санкт-Петербургда аксари марказий осиёлик бўлган ўн минг атрофидаги муҳожир-фаррошларнинг ойлик маоши 9 минг рубл ëки сал кам 300 долларни ташкил этади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг айтишича, бу фаррошларнинг 40-50 фоизи ўз ойлик маошларини ололмай ҳалак.

– Шуни ҳам икки ойдан буён ололмаяпмиз, дейди Соҳибжон.

Ойликлар берилмаётгани билан боғлиқ ушбу жанжалда Санкт Петербургдаги “Новые профсоюзы” деб аталувчи касаба уюшмаси марказий осиёлик муҳожирлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Уюшма раҳбари муовини Пётр Приневнинг айтишича, ушбу жанжалга ҳозир прокуратура ҳам аралашган.

- Ҳозир Адмиралтейск тумани прокуратураси бу ишни ўз назоратига олган. Санкт- Петербург шаҳар кенгаши депутатлари ҳам¸ шаҳар касаба уюшмаси бошлиқлари ҳам ҳозир бу ишга аралашган. Яқин кунларда ишчиларга ойликлари берилади, деб умид қилаяпмиз, дейди Пётр Принев.

Меҳнат муҳожирлари ҳам ҳаққини талаб қилишни ўрганмоқда

“Новые профсоюзы” вакилининг билдиришича, бу Санкт-Петербургда четдан келган муҳожирларнинг биринчи бор уюшқоқлик билан ўтказган иш ташлашидир.

- Бу муҳожирларнинг кенг жамоатчилик эътиборига етиб борган ва жамиятда акс-садо бера бошлаган биринчи норозилик акцияси десак бўлади. Сабаби¸ авваллари ҳам стихияли тарзда норозиликлар қилишган, лекин улар жамоатчилик назаридан четда қолиб кетганди, дейди Пётр Принев.

Россияда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари ҳаëтида алдамчи воситачилар ёки даллоллар қўлига тушиб қолишлар, турли баҳоналар билан меҳнати учун ҳақ ололмаслик ҳоллари кўп учрайди.

Санкт-Петербургдаги “Умид” ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон Ҳайдаровнинг айтишича, кўп ҳолларда ўзбекистонлик муҳожирлар иш берувчи билан шартномасиз ишлаши боис ойлигини талаб қила олмайди.

- Бизга жуда кўп ҳамюртларимиз ойликлари берилмаётгани ҳақида шикоят қилиб келишади. Ўртада шартнома имзоламаганликлари учун биз ҳам уларга ёрдам беришга ожизлик қиламиз, дейди Ҳайдаров.

Суҳбатдошимизга кўра, айниқса¸ қурилиш объектларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари бу каби муаммодан азоб чекишади.

“Новые профсоюзы” раҳбари муовини Пётр Приневнинг айтишича, иш берувчи ва ишчи ўртасида шартнома имзоланмаган бўлса ҳам иш берувчи айбдор бўлиб қолаверади.

- Мен муҳожир ишчилар билан гаплашдим. Улар шартнома билан ишлашни, маошлари ҳар ой пластик карточкага тушишини хоҳлашлари, лекин иш берувчи буни истамаслигини айтишади, дейди Принев.

Беш йил аввал Россияда муҳожир ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари тузилган ва ҳозирга қадар ўттиз мингдан ортиқ марказий осиёлик муҳожир бу уюшмага аъзо бўлган. Уларнинг учдан бири ўзбекистонликлардир.

Россиядаги марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг умумий сони тахминан 8 миллионча эканига ишонилса¸ бу рақам денгиздан бир томчидир. Касаба уюшмаларига ойлик аъзолик бадали 980 рублни ташкил этади ва ана шу тўловдан қочган кўпчилик муҳожирлар бундай уюшмаларга қўшилишдан ўзларини тийишмоқда.

Пётр Принев марказий осиёлик муҳожирлар ўз ҳақларини ҳимоя қилишлари учун касаба уюшмаларига аъзо бўлишни тавсия этади.

- Ҳақ талаб этиш стихияли чиқишлар билан эмас, балки касаба уюшмаларига аъзо бўлган ҳолда амалга оширилади. Масалан¸ қурилиш соҳасида ишлайсанми, шу соҳа бўйича касаба уюшмасига аъзо бўл, ҳамкабларинг сенинг хор бўлишингга ҳеч қачон йўл қўймайди, дейди Принев.

Россия қонунчилигига кўра, чет фуқаролари ҳам мамлакатдаги касаба уюшмаларига аъзо бўлишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG