Линклар

logo-print
Гурлан пахта тозалаш заводида чиққан ëнғин ҳақида Озодликка xабар берган гурланлик Жуманиëз акага кўра¸ ëнғин оқибатида завод ҳудудидаги 17 пахта уюми буткул ëнган; қолган уюмларнинг юза қисми куйган.

Гурлан пахта заводи маъмуриятида ишлайдиган ходимнинг Озодликка айтишича, 6 октябр куни ҳақиқатдан ҳам ëнғин чиққан. Ëнғинни ўчириш ишлари 7 октябр куни ҳам давом этган.

Исми айтилмаслиги шарти билан гаплашган пахта заводи xодими¸ айни пайтда ëнғин кўлами ҳақида тарқалган гапларда бўрттириш борлигини таъкидлади:

- Пахта уюмларининг фақат усти ëнди. Куйиклари олиб ташланса ичидаги пахта бутун. Заводдаги барча пахта уюмлари ëнгани йўқ. Бир қисми ëнди. Келиб кўрсангиз бўлади¸ дейди суҳбатдош.

Қасддан ўт қўйиш иддаолари

Гурландаги пахта заводида ëнғин Ўзбекистон президентининг Хоразм вилоятига ташрифидан уч кун олдин рўй бергани турли миш-мишларни урчитди.

Пахта сирлари билан таниш¸ 1985 йили пахта иши бўйича қамалиб чиққан урганчлик Ғойибназар ака назарида заводдаги ëнғин қўшиб ëзиш билан боғлиқ.

Фақат исми айтилиб овози эфирга узтилмаслигини истаган Ғойибназар ака таъкидича¸ пахта режасининг етмай қолган қисми ëнғин ҳисобидан тўлдирилади.

Илгари сурилаëтган иддаолардан яна бири эса қасддан ўт қўйиш билан боғлиқ.

Ғойибназар аканинг айтишича¸ қасддан ўт қўйишдан мақсад амал талашиш.

Ëнғин чиққан завод раҳбари ишдан олинишини истаган гуруҳларнинг иши бўлиши мумкин бу¸ дейди суҳбатдош.

Қисқа туташув

Пахта тозалаш заводи ходимига кўра¸ пахта таëрлаш заводида чиққан ëнғин оддий техника хавфсизлигига риоя қилинмаганлиги оқибатида чиққан кўнгилсиз ҳодиса:

- Чироқ ўчиб қолиб қайта ëнганида агрегатлардан учқун чиқиб кетган. Биласиз¸ пахта тез ëнади. Бошқа сабаб йўқ бу ерда¸ деган суҳбатдош айни пайтда завод ҳудуди ëнғин хавфсизлиги ходимлари билан тўла эканлигини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра ëнғинни ўчиришга вилоятдаги барча ўт ўчириш машиналари сафарбар қилинган.

Олов ичидаги оқ олтин

Бу йилги пахта мавсумида мамлакатнинг бир нечта пахта заводида ëнғин чиққан бўлса-да¸ бу ëнғинлар ҳақида Ўзбекистон матбуоти чурқ этмаяпти.

Ëнаëтган пахта хирмонлари ҳақидаги хабарлар ҳуқуқ ҳимоячиларидан келаяпти.

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қамай жамоа хўжалиги пахта қабул қилиш пунктида ҳам бу йилги пахта мавсумида йирик ёнғин чиқди.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, қабул пунктининг бир хирмони тўла ёниб кетган. Тахминий маълумотларга кўра, 100-120 тонналик пахта хирмонига кетган ўт бошқаларига ўтмасдан ўчирилган.

2011 йилнинг март ойида мазкур туман пахта тозалаш заводида йирик ёнғин содир бўлган ва бир неча юзлаб тонна пахта толаси ҳамда хом-ашё ёниб кетган эди.

Шу муносабат билан 50 дан ортиқ шахс қамоққа олинган эди.

Ўтган пахта мавсумида Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Амир Темур номли пахта қабул қилиш пункти ёниб кетгани ҳақида ëзган эдик.

Озодлик манбаларининг маълум қилишларича, ҳар бирига 200-250 тонна пахта босилган “бунт”ларнинг камида тўққизтасига ўт тушган.

Пахтани ëнғиндан асраш учун сафарбарлик

Гурлан ва Қамашидаги ëнғинлардан сўнг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бутун мамлакатда пахтани ëнғиндан сақлаш тадбирларини фаоллаштирилди.

Биргина Тошкент вилоятининг ўзида пахта йиғим-терим мавсумида фойдаланиш мўлжалланаётган 500 дан ортиқ объектнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилган.

Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Тоҳир Ориповнинг Озодликка айтишича, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган саккизта пахта тозалаш корхонаси ва уларга қарашли 25 пахта қабул қилиш масканининг ёнғинга қарши ҳолати жиддий тафтиш қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG